41-модда. Ер участкаларига
бўлган ҳуқуқларнинг кафолатлари
Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорлари фаолиятига давлат, хўжалик органлари ва бошқа органлар ҳамда ташкилотларнинг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг аралашуви тақиқланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг бузилган ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тикланиши керак.
Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланиши керак.
Жисмоний шахсларга берилган ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун мазкур шахсларнинг хоҳишига кўра туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарори билан аввалги ер участкаси билан айнан бир хил ер участкаси ажратилгач, шу ер участкаси олиб берилаётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар олиб қўйилаётган ер участкасининг ўрнига янги жойда уй-жой, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иморатларни қуриб берганидан кейин ҳамда ушбу Кодекснинг 86-моддасига мувофиқ бошқа барча зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкин.
Давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги корхоналарининг, қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот муассасаларининг, тажриба ва ўқув хўжаликларининг ерлари уларнинг хоҳишига кўра олиб қўйилаётган иморатлар ўрнига уй-жойлар, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иморатлар қуриб берилганидан кейин ҳамда ушбу Кодекснинг 86-моддасига мувофиқ бошқа барча зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкин.
Юридик ва жисмоний шахслар мулкида бўлган савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектини, шунингдек уй-жой бинолари ҳамда бошқа биноларни ёки биноларнинг бир қисмини улар жойлашган ер участкаси билан бирга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиш, шунингдек уларни мусодара қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорлари ўзларига бериб қўйилган ер участкаларидан фойдаланишда мустақилдирлар. Улар ажратиб берилган ер участкасида мустақил хўжалик юритиш, экин турларини мустақил белгилаш (пахта ва ғаллага нисбатан давлат буюртмаси бундан мустасно), етиштирилган маҳсулотни мустақил айирбошлаш ҳуқуқига эгадирлар. Ер эгаларининг - (фермер хўжалиги, деҳқон хўжалиги, қишлоқ хўжалик кооперативи (ширкат хўжалиги), хўжаликлараро ташкилотлар, хизмат кўрсатиш корхоналари (магазин, ошхона, ҳаммом, маиший хизмат уйлари) ва бошқалар) ердан фойдаланиш соҳасидаги мустақилликлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ер кодекси, Фермер хўжалиги, Деҳқон хўжалиги, Қишлоқ хўжалик кооперативлари (ширкат хўжалиги), тўғрисидаги қонунларда белгиланган. Ушбу қонунларда кўрсатилишича, ер эгаларининг фаолиятига давлат, хўжалик органлари ва бошқа вазирлик, давлат идораларининг аралашуви таъқиқланади.
Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар, ер участкаси мулкдорларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланади ва ҳимоя қилинади. Ер тўғрисидаги қонун ерлардан самарали фойдаланаётган субъектларнинг ердан фойдаланиш бўйича ҳуқуқларини муҳофаза этади. Тадбиркорларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаш деганда, қонунда белгиланган тартибда ердан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқларни ҳамда қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш, ер участкаларини ғайри қонуний равишда олиб қўймаслик, ўзбошимчалик билан эгаллаб олмаслик, етказилган зарарни қоплашга қаратилган чора-тадбирлар йиғиндиси тушунилади.
Ер тўғрисидаги қонун аввало қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ноқишлоқ хўжалик эҳтиёжларига ўтказишдан ҳимоя этади. Айниқса суғориладиган ерларни бошқа тоифага ўтказишга алоҳида ҳоллардагина йўл қўйилади. Бунда қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги идоралари, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш идоралари билан келишиб амалга оширилиши, ўта зарур шарт-шароитлар вужудга келгандагина берилиши лозим. Ер кодексининг 44-моддасига кўра суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар сирасига ўтказиш алоҳида ҳолларда, тупроқ-мелиоратив ва иқтисодий шароитларни ҳамда ерларнинг сув билан таъминланганлигини, улардаги мавжуд сув ресурсларини ва бу сувларга белгиланган лимитларни инобатга олиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда вилоят ҳокими қарорига биноан амалга оширилади. Қишлоқ хўжалиги корхоналари фойдаланишида бўлган алоҳида қимматга эга унумдор суғориладиган ерлар суғорилмайдиган ерлар жумласига ўтказилмайди, алоҳида ҳолларда корхоналар, бинолар, ва иншоотлар қурилиши учун беришга эса Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан йўл қўйилади (Ер кодекси 45-модда).
Ер қонунчилиги ер эгалари, фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларнинг ерларини асоссиз равишда тортиб олишдан, олиб қўйишдан ҳимоя қилади. Чунончи, Ер кодексининг 37-моддасида кўрсатилишича, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишича туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади. Агар ер эгаси ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаса бу қарорлар устидан судга шикоят қилиши мумкин.
Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда етказилган зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади. Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2006 й. 97-сон Қарорига илова сифатида қабул қилинган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида” ги Низомда белгиланган. Низом ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш тартибини, шунингдек ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан бузилаётган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва кўчириб ташланган дов-дарахтлар учун фуқароларга ва юридик шахсларга тўлов миқдорини ҳисоблаб чиқиш тартибини белгилайди.
Ер эгалари, ижарачиларнинг, мулкдорларнинг ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишдан ҳимоя қилиниши Ер кодексида алоҳида белгиланган. Ушбу кодекснинг 91-моддасига биноан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-ҳаражатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади. Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
Юқорида айтилганлардан ташқари, Ер қонунчилиги ер эгалари ва фойдаланувчиларнинг ишлаб чиқариш фаолияти даврида уларга етказилган зарар, нобудгарчиликнинг ўрнини қоплаш масаласини ҳам ҳал қилган. Ер кодексининг 86-моддасида кўрсатилишича, ер участкасидан фойдаланувчига етказилган зарар (шу жумладан бой берилган фойда)нинг ўрни қуйидаги ҳолларда тўла ҳажмда қопланади: ерлар олиб қўйилган, қайта сотиб олинган ёки вақтинча эгаллаб турилганида; сув ҳавзалари, каналлар, коллекторлар, шунингдек қишлоқ хўжалиги экинлари ва дов-дарахтлар учун зарарли моддалар чиқарадиган бошқа объектлар қуриш ва улардан фойдаланишнинг таъсири ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳосил камайишига ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифати ёмонлашувига олиб борадиган бошқа ҳатти-ҳаракатлари оқибатида ерларнинг сифати ёмонлашган тақдирда қопланиши керак. Етказилган зарар айбдор корхона, ташкилот томонидан қопланади.
Жисмоний шахслар эгалигида бўлган ер участкалари ўта зарур ҳолларда ва фақат қонунда белгиланган ҳоллардагина давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин. Шундай зарур ҳолатларга жисмоний шахс эгалигидаги ер участкасидан йўл ўтиши лозимлиги, аэропорт қурилиши мумкинлиги, қувур йўллари ўтказиш зарурияти туғилиши ва шунга ўхшашлар киради. Жисмоний шахсларнинг эгалигида бўлган ер участкалари давлат ва жамоат эҳётижлари учун олиб қўйилганда уларга бўлиши лозим бўлган уй-жой, иморатлар, бинолар бошқа ер участкаси ажратилиб қуриб берилиши керак. Бу ҳаражатлар ер участкасини олиб қўяётган корхона, муассаса, ташкилот ҳисобидан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |