268-модда. Транспортнинг хавфсиз ишлашини таъминлашга доир қоидаларни бузиш
Йўловчи, пиёда, велосипед, от-улов транспортининг ҳайдовчиси ёки йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчилари томонидан, ушбу Кодекснинг 261-263, 265 ёки 266-моддаларида назарда тутилган шахслардан ташқари, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини ёки барча турдаги транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, —
Олдинги таҳрирга қаранг.
базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(268-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Ўша ҳаракат одам ўлишига сабаб бўлса, —
Олдинги таҳрирга қаранг.
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(268-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 мартдаги ЎРҚ-421-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 13-сон, 194-модда)
Ўша ҳаракат:
а) одамлар ўлимига;
б) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, —
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
269-модда. Автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва уларни қўриқлаш қоидаларини бузиш
Автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва уларни қўриқлаш қоидаларини бузиш, яъни автомобиль йўлларида ва шу йўллар учун ажратилган минтақада тегишли рухсатсиз ер ости ва ер усти коммуникациялари ўтказиш, уларни таъмирлаш, бу ишларни бажаришнинг белгиланган шартлари ва муддатларига риоя қилмаслик, ўзбошимчалик билан арклар, тўсиқлар, шлагбаумлар ёки бошқа иншоотлар ўрнатиш, йўлларга материал ва бошқа нарсаларни уюб қўйиш, йўл устини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, —
Олдинги таҳрирга қаранг.
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(269-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, —
Олдинги таҳрирга қаранг.
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(269-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги ЎРҚ-389-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 32-сон, 425-модда)
Ўша қилмиш:
а) одамларнинг ўлимига;
б) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, —
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |