Минерал хом-ашё ресурслари саноат ишлаб чиқариш ёки курорт хўжалигини ривожлантириш базаси сифатида тавсифланади. Уларнинг тарқалиш майдонлари эса тарҳий чекланиш сифатида хизмат қилади, ишлаб бўлинган майдонлар рекультивация ва хўжалик мақсадлари учун кейинчалик фойдаланиладиган ҳудудлар сифатида қаралади.
Минерал хом-ашё ресурслари тавсифланганда қуйидаги кўрсаткичлар: жойлашиши, тури, очилган йили, заҳира бўйича катталиги (энг катта, катта, ўрта, кичик), ўзлаштириш даражаси бўйича (ишлатилаётган, ишлатишга тайёрланаётган, разведка қилинаётган, келажак майдони), ҳозирги ва лойиҳавий қазиб олиш, қазиб олишдаги йўқотишлар; ишлаб чиқиш усуллари (ер ости, очиқ, ишқорлаш орқали), йиллар бўйича заҳира билан таъминланганли; заҳираларнинг кўпайиш келажаги (майдони ва чуқурлик бўйича); қазиб олинаётган хом ашёнинг стандартларга мослиги, қазилманинг рентабеллиги, хом-ашёнинг истеъмолчилари, қазилма бойлигининг баланс заҳираси кабилар ҳисобга олинади. Бундан ташқари қазилма бойликларининг айрим турлари бўйича прогноз заҳиралари келтирилади.
Маълумот манбаи бўлиб геология бошқармалари материаллари хизмат қилади.
Инженер-геологик шароитларнинг таҳлили геоморфологик, геологолитологик, гидрогеологик, гидрологик, инженер-геологик омилларнинг батафсил тавсифномасини ва уларнинг саноат ва граждан қурилишига таъсирини баҳолашни ўз ичига олади. Бунда қатор табиий омилларнинг ўзаро таъсирининг йиғиндиси бўлган ноқулай физик-геологик жараёнларни ўрганиш алоҳида ўрин тутади. Бунинг натижасида турли даражада сел, емирилиш, карст пайдо бўладиган, кўчкили чўкиш, сейсмик жараёнлар тарқалган туманлар ажратилади. Бунда иншоотлар асослари тупроқларига бўлган, йўл қўйиладиган юкланишлар, ер ости сувларининг чуқурлиги, сув босиш эҳтимоли, тепалар қиялиги, текисликнинг горизонтал бўлиниши, карст жараёнлари, кўчки жараёнларининг тури ва интенсивлиги, жарлар тармоғи ҳисобга олиниши керак. Юқоридагилардан ташқари антропоген омиллар: сунъий сув ҳавзаларининг мавжудлиги, (уларнинг режими ва ер ости сувларига таъсири),минерал хом-ашё ресурсларини ишлаб чиқиш характери ҳамда уларнинг ноқулай физик-геологик жараёнлар ривожланиш тезлигига таъсири ҳам ҳисобга олиниши лозим. Комплекс геологик-гидрогеологик экспедициялар, геологик фонд материаллари асос бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси турли хил фойдали қазилмаларга бой, унда минерал ресурсларнинг 750 тури мавжуд. Ўзбекистоннинг табиий - иқлимий шароитлари 1-расмда акс эттирилган.
Шаҳарсозлик, лойиҳавий-тарихий ишлар табиий-иқлимий туманлаштириш материаллари асосида амалга оширилади, жумладан:
- Ўзбекистоннинг умумий туманлаштириш;
- чангли бўронлар давомийлиги бўйича Ўзбекистон худудини туманлаштириш;
- шамол режими бўйича туманлаштириш;
- заррачалар ёйилиш шароитлари бўйича туманлаштириш;
- сел хавфли туманлар жойлашув чизмаси;
- сейсмик туманлаштириш;
- сув режими чизмаси;
- шаҳар қурилиши максадлари учун туманлаштириш;
- агроиқлимий туманлаштириш;
- оммавий дам олишни ташкил этиш шароитлари бўйича туманлаштириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |