32-модда. Ер участкасининг плани. Ер участкасининг чегараларини жойнинг ўзида белгилаш
Ер участкасининг плани-ер участкасининг топографик плани бўлиб, қабул қилинган белгиларга мувофиқ унда муайян ер участкасининг чегараларида вақт жиҳатидан энг сўнгги ер тузилиши лойиҳасига мувофиқ сўнгги бор суратга олинган пайтдаги бутун вазият ва рельеф кўрсатилади.
Ер участкасининг чегараларини жойнинг ўзида ва хариталарда дастлабки тарзда белгилаш ажратиб бериш учун ер участкаси танланган вақтда уни бериш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар амалга оширилади.
Ер участкасининг планини ва тавсифини тузиш, жойнинг ўзида унинг чегараларини белгилаш ишлари ер тузиш хизмати органлари томонидан бажарилади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади.
Ер участкасининг тасдиқланган плани ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларнинг ажралмас қисми бўлиб қолади. Ер участкалари планларининг асли кадастр ишига доир ҳужжатлар орасида сақланади, нусхалари эса ер участкаси олувчига берилади.
Ер участкасининг плани ва тавсифини тайёрлаш, марза белгиларини ўрнатиш, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, ер участкаси олувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.
Гувоҳномага ер участкасининг чегаралари чизмаси (плани) илова қилинади. Унда қуйидагилар кўрсатилади: чегараларинг бурилиш нуқталари, уларнинг тартиб рақамлари, чизиқлар узунликлари; гидрография тармоқлари элементлари (дарёлар, кўллар) ва участканинг чегаралари ҳисобланган чизиқли объектлар (йўллар, каналлар ва бошқ.); берилаётган ер участкаси чегараси ичидаги (бегона ердан фойдаланишлар) бошқа мулкдорлар, эгалар ва фойдаланувчилар ер участкаларининг чегаралари ва кадастр тартиб рақамлари; ерлардан фойдаланиш чекланган ёки махсус фойдаланиш тартиби ўрнатилган ҳудудлар (минтақалар) чегаралари ва тартиб рақамлари; участка қисмларидан фойдаланиш бўйича бошқа ҳуқуқий ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари билан чекланган худудлар чегаралари.
Чизма масштаби ер участкасининг шаклидан келиб чиқиб, унда чегараларнинг бурилиш нуқталарини кўрсатиш мумкинлигини ҳисобга олиб, танланади.
Чизма икки нусхада тайёрланади. Асосий нусха гувоҳнома рўйхатга олинган жойда сақланади. Гувоҳномадаги барча маълумотлар тушда ёки ёзув машинкасида (компьютер-да) ёзилади.
Ер участкасини қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ижарага берганда ижарага берувчи ва ижарачи орасида «Ижара шартномаси» тузилади, у ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи беради. Шартномага «Ижарага бериладиган ерларнинг плани» ва ерлар экпликацияси илова қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |