Ер ҳуқуқи тушунчаси ва предмети (бино-иншоотлар хуқуқи хақидаги маълумотлар 19-20 марузаларда келтирилади)
Ҳар бир давлатда ер ва унга боғлиқ муносабатлар барча ижтимоий-иктисодий ва сиёсий воқеаликларнинг марказида турувчи масаладир. Янгидан барпо этилаётган жамият ўзининг иқтисодий ривожини дастлаб ерга нисбатан муносабатни ўрнатишдан бошлайди. Шу боисдан тарихда инқилобий туб ўзгаришларда бош масала ҳокимиятни эгаллаш бўлса, ерга мулкчилик масаласи унинг узвий қисми бўлиб ҳисобланган [13]. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1991 йил 31 августда қабул қилган «Давлат мустақиллиги тўғрисида»ги Баёнотида: «Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатларга ҳудудий даъволари бўлмай, у ўз ҳудуди ва унинг табиий бойликларига нисбатан олий ҳуқуққа эгадир»,-деб, ёки шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги 1991 йил 31 август Қонунида «Республика ҳудудида ер, ер ости бойликлари, сув ва ўрмонлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси табиий ва бошқа ресурслар, республиканинг маънавий бойликлари Ўзбекистон Республикасининг миллий бойлиги ва мулки ҳисобланади»,-деб таъкидланиши бежиз эмас
Сиёсий ҳокимиятга эгалик қилган ижтимоий кучлар ер ва унинг бойликларига нисбатан ўз ҳокимиятини ўрната олмасалар, улар қўлга киритган бу ҳокимият илдизсиз дарахт мисолидир. Шу боисдан ҳам давлат ерни моддий бойликлар асоси сифатида ўз миллий ҳуқуқ таъсирига қонунлаштирган ҳисобланиб, ҳар битта давлатнинг ер ҳуқуқи, деб эътироф этилади. Ер ва унинг бойликлари миллий юрисдикция таъсирига олинганлиги ерга нисбатан ҳуқуқий муносабатлар вужудга келишини талаб этади. Ер атрофида вужудга келган ва вужудга келиши мумкин бўлган муносабатларнинг аксарият қисмини ер ҳуқуки тартибга солади.
Ер ҳуқуқининг учта тавсифларда тушунчалари бор [13].
Биринчиси, ер ҳуқуқи Ўзбекистон ҳуқуқ тизимининг мустақил ҳуқуқ тармоғидир. Ер ҳуқуқида ҳар бир ҳуқуқ тармоғи учун зарур бўлган белгилар мавжуддир, яъни а) у ўз махсус предметига эга: б) у ўз махсус ҳуқуқий тартибга солиш услубига эга; в) давлат шу соҳадаги ижтимоий муносабатларни алоҳида тартибга солиб туради; г) у алоҳида гуруҳланган ҳуқуқий-норматив актлар мажмуасига эга.
Иккинчиси, ер ҳуқуқи Ўзбекистон ҳуқуқ фанининг бир соҳасидир. Шу ўринда унга фанга тегишли бўлган барча ҳусусиятлар тегишли бўлади.
Учинчиси, ер ҳуқуқи махсус ўқув курсидир. Унинг ўқув курси сифатидаги хажми, мазмуни ва мақсадлари ҳар хил даражадаги ўқув муассасалари учун ҳар хил бўлиши мумкин. Ушбу фандаги илмий-назарий тушунчалар, қарашлар, муаммолар ва уни ривожлантириш масалалари бу фаннинг моҳиятини ташкил этади.
Мустақил ҳуқуқ тармоғи сифатидаги ер ҳуқуқи, ҳуқуқ фанининг бир соҳаси бўлган ер ҳуқуқи ва ўкув курси ер ҳуқуқи ҳеч қачон бир-бирига ўхшамайди.
Демак, Ўзбекистон ер ҳукуқи ўз тартибга солиш предметига эга. Бунда ҳуқуқ нормалари тартибга солиши керак бўлган барча ижтимоий муносабатларнинг марказида ер туради.
Ҳуқуқ тизимининг алоҳида тармоғи сифатида ер ҳуқуқи махсус тартибга солиш услубига эга. Бу услубнинг қўлланишини илмий тупроқ унумдорлигини тиклаш ва ошириш, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди.
