2. Бўлимларда санитария-гигиена тартибларини сақланиши
2.1. Беморларнинг шифохонага ётқизилиши “тоза” беморлар учун алоҳида ва йирингли-септик инфекциялар ёки жарроҳликдан кейинги асоратларга эга беморлар учун алоҳида олиб борилиши керак.
2.2. Режали равишда операция қилинадиган беморлар шифохонага ётқизилишидан аввал амбулатория-поликлиника шароитида текширувлардан ўтказилиб ётқизилади. Шифохонада ҳарбир ортиқча ётган кун ШИИни юқтириб олиш хавфини оширади.
2.3. Жарроҳлик стационарларидан (бўлимларидан) беморларни чиқариш, уларнинг соғлигини ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади.
2.4. Беморларни қариндошларига, танишларига кириб кўриш рухсат этилади. Бўлимда беморларни келиб кўриш тартиби даволаш муассасаси маъмурияти томонидан белгиланади.
2.5. Аҳволи сутка давомида кузатув ва даволашни талаб этмайдиган беморлар учун беморларнинг кундузги даволаниши бўлими (БКДБ) ташкил этилади. БКДБга бирламчи қабул (расмийлаштирилиши) қабул-кўрув бўлимида амалга оширилади, бу ерда кўрикдан сўнг шифокор томонидан касаллик тарихи тўлдирилади.
2.6. БКДБларидаги санитария-эпидемияга қарши тартиблар жарроҳликка ихтисослашган шифохоналарда (бўлимлари) ўрнатилган тартибларга мувофиқ бажарилиши керак.
2.7. Ишловчи ходим ҳарбир бемор билан ишлаётганда эпидемиологик жиҳатдан касалликни юқтириб олмаслик чораларига амал қилиши лозим.
2.8. Қўлқоплардан фойдаланиш ёки фойдаланмасликдан қатъий назар, бемор билан мулоқот қилишдан олдин ва мулоқотдан кейин, қўлқоп ечилгандан сўнг ва ҳар доим қон, биологик суюқликлар, ажратмалар, касаллик келтириб чиқиш эҳтимоли мавжуд бўлган буюмлар ҳамда жиҳозлар билан мулоқотда бўлганда қўлларни ушбу санитария қоидасининг 1-иловасига мувофиқ гигиеник тозаловдан ўтказилади.
2.9. Қон, секрет, экскретлар сачраб кетиши эҳтимоли бўлган муолажалар, операцияларни бажаришга киришилаётганда, ходим ниқоб ва кўзни ҳимоялайдиган мослама (кўзойнак,қалқонча(щитки)) тақиб олиши керак. Шахсий ҳимоя воситаларини қай бири ифлосланган бўлса алмаштириб олинади. Ҳимоя воситаларини бир маротаба ишлатиладиганидан фойдаланиш афзалроқ ҳисобланади.
2.10. Беморларнинг чойшабларини алмаштириш ифлосланишига қараб 7 кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади. Беморларнинг чиқиндилари билан ифлосланган чойшаблар зудлик билан алмаштирилиши керак.
2.11. Бўлимда ифлосланган чойшабзларни йиғиш ушбу санитария қоиданинг 1-иловасига мувофиқ амалга оширилади.
2.12. Тиббий ходим ва беморларнинг пойафзаллари матоси дезинфекция воситалари билан тозаланадиган бўлиши ҳамда санчиладиган, кесиладиган буюмлардан ҳимояланадиган бўлиши керак.
2.13. Муолажа хонасида, палаталарда, коридорларда ва ҳожатхоналарда жорий ва мукаммал тозалов ушбу Сан.ҚваМнинг 3-иловасига мувофиқ ўтказилади.
2.14. Йирингли септик инфекциялар (Й.С.И) билан даволанаётган беморлар палаталарида бир кунда 3 марта тозалов ўтказилади. Шундан 1 мартаси дезинфекцион воситалар билан амалга оширилади.
2.15. Барча тозалов анжомлари, жиҳозлар, аппаратуралар белгиланиши (маркировкаланиши) керак ва қатъиян белгиланиши бўйича фойдаланилади, махсус ажратилган жойларда сақланади.
2.16. Беморлар шифохоналардан чиқарилгандан кейин палатада дезинфекцияловчи воситалар ёрдамида мукаммал тозалов ўтказилади, бемор ўринларига тоза чойшаблар солинади.
2.17. Дезинфекция воситалари санитария хоналарида тайёрланган саналари кўрсатилган ҳолда сақланиши керак. Кичик тиббий ходим дез.воситалардан фойдаланиш қоидаларини билиши керак.
2.18. Айнан бир ходим “тоза” бўлимда ҳамда йирингли бўлимда (палата) хизмат кўрсатмаслиги керак. Фақат битта бўлим мавжуд бўлган ҳолларда ходим аввал тоза жароҳатли беморларга сўнгра Й.С.И беморларга хизмат кўрсатиши керак. ШИИ профилактикаси мақсадида эпидемияга қарши чора-тадбирларни бажарилишига қатъий амал қилиниши керак. Фақат битта махсус кийимдан фойдаланиш таъқиқланади. Махсус кийимлар “тоза” бўлим ва “йирингли” бўлим (палата) учун алоҳида бўлиши шарт.
2.19. Беморда инфекциялар (грипп, герпес, ичак тизимида бузилишлар ва шу кабилар) мавжуд бўлганда жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши керак бўлган ҳолларда касаллик юқиш йўлларини (ҳаво томчи, турмушдаги мулоқот) ҳисобга олган ҳолда алоҳидалаш (изоляция) тизими бўйича палата ажратилади, ушбу хона бемор чиқарилгунга қадар изолятор ҳисобланади. Ишловчи ходим махсус ҳимоя воситалари билан ишлайди.
2.20. Зарарли омиллар мавжуд бўлган жойларда ишлайдиган тиббий ходимлар Ўз.Рес.ССВнинг амалдаги буйруқлари талаблари асосида текширувлардан ўтади.
2.21. Тиббий анжомлар 0,5%ли таркибида хлор сақловчи эритмаларга 10 дақиқага ёки (бошқа дезинфектантларга белгиланган концентрацияда) ботирилади, кейин анжомлар сувда ювилади, сўнгра кўп маротаба фойдаланиладиган тиббий анжомлар МСБга топширилади.
2.22. Бир маротаба фойдаланиладиган тиббий анжомлар амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ утилизация қилинади.
2.23. Жароҳат юзасига тегадиган, қонга тегадиган ёки дори воситаларни юборишда кўп маротаба ишлатишга мўлжалланган тиббий анжомлар фойдаланиб бўлиши билан жойида дезинфекция қилинади.
2.24. Тиббий анжомларни стерилизациядан олдинги тозалови, стерилизацияси ушбу Сан.ҚваМнинг 2-иловасига мувофиқ ўтказилади.
2.25. Санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари томонидан чоракда бир марта (ҳаво, ташқи муҳитдан суртма, стерилликка анжомлар, боғлов материаллари ва бошқалар) лаборатория назоратидан ўтказилади.
2.26. Бактериологик текширув натижалари “инфекцион назорат ҳайъати” йиғилишларида муҳокама этилади ва барча алоқадор шахсларга натижаси етказилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |