Назорат саволлари
1. Стандартлаштиришнинг самарадорлиги қандай баҳоланади?
2. Стандартлаштиришнинг иқтисодий самарадорлигини аниқлаш қандай тизимларга асосланган?
3. Ишлаб чиқариш босқичида иқтисодий самарадорликни ҳисоблаш учун нималар аниқланиши лозим?
4. Муомала ва истеъмол босқичларида иқтисодий самарани ҳисоблаш учун нималар ҳисобга олинади?
5. Интеграл самара қандай аниқланади?
2.6. Стандартлаштириш дастурларининг самарадорлигини аниқлаш
Олинган ишлаб чиқариш ва молиявий натижалар кўп жиҳатдан уларнинг техник иқтисодий асослаш босқичида қанчалик тўғри башорат этилганлигига, яъни инновацион лойиҳанинг самарадорлик кўрсаткичлари қанчалик ҳақиқатга яқин эканлигига боғлиқ.
Ушбу масалани батафсил кўриб чиқайлик. Самарадорлик – фойдалилик демакдир, иқтисодий самарадорлик эса пул бирликларида, яъни сўмларда ифодаланган фойдалиликдир.
Иқтисодий самарадорлик ҳисоби, одатда, инновацион лойиҳалар самарадорлигининг қуйидаги турлари бўйича амалга оширилади:
унинг бевосита иштирокчилари учун лойихани амалга оширишнинг молиявий оқибатларини инобатга олувчи молиявий самарадорлик;
лойиҳани амалга оширилишининг регионал, маҳаллий бюджетга молиявий таъсирини ҳисобга олувчи бюджет самарадорлиги;
лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бўлган молиявий ҳаражатларни ва натижаларни ҳисобга олувчи умумиқтисодий самарадорлик.
Сўнгги йилларда стандартлаштиришни ривожлантиришда катта ўзгаришлар бўлди, алоҳида стандартлар ўрнига стандартлаштириш дастурларини ишлаб чиқилмоқда.
Стандартларни ишлаб чиқишда мақсадга йўналтирилган дастурли режалаштириш усули асосий ҳисобланади.
Стандартлаштириш дастурларини ишлаб чиқишда объектга кўра бир-биридан фарқ қиладиган 2 та йўналиш мавжуд.
Стандартлаштириш объекти бўлиб, технологик изчилликда (хом ашё, материаллар, дастгоҳлар, технология ва ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, метрологик таъминот, бевосита тугалланган маҳсулотни ишлаб чиқариш) олинган тугалланган маҳсулот ёки йирик ташкилий системалар, масалан, ишлаб чиқаришни конструкторлик тайёрлаш, ишлаб чиқаришни технологик тайёрлаш ёки маҳсулотни ишлаб чиқаришга қўйиш бўлиши мумкин.
Дастурлар самарадорлигини асослаш алоҳида стандартлар самарадорлигини асослашга нисбатан ўзига хос томонларга эга. ҳисоблаш ишлари биринчи бўлиб тугалланган маҳсулот турларидан бошланади, аста-секин дастурнинг ҳар бир даражасидан ўтиб, қуйидагиларни аниқлашга имкон берадиган бир қатор босқичларни ўз ичига олади:
тугалланган маҳсулот, хом ашё ва материаллар сифати;
сифати яхшиланган тугалланган маҳсулот турларини қўллашдан йиллик иқтисодий самара;
дастурнинг ҳар бир даражаси бўйича алоҳида, боғлиқ бўлмаган манбалардан олинадиган қўшимча иқтисодий самара;
дастурга ҳамда норматив техник хужжатлаштириш комплексини ишлаб чиқиш ва жорий этишга кетган жами ҳаражатлар;
иқтисодий билан бир қаторда бошқа самаралар турини тавсифловчи кўрсаткичлар;
дастур умумий самарасининг улуши сифатида стандартлаштириш иқтисодий самарадорлиги қиймати.
