44-модда. Суғориладиган ерлар
Қишлоқ хўжалигида фойдаланиш ва суғориш учун яроқли бўлган, сув ресурслари шу ерларни суғоришни таъминлай оладиган суғориш манбаи билан боғланган доимий ёки муваққат суғориш тармоғига эга бўлган ерлар суғориладиган ерлар жумласига киради.
Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари суғориладиган ери бўлган ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларни суғориш ишлари учун манбаларнинг серсувлигини ҳисобга олган ҳолда жорий этилган лимитлар бўйича сув тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган тартибда сув билан таъминлашлари шарт.
Суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим. Бундай ерларни суғорилмайдиган ерлар сирасига ўтказиш алоҳида ҳолларда, тупроқ-мелиоратив ва иқтисодий шароитларни ҳамда ерларнинг сув билан таъминланганлигини, улардаги мавжуд сув ресурсларини ва бу сувларга белгиланган лимитларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда вилоят ҳокими қарорига биноан амалга оширилади.
1. Ўзбекистон рЕспубликасининг Ер кодексида биринчи бор суғориладиган ерлар тушунчаси ва унинг хусусиятлари кўрсатиб берилди. Шу мақсадда “Ер кодекси”нинг 44 моддаси талабларини шарҳлаш катта аҳамиятга эгадир.
Мазкур моддани 3 қисмга бўлиб шарҳлаш мумкин. 44- модданинг 1 қисмига асосан, “Қишлоқ хўжалигида фойдаланиш ва суғориш учун яроқли бўлган; сув ресурслари шу ерларни суғоришни таъминлай оладиган суғориш мангбаи билан боғланган доимий ва муваққат суғориш тармоғига эга бўлган ерлар суғориладиган е5рлар жумласига киради” деб кўрсатилган.
Демак, суғориладиган ерларга қишлоқ хўжалигида фойдаланишга ва суғоришга яроқли бўлган ва ҳудудида суғориш манбаси билан алоқадор доимий суғориш шахобчаларига (каналлар, қувурлар, лотоклар, қудуқлар, ариқлар ва ҳ.к.) эга ерлар киради.
Суғориш шахобчаси бўлган ерларга барча суғориладиган ерларга барча суғориладиган ерлар, шунингдек, суғориш манбаси билан алоқадор соз ёки ремонт қилиниши талаб этиладиган доимий суғориш шахобчаси булган ерлар киради.
Суғориладиган ерларнинг чегараси ерларнинг сифат маълумотлари ва суғориш мақоми бўйича, шунингдек хўжалик юритишнинг таркиб топган шакллари ва бошқа шароитлари асосида табиий кўринишда белгиланади.
Доимий суғориладиган ерларга қишлоқ хўжалик экинлари йилнинг маълум даврларида етарли даражада доимий суғорилиб туриладиган ерлар киради.
Қишлоқ хўжалик экинларини суғориш белгиланган норомаларда сув билан таъминланмайдиган, лекин алоҳида даврларда етарли даражада суғориладиган ерлар шартли равишда суғориладиган ерларни ташкил этади.
Шунингдек, суғориладиган ерлар таркибига ҳовуз, тўғон, кўл (кўлмаклар), кичик сув иншоотлари каби сув манбаларидан суғориладиган, шунингдек, саноат, транспорт, қўриқхоналар ва бошқа корхоналарнинг сув билан таъмин этилган ерлари ҳам киради.
2. Ўзбекистон Республикасининг умумий ер майдони 44,9 млн. Гектар бўлиб, қишлоқ хўжалик тармоғига ажратилган ерлар 28 млн. Гектарни (яъни 62% ни ) ташкил этади. Шундан 23 млн гектари саҳро ерларида жойлашган яйловлар, 0,7 млн.га яқин лалми ҳайдаладиган, 4,3 млн.га яқини эса суғориладиган ерларни ташкил этиб, бу 15% ҳудудни ўз ичига олади. Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистоннинг ер майдони катта бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза этилиши лозимдир.
Бозор шароитларида суғориладиган ерга жуда катта эътибор берилиши лозим, чунки қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 95% ана шу тоифасига кирадиган ерлардан олинади. Суғориладиган ерлар эса, бу чекланган бойлик бўлиб, Республикамизнинг олтин фондидир.
3. Юқорида кўрсатилан талаблар, Ўзбекистон Республикасининг “Ер кодекси”ни 8 моддасида мустаҳкамланиб, унинг 1 бандига асосан: қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар – қишлоқ хўжалиги эхтиёжлари учун берилган ёки ана шу мақсадга мўлжалланган ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар – қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ёки шу мақсадга мўлжалланган ерлар. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар суғориладиган ва суғорилмайдиган ерлар (лалмикор) ерлар, ҳайдаладиган ерлар, пичанзорлар, яйловлар, кўп йиллик мевали дов-дарахтлар ва токзорлар эгаллаган ерларга бўлинади-деб кўрсатилган.
Демак, суғориладиган ерлар юқорида кўрсатилагн ер тоифаларидаги ерларга нисбатан алоҳида тартибга эга бўлиб, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш жараёнида ҳам ўз ҳусусиятига эга бўлади.
4.Республикамизда ер ресурсларининг, жумладан суғориладиган ерларнинг ҳуқуқий ҳолатига алоҳида эътибор берилиб, қабул қилинган бир қатор қонун ва ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Булар жумласига, “Табиатни муҳофаза қилиш”, “Сув ва сувдан фойдаланиш” “Қишлоқ хўжалиги кооперативи(ширкат хўжалиги)”, “Фермер хўжалиги”, “Деҳқон хўжалиги”, “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги қонунлари ва 1998 й. 30 апрелда қабул қилинган “Ер кодекси” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26 ноябрь 1994 йилги “Ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 15 июлдаги 300-сонли “Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини фуқароларга узоқ муддатли ижарага бериш тартиб” тўғрисидаги йўриқномаси билан, Президентининг 24 июль 1998 йилги “Ер ресурслари давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг сув кадастрини юритиш тартиби тўғрисида”ги 7 ноябрь 1998 йил № 11 Низоми ва бошқа бир қатор экологик ҳамда аграр қонун, қарор ва меъёрий ҳужжатларни кўрсатиш мумкин.
Шунингдек, кейинги йилларда бозор иқтисодиёти шароити талаби асосида ер ресурсларига, жумладан суғорма ерларга нисбатан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу муносабат билан қабул қилинган жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамамининг 5 ноябоь 2003 й. №486 сонли “Қишлоқ хўжалигида ижара муносабатларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари (янги таҳрирдаги) 26 август 2004 йилги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18 октябрь 2005 йилги “Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳузуридаги давлат геодезия назорати инспекцияси тўғрисидаги, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати тўғрисидаги, давлат кадастрлари ягона тизимини яратиш ва юритиш тартиби тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 15 октябрь “Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслар,геодезия ,картография ва давлат кадастри давлат қўмитасини ташкил қилиш тўғрисида”ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 июлдаги “Юридик шахслар ва фуқароларнинг бинолари ҳамда иншоотлари билан банд бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги фармонлари ҳам суғорма ерлардан фойланиш ва муҳофаза қилиш борасида янги талабларни қўяди.
Демак, барча ердан фойдаланувчи ва ер эгалари, ижарачилар суғорма ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш жараёнида юқоридаги қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилишлари лозим.
“Ергеодезкадастр” давлат қўмиатсидан олинган маълумотларга қараганда, Республикамиз қишлоқ хўжалиги экинлари майдони 25683,9 минг гектар ерни ёки умумий ер фондининг 60,1 %ни ташкил этади. Мавжуд қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ташкилотларига тегишли ернинг умумий ҳудуди эса 22371,3 минг гектарга тенг бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш зарур. (1 Халқ сўзи, 2007 йил 24 январь).
5. Изоҳланаётган модданинг 2 қисмига асосан, қишлоқ ва сув хўжалиги органлари суғориладиган ери бўлган ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларни суғориш ишлари учун манбаларнинг серсувлигини ҳисобга олган ҳолда шарт этилган лимитлар бўйича сув тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган тартибда сув билан таъминлашлари шарт- деб кўрсатилган.
Суғориладиган ерлардан фойдаланишнинг хусусиятли томони ҳам шундаки, суғорма ерларда ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар ҳам ердан фойдаланувчи, ҳам сувдан фойдаланувчилар бўлиб ҳисобланадилар. Чунки, суғорма ер, сувдан фойдаланиш эвазида суғориладиган ерлар тоифасини ташкил этади. Демак, ер ва сувдан фойдаланувчилар суғориладиган ерлардан фойдаланиш жараёнида ер ва сув қонунчилиги талабларига ҳам риоя қилишлари лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунининг 35 моддасига мувофиқ (ЎзбР Олий Кенгашининг Ахборотномаси 1993 й. 5-сон, 221-м.) суғориладиган ерларда сувдан фойдаланувчилар сувдан фойдаланишнинг белгиланган лимитга риоя қилишлари зарур. Бу ҳолатда лимитлар деганда сув объектларидан суғорма ерларни суғориш учун сув олиш режаларини тушуниш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1993 йил 3 августдаги 385 сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сувдан чекланган миқдорда фойдаланиш бўйича вақтинчалик тартиб”га мувофиқ, юридик ва жисмоний шахслар фақат рўйхатдан ўтказилган сув олиш иншоотлари ва сувдан махсус фойдаланишаг рухсатномалари бўлган тақдирда сув олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Мазкур қарорга асосан, сув олишнинг чекланган миқдорлари сув хўжалиги органлари томонидан сув манбаларининг тахмин этилган ва ҳақиқий серсувлигини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалигидаги сувдан фойдаланувчилар учун йилига 2 марта ва суғориш билан боғлиқ бўлмаган сувдан фойдаланувчилар учун 1 марта белгиланади.
6 “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 112-моддасига ва Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 7 январдаги 11 сонли “Ўзбекистон Республикасининг Давлат сув кадастрини ишлаб чиқиш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низомини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, сувларнинг давлат ҳисоби, Давлат кадастрини юритиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология Бош бошқармаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги Вазирлиги, (сувдан фойдаланиш бўйича) ва Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси (ер ости сувларини тақсимлаш бўйича) томонидан амалга оширилади.
Демак, суғориладиган ерларда суғориш ишларини олиб боришда юқорида кўрсатилган ҳуқуқий манбалар асосида, ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар сувдан фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир.
7. Шарҳланаётган модданинг 3-қисмига кўра “Суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим. Бундай ерларни суғорилмайдиган ерлар сирасига ўтказиш алоҳида ҳолларда, тупроқ-мелиратив ва иқтисодий шароитларни ҳамда ерларнинг сув билан таъминланганлигини, улардаги мавжуд сув ресурсларини ва бу сувларга белгиланган лимитларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда вилоят ҳокими қарорига биноан амалга оширилади”-деб кўрсатилган.
Мазкур модданинг 3-қисмида кўрсатилган талабга асосан, суғориладиган ерларни махсус муҳофаза қилишдан мақсад, биринчидан, у бошқа тоифадаги ерларга нисбатан суғориш мақсадида фойдаланилиши ҳамда ушбу мақсадда сув билан таъминланиши, иккинчидан, бошқа тоифадаги ерларга нисбатан у кўпроқ қишлоқ хўжалик тизимида фойдаланилиши ; учинчидан, ушбу категория ерлари бошқа категория ерларидан фарқ қилиб, бир неча баробар кўп ҳосил олиниши; тўртинчидан бошқа тоифадаги ерларга нисбатан бир неча баробар сувдан фойдаланилиши ҳамда ҳосилдорлик қатламига бой бўлиши; бешинчидан, суғорма ерларни бериш чоғида, яъни бошқа к атегорияга ўтказишда алоҳида назарат этилиши ва бошқа бир қатор хусусиятлари билан фарқ қилади.
8. Суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар сирасига ўтказиш алоҳида иқтисодий аҳамият касб этиб, айрим ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Бунда суғориладиган ерларнинг тупроқ-мелиаратив ҳолати, яъни уни ҳосилдорлик сифатини, иккинчидан, уларни сув билан таъминлаш холати ва иқтисодий шароитини инобатга олиш; учинчидан, ушбу категория ерлардаги мавжуд сув ресурслари ҳамда белгиланган лимит асосида фойдаланиш имконига қараб вилоят ҳокими Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда ҳал этиши мумкин бўлади.
Зеро “Ер кодекси”нинг 4-5 ва 6 моддаларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳамда туман ҳокимиятлари ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатларга эга бўладилар.
9. Суғориладиган ерларда сувдан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш ҳам катта аҳамият касб этиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитасининг 1997 йил 28 ноябрдаги 38/97-100 сонли “Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги йўриқномаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирилиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитасининг 1998 йил 4 январдаги “1998 йилда корхоналар ва ташкилотларга солиқ солиш тартибдаги ўзгартиришлар тўғрисида”ги 04-02-05/2/98-02 сонли хати ҳамда “Солиқ кодекси” асосида ва бошқа ҳуқуқий меъёрий ҳужжатларга биноан амалга оширилади.
Юқоридаги, ҳуқуқий ҳужжатларга асосан суғориладиган ерларда сувдан фойдаланганлик учун солиқ амалда олинган сувнинг ҳажмидан келиб чиқиб, ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунига қадар тўланади.
Йилнинг чораги давомида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун тўлайдиган солиқнинг умумий суммаси энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан кам бўлган корхоналар солиқни йилнинг ҳар чорагида бир марта, йил чораклари бўйича молиявий ҳисоботларни топшириш учун белгиланган муддатларда тўлайдилар.
Қишлоқ хўжалик корхоналари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни бир йилда бир марта жорий йилнинг 15 декабрига қадар тўлайдилар.
10. Суғориладиган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”нинг 90- моддасига биноан турли жавобгарликлар қўлланилиши мумкин.
Жумладан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 65-66-67-68-72-74-75-76 моддаларига асосан суғориладиган ерлар ва ундаги сув ресурсларидан нотўғри фойдаланганлик ҳамда тегишли талаб ва қоидаларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик қўлланилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 194-195-196-197-201-203 моддаларига асосан, суғориладиган ерлардан фойдаланиш, уни экологик муҳофаза қилиш ва бошқа талабларни амалга оширмаганлик ёки тегишли талаб қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам кўрсатилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |