GRAMMATIKA: SO‘ZLARNING SHAKL VA MA’NO MUNOSABATIGA KO‘RA TURLARI.
MA’NODOSH SO‘ZLAR (SINONIMLAR)
Талаффузи, ёзилиши ҳар хил, бирлаштирувчи маъноси бир хил бўлган сўзларга синонимлар дейилади. Синонимлар бир сўз туркуми доирасида бўлади. Масалан, сезгир, зийрак, ҳушёр, сергак, тийрак – сифат; қобилият, лаёқат, истеъдод, талант, салоҳият, уқув – от; жўшмоқ, ёнмоқ – феъл.
Бир умумий (бирлаштирувчи) маъноси билан ўзаро боғлануви сўзлар гуруҳига синонимик қатор дейилади. Масалан, нур, шуъла, ёғду, зиё; айб, нуқсон, қусур, иллат, нуқс. Бу синонимик қаторларда нур ва айб сўзлари доминанта саналади.
Синонимик қатордаги сўзлар бир-бирларидан қайсидир белги-хусусиятларига кўра фарқланиб туради. Синонимларнинг айни маъно англатиши, маъно умумийлигига эга бўлиши дейилганда, маънода тенглик тушунилмайди. Аслида сўзлар маъноларига кўра ҳар жиҳатдан тенг келмайди. Шунинг учун ҳам сўзлар алоҳида-алоҳида лексик бирликлар сифатид яшаш имкониятига эгадир.
Синонимларнинг қуйидаги турлари мавжуд:
1.Идеографик синонимлар. Бу турдаги синонимлар ўзаро маъно қиррасига кўра фарқланади. Масалан, аниқ, равшан, ёрқин сўзлари бир синонимик қаторга бирлашса ҳам, маъно қирраларига кўра фарқланади. Аниқ фикр, равшан фикр, ёрқин фикр. Бу мисолларда белги даражаси аниққа нисбатан равшанда, равшанга нисбатан ёрқинда кучлидир.
2.Услубий синонимлар. Бу турдаги синонимлар ўзаро услубий баҳо бўёқдорлиги жиҳатидан фарқланади. Масалан, гавдали, жуссали, барваста, қоматдор, барзанги. Бўёқдорлик даражаси гавдалида нейтрал, жуссали, барваста, қоматдорда ижобий бўёққа эга, барзангида салбий бўёққа эга.
3.Нутқий синонимлар. Бу турдаги синонимлар ўзаро нутқий хосланиш белгисига кўра фарқланади. Масалан, нур – умумнутққа хос, ёғду – бадиий нутққа хос сўз; яна – умумнутққа хос, тағин – сўзлашув нутқига хос.
4.Контекстуал синонимлар. Синонимия тил бирликлари орасидаги муносабат асосида туғилади. Лексик қўллаш асосида синонимия ҳосил бўлмайди. Чунки лексик қўллаш лексик маъно деб қаралмайди. Лексик маъно билан лексик қўллаш орасидаги синонимик муносабат контекстуал синимлар деб номланади. Масалан, адиб, ёзувчи, автор, синонимик қатори маълум контекстда Ойбек атоқли отига контекстуал синоним бўлади.
5.Абсолют синонимлар. Ҳар жиҳатдан бир-бирига тенг бўлган синонимларга айтилади. Масалан, сурат – расм, сўров – савол, хабар – дарак, агитация – ташвиқот, тема – мавзу. Бундай синонимлар лексик дублетлар ҳам деб аталади.
Синонимлар тилда икки асосий ҳодиса натижасида пайдо бўлади:
Тилда янги сўзнинг пайдо бўлиши натижасида.
Тилда мавжуд бўлган сўзнинг янги маъно касб этиши натижасида.
Тилда янги сўзлар икки йўл билан ҳосил бўлади: 1) бошқа тиллардан янги сўз ўзлаштириш асосида. Масалан, севги (ўзбекча) – муҳаббат (арабча), от (ўзбекча) – исм (арабча), манглай (ўзбекча) – пешона (тожикча), қўшин (ўзбекча) – армия (русча);
Тилда бор сўзлар асосида сўз ясаш орқали ҳосил бўлади. Масалан, вазифа – топшириқ, маош – ойлик.
2.Сўзларнинг янги маъно касб этиши ҳам синонимларни юзага келтиради. Масалан, ўрин – жой, ўрин – лавозим.
Тилда синонимларнинг аҳамияти катта. Фикрни аниқ, мақсадга мувофиқ ифодалаш учун хизмат қилади. Булардан ташқари, синоним сўзлардан жуфт сўзлар ҳам тузилади: ор – номус, бахт – саодат каби.
Do'stlaringiz bilan baham: |