Ер ҳуқуқи тартибга солиши учун хизмат қиладиган норматив-ҳуқуқий базага эга. Унинг таркибига Конституция, Ер кодекси ва ер муносабатларини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари киради. Бу база батамом шаклланган бўлиб, у борган сари такомиллашиб ва ривожланиб бораверади.
Давлат ҳокимиятининг бутун механизми ер ҳуқуқи амал қилиши, мақсадларига эришиши ва ривожланиши учун доим манфаатдордир.
Маълумки, ҳуқуқ предмети деб, ижтимоий фаолият жараёнида вужудга келиб, қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган эркин муносабатлар тушунилади. Умумэътироф этилган ушбу қоидага асосланиб айтиш мумкинки, ер ҳукуқининг предмети, яъни унинг тартибга солиш доирасига қисқа қилиб айтганда ер туфайли вужудга келадиган эркин ижтимоий муносабатлар киради.
Ер туфайли вужудга келган ҳамма ижтимоий муносабатлар ҳам ер ҳуқуқининг предметини ташкил этавермайди. Уларга ерга нисбатан мулкчилиқ ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлган муносабатлар киради. Бу муносабатлар қисқача холда ер муносабатлари деб аталади.
Ер муносабатларининг доираси жуда кенг бўлиб, фақатгина ер ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинмайди. Ер ҳуқуқи нормаларини маъмурий ҳуқуқбузарлик тарзида бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларининг қўлланилиши маъмурмй ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинади. Қишлоқ хўжалик кооперативлари (ширкат хўжаликлари), фермер ва деҳқон хўжаликлариннинг ердан фойдаланиш ҳуқуқи биргина ер ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинмасдан, балки аграр ҳуқуқ нормалари билан ҳам тартибга солинади.
Шундай қилиб, ер ҳуқуқи муносабатлари аграр, хўжалик, фуқаролик, маъмурий, молия ва бошқа ҳуқуқлар билан хам тартибга солинади. Ер ҳуқуқи муносабатлари бошқа ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинганда ўз табиати ва ҳусусиятини йўқотмайди.
Ер Ўзбекистонда давлат мулк ҳуқуқининг объекти бўлиб ҳисоблансада, айрим ҳолларда пул баҳосига эга бўлган товар деб қаралиши мумкин. Ер кодексида ернинг айрим участкалари сотилиши, аукционда сотилиши, ижарага берилиши, мерос қилиб қолдирилиши ва гаровга қўйилгани акс эттирилган.
Ер ҳуқуқи тартибга соладиган ер муносабатларининг доирасини ҳам шартли равишда аниқлаш мумкин. Бу ер ҳуқуқи предметига ер билан боғлиқ ҳамма муносабатлар киравермаслигини англаш учун керак.
Ер ҳуқуқи ер билан боғлиқ лекин иқтисодий тавсифга эга бўлмаган, яъни фойдаланиш ва муҳофазага алоқадор бўлмаган муносабатларни тартибга солмайди. Масалан, ер маъмурий-ҳудудий бошқарув муносабатларида объект бўлаётган бўлсада, бунда у давлат ҳокимиятининг таъсир доираси сифатида қаралиб, бу соҳадаги муносабатлар давлат ёки маъмурий ҳуқуқ билан тартибга солинади.
Ер ҳуқуқи иктисодий тавсифга эга бўлиб, фойдаланиш ва муҳофаза қилишга бевосита боғлиқ бўлмаган муносабатларни ҳам тартибга солмайди. Масалан, яхлитланган рента муносабатлари ер ҳуқуқи билан тартибга солинмайди, чунки у бевосита ердан фойдаланиш мобайнида вужудга келмайди. Ердан фойдаланиш мобайнида вужудга келган натижалар (масалан, олинган ҳосил) товар ишлаб чиқариш жараёнини ҳарактерлангани ва мулкий муносабатлар тоифасига тааллуқли бўлгани учун бундай муносабатлар фуқаролик, молия, маъмурий ва бошқа ҳуқуқлар билан тартибга солинади.
Демак, ер ҳуқуқининг предмети деб, ер ҳуқуқи вазифаларига жавоб берадиган, бевосита ерга нисбатан мулкчилик, ундан фойдаланиш, ва муҳофаза қилиш борасида вужудга келадиган ижтимоий муносабатларга (ер муносабатларига) айтилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |