АҚУ қурилмалари межаник ва электр АҚУ қурилмаларига бўлинади. Механик АҚУ қурилмалари ҳозирги вақтда камдан кам учрайди ва асосан эскитдан ишлатиб келинаётган айрим виключателларнинг юкли ва пружинали юритмаларида мавжуд. Улар юритмага бириктирилган бевосита ишлайдиган релелар таъсирида ҳаяллаш вақтисиз ишлайди. Улар учун оператив ток манбаси ҳам зарур эмас. Лекин механик АҚУлар ишлаётган вақтда юритманинг ишлашига салбий таъсир қилувчи кучли зарбий механик юкламалар юзага келади. Механик АҚУнинг яна бир камчилиги унинг ҳаяллаш вақтига эга эмаслигидир.
Электр АҚУларда бундай камчиликлар йўқ. Улар ўзгармас ёки ўзгарувчан (жумладан, тўғриланган) оператив токда тайёрланиши мумкин
2.7.4. Ўзгарувчан оператив токли АҚУ қурилмалари
Агар ўзгарувчан оператив ток манбаси мавжуд бўлса автоматик қайта улашни юкли ёки пружинали юритмага эга бўлган виключателларда ҳам амалга ошириш мумкин. Уларнинг бошқариш схемасида (23.17-расм) ҳар хил ёрдамчи контактлар бўлади. Юритманинг қандай элементлари билан алоқада бўлишига боғлиқ ҳолда уларни қуйидаги уч гуруҳга бўлиш мумкин:
1-гуруҳ контактларининг ҳолати пружинанинг ҳолати ўзгарганда ўзгаради. Масалан, , включателнинг улаш электромагнитини бошқарувчи Q.6 контакт пружина тўла тортилганда узилади, пружинанинг тортилмаган ҳолатида эса уланади. Яна бир шундай контакт Q.4 тескари тартибда ишлайди, яъни у пружина тўла тортилганда узилади, пружинанинг тортилмаган ҳолатида эса уланади;
2-гуруҳ контактлари (Q.1, Q.2, Q.3) юритманинг вали билан боғланган вавиключателнинг ҳолати ўзгарганда уларнинг ҳолати ҳам ўзгаради;
3-гуруҳ контактларига авария контакти деб аталувчи Q.5 контакт киради.У виключател уланганда уланади ва шундай ҳолатда қолади. Фақат виключател оператив узилгандагина узилади.
Конкрет автоматика схемаларида юқорида келтирилган ёрдамчи контактларнинг баъзилари бўлмаслиги ҳам мумкин. Агар схемада бир неча виключателларнинг бошқариш занжирлари кўрсатилган бўлса виключателларга мос равишда контактлар учун рақамли белгилашлар киритилади. Масалан, Q2 виключател учун Q2.1, Q2.2 ва ҳ.к.
2.17-расм. Ўзгарувчан оператив токда бажарилган юкли ва пружинали юритмага эга бўлган АҚУ қурилмаларининг схемалари
2.17-расмда кўрсатилган схемаларда ҳамма виключателларнинг ёрдамчи контактлари виключателларнинг асосий контактлари узилган ва уловчи пружинаси тўла тортилган ҳолатга мос келадиган тарзда кўрсатилган. Пружина М электродвигател ёрдамида тортилади. Пружина тортилаётган вақтда Q.6 контакт узилган ҳолатда бўлиши сабабли виключателнинг уланишига йўл қўйилмайди. Пружина тўла тортилганда Q.6 контакт уланади ва элекетродвигател занжирига кетма-кет уланган Q.4 контакт узилади. Виключателни улаб-узиш учун SB1 ва SB2 тугмали виключателлардан фойдаланилади. Дарҳол ишлайдиган АҚУ ни амалга ошириш учун SB1 виключателнинг контактига параллел равишда авария контакти Q.5 уланади. Бунда қайта улаш фақатгина виключател реле ҳимоясининг таъсирида узилгандан кейин амалга ошиши мумкин.
Муваффақиятли АҚУ дан кейин виключател уланган ҳолатда қолади. Агар АҚУ муваффақиятсиз бўлса накладка қўлда SX2 ҳолатга ўтказиб қўйилади. 2.17,а-расмда кўрсатилган схеманинг камчиликларидан бири қўлда бажариладиган операциянинг мавжудлигидир. Бундай камчиликни бартараф қилиш учун Q.5 ёрдамчи контактга кетма-кет виключателнинг ёрдамчи импульс контакти Q.3 уланади (2.17,б-расм). Бундай контакт ПП-67 юритмада мавжуд.
Дарҳол ишлайдиган электр АҚУлар механик АҚУлар сингари айрим камчиликларга эга. Масалан, , улар ишлаётганда механик зарбалар вужудга келиб юритманинг ишлашини қийинлаштиради. Бундан ташқари уларда токсиз пауза жуда кам (0,2…0,3с) бўлганлиги сабабли қисқа туташувлар сўниб улгурмаслиги мумкин. Бундай камчиликларни бартараф қилиш учун схемага вақт релеси КТ киритилади (2.17,в-расм).