Бозор кучи: бозор томонидан қабул қилинадиган бизнинг максимал сотув нархимиз имтиёзли рақобатчининг нархига қандай нисбатда?
Унумдорлик: бир маҳсулот бирлигига тўғри келадиган харажатларимиз (бирлик харажатлар) имтиёзли рақобатчиникидан кўпми ё камми?
Горизонтал ўқ бозор қабул қиладиган максимал нархга, вертикал ўқ эса ишлаб чиқариш харажатларига мос келади.
Бу икки катталик имтиёзли рақобатчидаги шу катталикларга нисбатан фоиз ҳисобида келтирилган.
-чапдаги юқори ва ўнгдаги қуйи квадратлар мос равишда энг ёмон ва энг яхши вазиятларга тўғри келади;
-чапдаги қуйи квадрант харажатлар бўйича пешқадамликни англатади;
-ўнгдаги юқори квадрант дифференциация стратегиясига мос келади;
-биссектриса қулай ва ноқулай ҳудудларни ажратиб туради.
Рақобатбардошликни таҳлил қилишнинг вазифаси стратегик хулосалар чиқариш ва устивор мақсадларни белгилаш учун фирмага шу ўқларда жойлашишга имкон беришдан иборатдир. “Бозор кучи” ўқидаги ўринни танлаш учун аввалги бобларда кўриб чиқилган марканинг имиджини тадқиқ қилишда олинган маълумотлардан фойдаланиш керак. Бу тадқиқотлар бозор қабул қиладиган қийматни ўлчаш ва нарх бўйича эгилувчанликни баҳолашга имкон беради. “Унумдорлик”ни таҳлил қилишда тажриба эгри чизиғидан келиб чиқиш ёки “бозорни разведка қилиш” хизмати маълумотларини ҳисобга олиш лозим, бу хизмат рақобатчилар устидан кузатув ўрнатиш вазифасини бажаради.
2. Рақобат турлари Портер томонидан 1982 йили киритилган кенгайтирилган рақобат концепциясининг мазмуни шуки, фирманинг асосий бозордаги рақобатли афзалликдан фойдалана олиш қобилияти фақатгина ўзи дуч келаётган бевосита рақобатга эмас, балки шу бозордаги потенциал рақиблар, ўринбосар товарлар, мижозлар ва етказиб берувчилар каби кучларнинг таъсирига ҳам боғлиқдир. Потенциал рақиблар ва ўринбосар товарлар фирма учун бевосита хавф уйғотса, мижозлар ва етказиб берувчилар эса ўзларининг талаблари билан билвосита таҳдид солиб туради (расмга қаранг). Мана шу кучларнинг ўзаро таъсирии охир‑оқибатда товар бозорининг рентабеллигини белгилайди. Табиийки, рақобат муҳитини ташкил қилувчи асосий кучлар турли бозорларда турлича бўлиши мумкин.
Янги рақибларнинг кириб келиш хавфи. Бозорга кириб келиш эҳтимоли катта бўлган потенциал рақиблар фирма учун жиддий хавф-хатар бўлиб, фирма бу хатарни камайтиришга уриниши, ундан ўзини ҳимоя қилиши, кириш тўсиқларини вужудга келтириши лозим.
Ушбу хавфнинг қай даражада жиддийлиги кириш тўсиқларининг баландлигига ва потенциал рақибга қаратилган реакция кучига боғлиқдир. Кириш тўсиқлари қуйидагича бўлиши мумкин: -миқёсдан тежаш, яъни кириб келаётган фирмани кенг кўламли ишлаб чиқаришни ташкил қилишга мажбур қилиш ёки унга харажатлар бўйича зарар кўриш хавфини вужудга келтириш;
-“Кодак” ва “Полароид” фирмалари ўртасидаги низодаги каби патентлар ёрдамидаги ҳуқуқий ҳимоя; -харидорларни янги фирманинг ташвиқотларига эътибор бермасликка ундайдиган марка имиджининг кучи;
-фақат ишлаб чиқаришни ўзлаштириш эмас, балки реклама харажатларини қоплаш учун зарур бўлган капиталга бўлган эҳтиёжлар;
-харидордан машҳур ишлаб чиқарувчининг товаридан янги фирманинг товарига ўтишда талаб қилинадиган реал ёки руҳий қайта қуришга сарфланадиган ўтиш харажатлари;
-сотув тармоқларига кириш: улгуржи сотувилар янги товарларни олишда жуда эҳтиёткор бўлишлари керак, шунда янги фирма янги товар учун янги сотиш каналини ташкил қилишга мажбур бўлади;
-бозорда оёққа туриб олган фирма эга бўлган тажриба эффекти ва харажатлар бўйича афзаллик айниқса қўл меҳнати секторларида жуда катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Бу қонуният айниқса энергия бозорида яққол намоён бўлди ва энергия манбаларининг янги турларини ишлаб чиқишга катта таъсир кўрсатди. Нефть бозорларида нарх-навонинг кўтарилиб бориши атом ва қуёш энергетикасининг ривожланишига туртки бўлди.