Вақт омилини ҳисобга олишда алоҳида тўхталиб ўтиш керак.
Дастур бўйича ишларни амалга ошириш босқичма-босқич амалга оширилади. ҳар бир босқични амалга оширишга эса маълум вақт ҳамда ҳаражатлар талаб қилинади. Дастур самарадорлигини ҳисоблашнинг мураккаблиги, одатда, интеграл самара олиш имконини бермайди, шунинг учун ҳам тахминий ҳисоб сифатида йиллик самарани аниқлаш билан чекланиш мумкин.
Ташкилий системалар бўйича стандартлаштириш дастурларида тўхталадиган бўлсак, бунда уларни ишлаб чиқиш, сўнгра ишлатишда системалар самарадорлиги билан чекланиш керак. Мисол учун корхонада маҳсулот сифатини бошқаришнинг комплекс системаси жорий этилаётган бўлсин. У ҳолда ушбу мақсадларга сарфланаётган ҳаражатларнинг самарадорлигини аниқланиш муаммоси пайдо бўлади. Уни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин, у бир неча йиллар давомида такомиллаштириш, тузатишлар киритиш билан қўлланилади. Бундай ҳолатда мана шу системанинг ишлашидан олинаётган самарани аниқлаш масаласи юзага келади.
Худди шундай ёндошув бошқа системалар, масалан, технологик, конструкторлик, ишлаб чиқаришни тайёрлаш, маҳсулотни ишлаб чиқаришга қўйиш босқичлари учун ҳам тегишлидир. Умумиқтисодий самара билан бир қаторда молиявий самара олиш ҳам муҳим элемент ҳисобланади.
Корхонада бу системалар бевосита самарасиз ҳаражатларнинг қисқариши, фойданинг кўпайиши ҳисобига самарадорлигини ошириш манбаси бўлиб ҳисобланади.
Системалар самарадорлигини аниқлашнинг мураккаб услубий масаласи – бу бевосита системанинг самарасини олишдир. Мантиқий нуқтаи назардан қарасак, системалилик, яъни амалга ошириладиган ишларни қаттиқ тартибга солинган бўлишининг ўзи ҳам қўшимча самара келтиради. Уни соф ҳолда ажрата олиш ҳар қандай иҳтиёрий системанинг самарадорлигини аниқлашга имкон берган бўларди.
Ушбу масаланинг мураккаблиги ҳозирги кунда ушбу соф самарани ажратиб олиш имконини бермайди ва у система фаолиятининг самарасиз ўз ифодасини топади.
Иқтисодий самаранинг ишонарли қийматини олишнинг муҳим шарти самараларни вариантлар бўйича таққослашдир. Буни амалга ошириш қуйидаги параметрлар бўйича таъминланади.
янада сифатлироқ маҳсулот ишлаб чиқариш орқали қондирилган эҳтиёжнинг ҳажми бўйича;
қондирилган эҳтиёжнинг соҳаси ва диапазони бўйича, шунингдек маҳсулотни ишлатиш шароитлари бўйича;
вақт омили бўйича;
маҳсулотни ишлаб чиқариш ва истеъмолнинг ижтимоий оқибатлари бўйича;
маҳсулотни ишлаб чиқариш ва ишлатишда атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатищ даражаси бўйича.
Энг муҳим ҳолатлардан бири сифат бўйича қабул қилинган базис ҳамда қабул қилинган вариантларни таққослашдир. Вариантларни сифат бўйича таққослаш мумкинлиги – у ёки бу вариант фойдасига қарор қабул қилишнинг умумий баҳосидир. У қабул қилинган сифат кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.
Сифат даражасини белгилаш баҳоланаётган маҳсулотнинг сифат кўрсаткичларини таққослаш асоси қилиб қабул қилинган базис маҳсулотнинг сифат кўрсаткичлари билан таққослашга асосланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |