15.2. Пардозбоп бетоннинг қисқача тарихи
Бетон ва темирбетоннинг келиб чиқиш ҳамда ривожланиш жараёни тарихий аҳамиятга эга. Бетон бу - сунъий конгломерат бўлиб, ўн етти асрдан бери мавжуд. Боғловчилар - ҳар даврда ҳар хил бўлган. Мисрликликларда, куйдирилган оҳак ва қўшилмалардан ташкил топган. Юнон ва римликлар олдинига куйдирилган оҳак билан, кейинчалик эса, пуццоланли (Италиядаги шаҳар номи, биринчи топилган жойи) цемент қўллашган. Уни вулқон кули ва оҳак аралашмасидан тайёрлашган.
1852-1853 йилларда француз Ф.Куанье ўзининг лойли бетон конструкцияларини қуриш борасидаги билим ва малакасини бетон конструкцияларини қуришда ишлатди. Хусусан, Париж четида жойлашган Сен-Дени шаҳарчасида кимёвий фабрика барпо этди. Куанье бетоннинг максимал мустаҳкамлигига эришиш йўлида, унинг таркибида арзон тўлдирувчилар қўллаган, у биринчи бор - клинкер, кул ва қумни ишлатган. Фабрика деворларини қуришда пардозлаш ишлари деярли олиб борилмаган. Тайёр бетон юзасида, эстетик эффект олиш мақсадида Ф.Куанье қоришма таркибидаги кул ўрнига рангли қум ишлатиб, безакли девор қурган.
Қурилиш техникасининг ривожланишини кейинги босқичи, бетон ва темирнинг биргаликда ишлатилиши бўлди. Бетон эндигина ишлатила бошлаганда ундан аввал қўлланилган қурилиш ашёларига ўхшатиш ниятида бўлишган.
Биринчи бор бетон, айнан бетон сифатида (унинг безакли ва фактуравий хоссаларини мужассам этган ҳолда) 1889 йил Стенфорд музейи қурилишида қўлланилган. У ерда бетон юзасининг устки қатламига майдаланган рангли тўлдиргичлар ботирилиб безакли фактура ҳосил қилинган.
Бетон юзасини безакли қилиб унинг конструктив хоссаларини сақлаган холда пардозлаш ишларида қўлланиши, ўтган асрнинг 20-йилларида амалга оширилди. Ушбу янгилик Огюст Перре томонидан Париждаги Гаврни қайта таъмирлаш ишларини олиб борганида қўлланилган. Қурилиш ишларида Перре йиғма темирбетон ва буюмларни қўллаган. Бино қисмларининг кўп қисми, бетоннинг стандарт опалубкасидан (бўлажак бинонинг ёғочдан қилинган қолипи), айнан қурилиш кетаётган жойнинг ўзида тайёрланган. О.Перре бетонни пластиклик хусусиятидан фойдаланиб, унга турли шакллар берган. Бетон юзасида, ёғоч қолипнинг излари атайин қолдирилган. Бу излар ўзига хос бир суръат ташкил қилган. Шунингдек, бетон юзасидан устги қатлам олиниб, рангли йирик тўлдиргичларнинг ўзига хос жилоси намоён этилган.
Бетон ва темирбетоннинг конструктив ва безакли хоссаларининг аҳамиятини бир неча юз йиллик қурилиш амалиёти тимсолида кўриш мумкин. Қўлланиш жараёнининг ҳар бир босқичида янгидан-янги услублар ҳосил бўлди.
Бугунги кунга келиб ҳам, рангли бетоннинг ҳамма имкониятларини амалда тўла ишлатилмаяпти.
Do'stlaringiz bilan baham: |