АДАБИЁТЛАР:
1.Каримов И.А. Амир Темур фахримиз, ғуруримиз. Т. 1996 й.
2.Абдунабиев А. Вклад в мировую цивилизацию. Т. 1998 й.
3.Ахмедов Б. Тарихдан сабоқлар. Т. 1994 й.
4.Воҳидов Ш.,Қодиров А. Шарқнинг машҳур сулолалари.Т.,2013й.
4.Клиффорд Эдмунд Босфорт. Мусульманские династии. М. 1971г.
5.Мухаммаджонов. А Темур ва Темурийлар даври. Т. 1996 й.
6.Мўминов И. Амир Темурнинг Ўрта Осиёда тарихида тўтган ўрни ва роли. Т.1993 й.
7.Муртазаева Р. ва б. Ўзбекистон тарихи. Т.2011 й.
8.Шабанова Н.Г. Из истории великих династий. Т. 1998 г.
9.Шамсутдинов Р., Мўминов Х. Ўзбекистон тарихи. Т.,2013 й.
10.Файзиев Т. Темурийлар шажараси.Т.,1995 й.
11.Амир Темур жаҳон тарихида. Т. 1996 й.
12.Темур ва Улуғбек даври тарихи. Т. 1996 й.
13.Амир Темур ва Темурийлар даврида маданият ва санъат. Т. 1996 й.
14. Темур тузуклари Т. 2005 й.
8 - мавзу. Ўрта Осиё худудларининг хонликларга бўлиниб кетиши, унинг сабаблари ва оқибатлари.
Режа:
1.Мовароуннаҳрда шайбонийлар ҳукмронлигининг ўрнатилиши.
2.Бухоро хонлигининг ташкил топиши ,унинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий аҳволи.
3.Хива хонлигининг ташкил топиши ва хонликдаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаёт.
4.Қўқон хонлигининг ташкил топиши, унинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий аҳволи.
5.Хонликлардаги ўзаро ички муносабатлар.
1. XV асрнинг охирларига келиб темурийлар давлати инқирозга юз тутди. Катта-кичик бекликларга ва амирликларга тобора бўлиниб бораётган собиқ империя ҳудудида ўзаро феодал урушлар, тожу-тахт учун сулолалар курашлари авж олиб бордики, бу темурийлар салтанатини инқирозга олиб келди. Самарқанд, Тошкент, Андижон, Хисор вилоятларида бир-бирига қарама-қарши бўлган мустақил ҳокимлар ўтирдилар.
Мовароуннахрнинг бундай ночор аҳволга, сиёсий ва иқтисодий тангликка дучор бўлиши, шубҳасиз кўчманчи ўзбек қабилаларига ғоятда қўл келди.
Шайбонийхон бошчилигидаги кўчманчи ўзбеклар 1500 йилда Самаркандни эгаллайди.Андижон ҳукмдори Бобур Мирзонинг Самарқанд тахтини қайтариб олиш учун қилган ҳаракатлари беҳуда кетади. Шайбонийхон ҳар гал Бобур устидан ғалаба қозонади.1501 йили Шайбонийхон Самарқандни эгаллайди. Шу тариқа 1500-1601 йиллар давомида ҳукмронлик қилган шайбонийлар сулоласига асос солинади. Уларнинг 100 йиллик ҳокимлиги даври мураккаб шароитда ўтди. Шайбонийхон ўлимидан сўнг ҳокимият талашиш бошланди ,яъни вилоят ҳокимлари ва бошқа ҳукмдорла марказий ҳокимиятга бўйсунмай қўйди. Абдуллахон 11 (1557-1598 йиллар ) даврида марказлашиш жараёни тўхтовсиз урушлар натижасида бирмунча кучайди. Бухоро шайбонийлар давлатининг пойтаҳтига айланди ва хонлик Бухоро хонлиги деб номланди. Бухоро хонлигини 2 сулола 1500-1599 йилларда шайбонийлар, 1599 йиллардан 1756 йилгача аштархонийлар сулоласи бошқарди.
Шайбонийлардан Абдуллахон II 1573-1598 йиллар давомида Балх, Самарқанд,Тошкент, Фарғона, Бадахшон , Кўлоб, Хуросон ва Хоразм устига юришлар қилиб,ўз ҳукмронлигини ўрнатди.Натижада Бухоро хонлигши марказлашган йирик феодал давлатга айланади ва чегаралари шарқда Қашғаргача, ғарбда Орол ва Каспий денгизи соҳилларигача, шимолда Туркистон ва Сайрамгача, жанубда Хуросоннинг шарқий қисмигача етиб борди. Хонликда бошланган ички сиёсий низолар натижасида 1598 йилда Абдуллахоннинг ўзи ва 1599 йилда унинг ўғли Абдулмўмин ўлдирилади.Шу билан Шайбонийлар сулоласи тугаб ,кейинги сулола – аштархонийлар сулоласи ўтиради.Уларнинг биринчи вакили Боқи Муҳаммад бўлиб, у 1599-1605 йилларда Бухоро тахтида ўтиради.Шундан кейин янги сиёсий низолар бошланади.
2. Ўзаро ички келишмовчиликлар сабабли XVII асрда ва XVIII асрнинг бошларида хонлик парчаланиб кетади.1723 йилда Самарқанд вилояти Бухоро хонлигидан ажралиб чиқиб, ҳокимият Ражабхон қўлига ўтади. Мовароуннахрда феодал курашнинг кучайшидан фойдаланган Эрон шохи Нодиршох 1740 йилда Бухоро хонлигига ҳужум қилиб каттагина ерларни босиб олади ва хонлик тахтига ўзининг тарафдори бўлган Муҳаммад Ҳаким Оталиқни ўтқазади.Натижада аштархонийлар сўнгги сулоласининг вакили Абдулфайзхон ўз мавқеини йўқота бошлайди.Манғит қабиласидан бўлган Муҳаммад Ҳаким Оталиқнинг ҳокимиятдаги таъсири кучайиб боради. 1747 йилда Нодиршох ўлдирилгач, отасининг ўрнига оталиқ тайинланган Муҳаммад Раҳимга қарши вилоят ҳокимлари исён кўтарадилар.1753 йилда у ўзини амир деб эълон қилади.Сўнг манғитлар сулоласи ҳукм сурган.
Бухоро амирлиги Эрон, Хива ва қозоқ жузлари билан чегарадош эди. XIX асрнинг бошларида Зарафшон ва Қашқадарёдан ташқари Сурхондарё вилояти , Панжикент ва Зарафшон дарёсининг юқори оқими ,Жанубий Туркистоннинг катта қисми, хозирги Туркманистоннинг Мурғобгача бўлган ерлари, шимолда Туркистон шаҳригача бўлган барча ерлар ҳам амирликка қарар эди.
Бухоро хонлиги монархик давлат эди. Амир абсолют монарх эди ,уни диний уламолар худонинг ердаги элчиси деб тан олганди.Давлат бюджети ўрнига амир хазинаси бўлган. Бухоро шаҳрида 300 га яқин амалдор бор бўлган.Уларни амир тайинлаб ва ишларидан бўшатган.Натижада амир шахсига сиғиниш, хушомадгўйлик авж олган. Порахўрлик ривожланган. Амирдан кейинги лавозим қушбеги эди, бутун ишлар унинг қўлидан ўтарди. Девонбеги молия ишларини бошқарарди . Кўкалдош бутун сир-асрорлардан хабардор бўлиши керак бўлган,улар асосан амир қариндошларидан тайинланган. Диний ҳукмдор - шайхулислом лавозими авлоддан-авлодга ўтган.Қози амирдан кейинги ҳуқуқий ишларни амалга оширган.
Вилоятлар бошида амир ҳокимиятининг вакиллари- ҳоким ва беклар турарди. Қишлоқ ва овулларни эса оқсоқоллар ёки мингбошилар идора қилардилар.
Бухоро амирлиги 27 бекликдан иборат бўлган . Бухоро давлатида асосан феодал ер эгалигининг турт тури : мулки султоний ( давлатга қарашли ерлар), вақф (мусулмон рухонийлар,мадраса масжидга қарашли ерлар) ҳамда жамоага қарашли ерлар мавжуд эди. Савдо –сотиқ бирмунча тараққий этган. Хонликда феодал зулм кучли бўлиб, аҳолининг кўпи ижарага ер олиб кун кечирарди. Ҳунармандлар турли солиқлардан ташқари, жарима ҳам тўлардилар.
3.1510 йили Шайбонийхон вафотидан сўнг Хоразм шох Исмоил томонидан босиб олинди. 1511 йилларда Хоразм Шайбонийхон йўлидан борадиган Берка Султон авлодлари қўли остида ажралиб чикди.
Шох Исмоилнинг ўлими 1524 йилда ўзбекларнинг мустаҳкам ўрнашиб олишига олиб келди. Давлат тепасида шайбоний Элбарс турди, бироқ унинг ҳокимияти мустаҳкам эмасди. Элбарс вафотидан сўнг (1536) Хива тахтида хонларнинг тез алмашиб туриши тезлашди. Лекин бу билан Хива хонлигида ўзаро урушларга барҳам берилмади. Хива хонлигига қўшни бўлган қалмоқлар, қозоқлар, Урол казаклари хонликка тез-тез ҳужумлар уюштириб турдилар. Айниқса Араб Муҳаммадхон ( 1602-1623 й) даврида хонликдаги ўзаро феодал урушлар кучайди ва 1623 йилда туркманлар ёрдамида Асфандиёрхон тахтни эгаллайди ( 1623-1643 й ).
1698 йилда Хива хонлигини Бухоро хони Субхонқулихон эгаллаб, унга ўз ноиби Шоҳниёзни хон этиб тайинлади. Лекин бу билан авж олаётган феодал урушларга барҳам берилмади. Аксинча Эрон шоҳи Нодиршоҳ Афшор Бухоро билан бир вақтда Хивани ҳам эгаллади (1740). Нодиршоҳ туркман ва ёвмут қабилаларини Хива хонлигидан кўчиртириб юборди. 1747 йилда Нодиршоҳ ўлдирилгач , Хива хонлиги яна мустақил бўлиб олади. 1763 йилгача давом этган курашдан сўнг ўзбек қабиласидан бўлган қўнғирот иноқлари ҳокимиятни идора киладилар.1804 йилдан бошлаб улар Хива хонлигини расмий равишда эгалладилар.
Муҳаммад Рахимхон (1806-1825 йиллар) даврида Хива хонлиги бутунлай бирлаштирилди.Бу даврда марказий ҳокимият мустаҳкамланди, мамлакатнинг ички аҳволи анча яхшиланди. Хива, Янги Урганч, Хазорасп, Хўжайли ,Тошҳовуз ,Гурлан , Ҳонқа шаҳарларида турли ҳунармандчилик соҳалари ривожланди, улар савдо марказига айланади. Янги Урганч бозори чет эллик савдогарлар билан ҳам гавжум бўларди.
Хонлик аҳолиси маданий, иқтисодий ва этник жиҳатдан 3 гуруҳга бўлинарди. 1-гуруҳга қадимги Хоразм аҳолиси авлодлари кирарди.Улар асосан шаҳарлар ва деҳқончилик билан шуғулланувчи қишлоқлар аҳолисини ташкил қилиб,деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланарди.2-гуруҳга хонликнинг ғарб ва жанубида жойлашган туркман қабилалари кирарди.Чорвачиликни деҳқончилик билан қўшиб олиб бориш буларнинг асосий касби эди. 3-гуруҳ хон билан бирга Хоразмга кўчиб борган ўзбек қабилаларини бирлаштирар эди.Дастлабки йилларда улар кўчманчилик турмуш тарзини давом эттирдилар. Хива хонлигининг ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзи феодал-патриархал муносабатлар билан характерланади.Бу ерда феодал муносабатлар бошқа жойлардан сустроқ ривожланди. Катта ер эгаларининг иқтисодий ва сиёсий ҳукмронлиги , асосан ерга ва сувга эгаликларида эди. Ернинг катта қисмига алоҳида шахслар эгалик қилардилар.Ундан камроқ қисми вақф ерлари эди, булардан қолгани давлат ерлари ҳисобланарди.
Аҳолининг асосий қисмини деҳқонлар ташкил қиларди. Маълум бир қисми ҳунармандлардан иборат эди, қуллар энг пастки табақада турар эди. Хонликнинг аҳолиси 500000 кишидан иборат бўлиб ,ўзбеклар 64,7 %-ни, туркманлар 26,8%-ни, қорақалпоқлар 3,8%-ни, қозоқлар 3,4 %-ни башкил этган ва бошқалар ҳам яшаган.
Хива хонлиги тузуми феодал монархиядан иборат эди. Қонун чиқарувчи,маъмурий ва суд ҳокимиятлари хон қўлида эди.Давлат вазифалари хон томонидан тақсимланар ,ишга хон буйруғи билан тайинланар эди.Юқори давлат лавозимларини каттароқ ер эгалари бўлган аслзодалар ва мусулмон руҳонийлари эгаллаганди.
Юқори вазифа эгаларига:қушбеги – хоннинг 1-ўринбосари, хонликнинг жанубий қисмида яшовчи ўтроқ халқларнинг бошлиғи ва улардан тушадиган ўлпонларни назорат қилувчи; мехтар – давлатнинг шимолий қисмидаги ўтроқ аҳолининг бошлиғи; девонбеги – хонлик идораларининг бошқарувчиси ; эшон-раис – тартиб сақловчи; миршаблар бошлиғи ва бошқалар кирарди.
Хонлик 20 беклик ва 2 ноибликка бўлинарди. Бегу ҳокимлар, ноиблар хон томонидан тайинланар ва туширилар эди. Суд ҳукмронлиги мусулмон руҳонийлари қўлида эди. Суд оғзаки ва очиқ-ойдин бошқариларди.
Хонликдаги унвонлар орасида энг каттаси иноқ бўлиб, сўнгра оталиқ, бий турар эди. Бий хизматни қойиллатиб уддалай борса, оталиқ ва иноқ даражасига кўтарилиши мумкин эди. Маош уларнинг мансаб ва вазифаларига қараб белгиланарди.Юқори мансабдорларга хоннинг ўзи маош тайинларди.
Муҳаммад Раҳимхон даврида Девони олий таъсис этилиб, янги солиқ ислоҳоти ўтказилади. Божхона ва зарбхона ташкил этилади, бунинг натижасида давлат даромади кўпаяди.
4. ХVIII аср бошларида Фарғона водийсида бу ўлкани Чодак қишлоғи (Чустдан 40 км. шарқда) хожалари қўлга олишди. 1710 йилда уларнинг ҳокимиятини минг уруғидан бўлган Шоҳрухбий ағдарди. Мазкур мулк Фарғона деб аталиб, Шоҳрухбий ўғли Муҳаммад Раҳимбий ҳукмдорлиги даврида (1721-1740) аста-секин кенгая борди. Шоҳрухбийнинг иккинчи ўғли Абдулкаримбий даврида (1740-1760 ) Қўқон, Андижон, Наманган, Марғилон шаҳарларида савдо ва ҳунармандчилик тараққий этади. Абдулкаримбий марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун феодаллар ўзбошимчалигига чек қўйишга интилади. Норбўтабий даврида ( 1769-1800) Чуст, Наманган, Хўжанд беклари қаршилиги бостирилади.Унинг вафотидан сўнг 1800 йилдан феодаллар ўртасида ҳокимият учун кураш кучаяди ва натижада тахтга Норбўтабий ўғли Олимбек (1800-1809) ўтиради. У хонликдаги феодаллар ўзбошимчалигига чек қўяди. Ҳарбий ислоҳот ўтказиб, ўз давлатининг қудратини оширади.1803-1809 йиллар давомида Тошкент, Чимкент, Сайрам босиб олинади.Олимбекнинг марказлашган кучли давлат тузиш йўлидаги интилиши баъзи федаллар гуруҳи орасида норозилик туғдиради. Бунинг натижасида у укаси Умархон бошчилик қилган фитначилар томонидан 1809 йилда ўлдирилади.
Умархон (1809-1822 ) Туркистони шаҳри ва қозоқ даштларининг анчагина қисмини хонликка қўшиб олади. Тошкент, Бухоро ва Хивадан Оренбургга борадиган карвон йўллари туташган жойда Оқмачит қалъасини қурдиради.
Қўқон хонлигининг ҳудуди Умархоннинг ўғли Муҳаммад Алихон (Мадалихон)даврида анча кенгайди.Қўқон хонлигига Қоратегин, Дарбоз ва Кулоб ҳокимликлари қўшиб олинган. Бироқ бу муваффақиятлар унинг мавқеини мустаҳкамлай олмаган.Унинг ички душманлари Бухоро амири Насруллога ёрдам сўраб мурожаат қилишган.1840 йилда Қўқон ва Бухоро ўртасидаги уруш Мадалихоннинг мағлубияти билан тугади. Хўжанд шаҳри Бухорога топширилди, ўзини эса Бухоро амирига муте деб тан олишга мажбур бўлди.1842 йилда Қўқон хонлигида кўтарилган қўзғолон натижасида амир Насрулло яна Қўқонга келади ва Мадалихон, унинг қариндошлари қатл этилади. Қўқон хонлигидаги бундай сиёсий вазият Россия босқини арафасигача давом этди.
Ҳудудий жиҳатдан энг яхши жойлашган хонлик Қўқон хонлиги эди. Унинг эгаллаган ҳудудлари деҳқончилик ,чорвачилик соҳаларини ривожлантиришга анча қулай ерлардан иборат эди. Қўқон хонлигининг маъмурий , иқтисодий , маданий марказлари Қўқон шаҳрида бўлиб , хон фармонлари ва олий мансабдорлар йўриқлари пойтаҳтдан хонликнинг барча вилоят ,туман ва қалъаларига етказиларди.
Аҳолининг асосий кўпчилигини ўзбеклар, қолган қисмини қозоқлар, тожиклар, қирғизлар ва бошқалар ташкил этарди.Аҳолиси 3000000 га яқин бўлган. Хонликда нисбатан деҳқончилик ривожланган эди. Аҳолининг кўпчилик қисмини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда анчагина тажрибага эга бўлган ўтроқ деҳқонлар ташкил қиларди, қолган қисми эса кўчманчилар, чорвадорлар, ҳунармандлар эди.
Қўқон хонлиги ҳам Ўрта Осиёдаги бошқа давлатлар каби қолоқ мамлакат эди.
Хон мамлакатнинг тўлақонли ҳукмдори эди. Хондан кейин мингбоши асосий шахс ҳисобланарди, шунингдек хазиначи, ҳарбий вазир, миршаббоши ва бошқалар бор эди.
Хон қошида ички ва ташқи масалаларни муҳокама қилувчи кенгаш иш олиб борарди. Хонга руҳонийларнинг таъсири катта эди. Руҳонийлар бошлиғининг фикри юқори баҳоланарди. Руҳоний бошлиқлар судда ва марказий ҳамда маҳаллий идораларда маъмурий вазифаларни эгаллаган эди. Нақшбандийлар жамоаси халифаси Ҳазрати соҳиб 1844 йилдан 1869 йилгача амалда барча муҳим давлат масалаларини ҳал этишда асосий шахс бўлган, уни дафн этиш вақтида Худоёрхон ҳасса тутиб, маросим олдида борган эди. Андижон руҳоний сиймоси бўлган Хўжаи Калон 1852 йилдан 1863 йилгача ҳоким бўлиб турди.
Жойларда беклар, ҳокимлар ҳукмронлик қиларди. Тошкентнинг ҳукмдори шахсан хон томонидан тайинланарди ва бек унвони бериларди. Қишлоқларда маъмурий ҳукуматни оқсоқоллар бошқарарди. Аҳолининг хатти-ҳаракати ва уларнинг шариат қоидаларига риоя қилишини мухтасиблар назорат қиларди.
Суд ҳукми бош судья- қозикалон бошчилигидаги қозилар томонидан чиқариларди, бу ҳукм шариат бўйича бажариларди.
5.Ўрта Осиёдаги уч хонлик Россиянинг босқинчилик юришлари арафасида ўз бошидан чуқур ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий таназзулни кечирмоқда эди. Қолоқ феодал тузумда бўлган бу хонликлар бир-бирлари билан мол-дунё ,давлат талашиб ,ўзаро урушлар олиб бордилар. Ҳаттоки бир канизак учун ҳам уруш олиб борилган даврлар бўлган. Улар омма ўртасидаўрта асрчилик сиёсатини юргиздилар, ҳатто қулчилик ҳам давом этди. Омма ғоятда қашшоқ ҳаёт кечирарди. Ҳукмдорлар томонидан ўтказиладиган зулм кучли эди. Ҳар учала хонликда ҳам асосан деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Ҳунармандчилик ҳам ривожланган.
Асосий бойлик манбаи суғориладиган ерлар бўлганлигидан бу ерларни хонлар ва уларнинг яқинлари эгаллаб олган эдилар. Шу сабабли ер мулклари асосан қуйидагилардан иборат бўлган:1.Хон ерлари.2. Мулк ерлари –хон томонидан алоҳида хизматлари учун бўлиб берилган хусусий ерлар.3.Вақф ерлари – дин пешволари, умуман руҳонийларга берилган ерлар. Деҳқонлар ана шу мулк эгаларидан ерларни ижарага олиб ишлардилар ва жуда катта миқдорда солиқ тўлардилар.
Хонликлардаги маориф шаҳобчалари ислом дини руҳи билан суғорилган эди. Асосан исломнинг муқаддас Қуръон китоби ўқитиладиган диний мактаблар 5 тоифага бўлинган: 1) Қуйи мактаб –бунда диний шахслар савод ўргатганлар. 2) Далаилхона – бунда номоз ўқиш ёд олинган. 3) Қорихона – Қуръон ёд олинган. 4) Мактаб интернат – ўрта мадраса. 5) Олий мадраса. Биринчисида Қуръон ва шариат нисбатан батафсил ўрганилган. Иккинчисида эса ислом динининг фалсафий асослари ҳамда жуғрофия , математика сингари фанлар ўқитилган. Бу турдаги мадрасалардан ислом динининг ғоявий ҳимоячилари ва тарғиботчилари етишиб чиққан.
Ўрта Осиёнинг жаҳон бозоридан ажралиб қолганлиги унинг асрий турғунлигига шароит яратган муҳим омил бўлди. Жаҳон савдоси иқтисодиётнинг, айниқса йирик саноатнинг ривож топиши учун зарур шартдир. Жаҳон савдосига кириб бориш товар-пул муносабатлари тараққиёти жараёнини жадаллаштирар, ички бозорни шакллантирар ҳамда меҳнат тақсимоти тезлашиши ва шаҳарнинг қишлоқдан ажралиб чиқишига ёрдам берарди. XV аср оҳиридан Буюк Ипак йўли ёпилиб, ундан кейин қилинган буюк географик кашфиётлардан буён Ўрта Осиё хонликлари бозорлардан тобора кўп узоқлаша борди ҳамда тарқоқ феодал мулклар , кўчманчи ва ярим кўчманчи қабилаларнинг тор доирасида тобора кўп ўралашиб қолди.
Бу даврда жаҳонда жудаям катта ўзгаришлар рўй бераётган эди. Ўтган 350 йил давомида бутун дунёда давлатни бошқариш ўзгарди:
1) XVII асрдан бошлаб давлат ҳокимиятида парламент жорий этилди, яъни мутлақ (абсолют)ҳокимият назорат қилинди.
2) Мулкдорлар синфи , ишчилар синфи пайдо бўлди. Мулкка муносабат ўзгарди, яъни пулни ишлатиш йўлга қўйилди.
3) Феодал тарқоқликка барҳам берилди.
Дунёда саноат тўнтариши рўй берди. Джон Кей ( Англия) ип тўқийдиган моки ўйлаб топди. Буғ машинаси, пароход ихтиро қилинди. Темир йўл вужудга келди.Электр энергияси пайдо бўлди ва бошқалар.
Дунёда шундай тараққиёт даражаси бўлган даврда , 3 хонликда бу нарсаларнинг биронтаси ҳам амалга ошмади. Аксинча, ҳалокат ёқасига бориб қолган барча Ўрта Осиё хонликлари бир-бирлари олдида даҳшатга тушардилар , хоҳлаган вақтда ўзаро ҳужумлар қилиниб , арзимас нарса баҳонасида уруш чиқиб кетишига тайёр бўлиб турардилар.
3 жуз Россияга тобе бўлганидан кейин Қўқон хонлиги Россия билан чегарадош бўлиб қолди. Шу хавф ҳам 3 хонлик ўртасидаги низони тўхтата олмади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда 3 хонликдаги қолоқлик сабаблари қуйидагилар деб кўрсатишимиз мумкин:
1) Хонликларнинг идора усулларининг ривожланмаганлиги, фармойиш берувчи , ижро этувчи , суд ҳокимиятларининг хон қўлида тўпланиши;
2) Мамлакатнинг учга бўлиниши,урушларнинг,ҳокимият учун курашларнинг мамлакатни хонавайрон этганлиги;
3) Аҳолининг хон ,бекларнинг сиёсатидан озор чекканлиги;
4) Ерга мулкчиликнинг ўзгармаганлиги;
5) Хонликларда саноатнинг ривожланмаганлиги ва табиий бойликлардан фойдаланилмаганлиги;
6) Товар-пул муносабатларининг ривожланмаганлиги;
7) Хонликларнинг савдо муносабатларида айирбошлашнинг сақланиб қолганлиги; Савдо муносабатларининг ривожланмаганлиги ;Ягона бозорнинг йўқлиги.
Мана шуларнинг ҳаммаси Россиянинг 3 хонликни бирин-кетин ва тез орада босиб олишига олиб келди.
Do'stlaringiz bilan baham: |