ЖИНСИЙ АЪЗОЛАРНИНГ ҚОН, ЛИМФА ТОМИРЛАРИ ВА НЕРВ ТИЗИМИ
Жинсий аъзолар қон ва лимфа томирлари тармоғи билан мўл-кўл таъминланган. Ички жинсий аъзоларни қон билан таъминлаб турадиган асосий манбалар бачадон ва тухумдон артерияларидир, буларнинг охирги бўлимлари бир-бири билан анастомозлар ҳосил килади. Жинсий аъзоларнинг ҳамма артериялари бир номдаги веналар билан бирга давом этиб боради.
Жинсий аъзоларнинг лимфа йиғиб оладиган лимфа томирлари чов, ёнбош, бел-думғаза, аорта лимфа тугунларига ва бошқа тугунларга боради.
Жинсий аъзолар иннервацияси жуда мураккаб. Унда симпатик ва парасимпатик нерв тизими, шунингдек орқа мия нервлари иштирок этади. Жинсий аъзолар фаолиятини олий нерв марказлари идора этиб туради.
КИЧИК ЧАНОҚДАГИ ЮМШОҚ ТЎҚИМАЛАР
Чаноқ тубидаги мускуллар кичик чаноқ ичидаги аъзоларнинг нормал жойлашиши ва топографик ҳолатининг нормал ҳолатда бўлишида катта аҳамиятга эга.Чаноқ тубидаги мускуллар туғиш вақтида чўзилиб,ҳомила туғилишини осонлаштиради.
Чаноқ туби мускул ва фасциялардан ташкил топган, энига чўзилган бўлади, мускуллар бир-бирига мингашиб жойлашган ҳолатда кичик чаноқ чиқиш йўлини беркитиб туради. Агар ташқи жинсий аъзодан ва чот оралиғидан тери ҳамда тери ости ёғлари олиб ташланган деб фараз қилсак, у ҳолда без чаноқ тубининг пастки биринчи қават мускулларини кўрамиз. Бу мускуллар тўрт томонидан ўртага (марказга) қараб келади ва пайлари билан ўзаро бирлашади. Бу жой пайлар маркази (centrum tendineum) деб аталади.
Чаноқ туби қуйидаги уч қават мускулдан иборат.
а) пастки қават учта мускулдан, яъни m. constictor cuni, m. sphincter ani eхternus ва бир жуфт m. transverses perinea superfacialis дан иборат. Бу учала мускулнинг жойлашиш тартиби кишига “саккиз” (8) рақамини эслатади. Бундай жойлашиш чаноқ тубига катта мустаҳкамлик беради.
Чаноқ тубининг пастки қаватида, юқорида айтиб ўтилган мускуллардан ташқари, жуфт m. ischio cаvernosus ҳам бўлади. Бу мускул қуймич дўмбоғидан клиторнинг ғовак танаси томон йўналган бўлади.
б) чаноқ тубининг ўрта қавати учбурчак фасциаль-мускул пластинкадан иборат бўлиб, қов равоғига ўрнатиб қўйилганга ўхшайди. Бу мускул пластинкани сийдик-таносил диафрагмаси (diaphragma urfgenitale) деб аталади,
Сийдик-таносил диафрагмаси иккита мускулдан, яъни чот оралиғидаги чуқур кўндаланг мускул (m. transverses perinei profundus) ва сийдик чиқариш канали билан қинни қисувчи (m.sfincter urethro vaginolis) мускуллар тўпламидан иборат. Булар бир томондан сийдик чиқариш йўлини ва иккинчи томондан қинга кириш тешигини ўраб олади.
в) чаноқ тубининг устки (чаноққа нисбатан ички) қаватини орқа тешикни кўтарувчи мускул (m. levator ani) ёки чаноқ тўсиғи (diaphragma pelvis) деб аталган мускул ташкил килади.Бу мускул ўзининг икки оёғи билан қинни ва сийдик чиқариш йўлини икки томондан ҳамда тўғри ичакни орқа томондан ушлаб туради. Бу чаноқ тубиниг асосий мускули ҳисобланади унинг учта шохи бўлиб,булар pubococsigio, iliococsigio, ishiococsigio деб аталади. Ҳар учала шохи дум суягига ёпишади.Туғруқда бутнинг иккинчи даражадаги йиртилишида шу мускул йиртилади, албатта буни тикиш керак бўлади, акс ҳолда ички жинсий аъзолар топографиясига путур етади. Жинсий аъзолар пастга жойлашиб, ҳатто бачадон пастга тушиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |