ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА АВТОМОБИЛЬ ТРАНСПОРТИДА ЮКЛАРНИ ТАШИШ ҚОИДАЛАРИ Ўзбекистон республикасида автомобиль транспортида юкларни ташиш қоидалари автомобиль транспортида ташиш жараёни қатнашчиларининг ўзаро муносабатларини, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини тартибга солади, шунингдек юкларни ташишга, уларнинг сақланишига қўйиладиган талабларни ва Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида юкларни ташишнинг бошқа шарт-шароитларини белгилайди.
Ушбу Қоидаларнинг амал қилиши фуқароларга мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида тегишли бўлган автомобил транспорти воситаларини қўллаган ҳолда шахсий эҳтиёжлар учун улар томонидан бажариладиган юкларни ташишга татбиқ этилмайди.
Автомобиль транспортида хавфли, йирик габаритли ва оғир юкларни ташиш хусусиятлари алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади.
Юкларни темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво транспорти ва транспортнинг бошқа турлари билан ўзаро ҳамкорликда автомобиль транспортида ташишда юзага келадиган муносабатлар ва бундай ташишни ташкил этиш тартиби ташувчилар ўртасида тузиладиган битимлар билан тартибга солинади.
Божхона назорати остидагиюкларни ташиш Ўзбекистон Республикасининг божхона қонунчилиги талабларига мувофиқ амалга оширилади.
Юкларни автомобилда халқаро ташишлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари билан тартибга солинади.
Ушбу Қоидаларда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
ташиш шартномаси — у бўйича ташувчи унга юкни жўнатувчи томонидан ишониб топширилган юкни бориш пунктига етказиб бериш ва уни юкни олишга вакил қилинган шахсга (юкни олувчига) топшириш мажбуриятини олган, юкни жўнатувчи эса юк ташилганлиги учун белгиланган тўловни тўлаш мажбуриятини олган битим;
ҳайдовчи — ташувчининг вакили ҳисобланган ва автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахс;
юкни жўнатувчи — юкнинг мулкдори номидан иш кўрувчи ёки ташиш шартномаси бўйича юкнинг мулкдори ҳисобланган жисмоний ёки юридик шахс;
юкни олувчи — юкни олишга ваколат берилган ва юкка доир илова ҳужжатларида кўрсатилган жисмоний ёки юридик шахс;
юк — юкни олувчига бериш учун юкни жўнатувчидан ташишга қабул қилиб олинган моддий бойликлар. Юк товардан ва тарадан иборат бўлади. Юкнинг соф оғирлиги «нетто», таранинг оғирлиги — тара, тара билан биргаликда товарнинг умумий оғирлиги «брутто» деб аталади;
юк ўрни — автомобиль транспортига юклашда ёки туширишда уни ташиш ёки юкни олувчига топшириш учун қабул қилиш учун юкнинг шартли бирлиги;
мижоз — юкни жўнатувчи, юкни олувчи, экспедитор;
тиркама — автотранспорт воситаси томонидан шатакка олинадиган ва ўз энергия манбаига эга бўлмаган юкларни ташиш учун хизмат қиладиган автотранспорт воситаси;
тиркама аравалар — узун ўлчамли юкларни ташиш учун қўлланиладиган тиркаманинг бир тури;
ярим тиркама — тўлиқ массасининг бир қисми ўтирғич қурилмаси орқали ўтиргич шатакчига бериладиган тиркаманинг бир тури;
пакет — тагликда ёки унингсиз битта йирик жойга шакллантирилган ва механизациялаштирилган усулда юклаш, жойни ўзгартириш ва тушириш бўйича операцияларни бажариш имконини берадиган майда тарали ёки тарасиз донали юклар туркуми;
ташувчи — мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларда автотранспорт воситасига эгалик қилувчи, юкларни ташиш бўйича тижорат асосида хизматлар кўрсатувчи ва бунга лицензияга эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;
йўл варақаси — автотранспорт воситасининг ишини аниқлаш ва ҳисобга олиш учун белгиланган намунадаги юридик ҳужжат;
тез бузиладиган юклар — уларни сақлаш учун ташишда махсус ҳарорат ва санитария-гигиена режимларига риоя этиш талаб қилинадиган юклар;
контейнер — камида 1 м3 ҳажмли, товарларни тарасиз, бирламчи ўрамда ёки енгиллаштирган тарада ташиш учун мўлжалланган кўп марталаб фойдаланиладиган тара;
товар-транспорт юкхати — транспорт жараёнининг қатнашчилари учун ягона бўлган, товар-моддий бойликларни ҳисобдан чиқаришга, уларни йўлда ҳисобга олишга, кирим қилишга, омбор, тезкор ва бухгалтерия ҳисоби учун, шунингдек юк ташилганлиги учун ҳисоб-китоб қилиш ва бажарилган ишнинг ҳисобини юритиш учун мўлжалланган ҳужжат.