2.3. МЕТОДИКАЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
Педагогик-психологик эксперимент, тадқиқотнинг ишончли воситаси бўлиши ҳамда натижаларнинг ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилиш учун ва ушбу натижалар асосида тўғри хулоса чиқариш учун тадқиқотда қўлланилган психодиагностик методика илмий асосланган бўлиши керак, бунда методлар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак: валидлик, ишончлилик, бир сифатлилик ва аниқлик. Энди ҳар бир талабни алоҳида кўриб чиқамиз.
«Валидлик» - атамаси Европа тилларидан олинган бўлиб ва у қуйидаги маънони англатади: «тўлақонли», «яроқли», «мос». Психодиагностик методиканинг валидлик сифатидаги тавсифи унинг айнан ўрганилаётган психологик хусусиятга мўлжалланганлиги ва ушбу психологик хусусиятни баҳолашга мослиги ҳамда яроқлигини кўрсатиб беради.
Методиканинг валидлик тавсифи ўзига ушбу методика орқали ҳақиқатдан ҳам психологик сифатни ўлчаш мумкин деган хулосадан ташқари унинг қўллаш мумкин бўлган соҳасини ва унинг шароитлари ҳақидаги маълумотларни ҳам ўзига қамраб олади.
Психодиагностик методиканинг валидлиги ҳақида мулоҳаза қилар эканмиз, валидликнинг бир нечта турлари борлигини ва уларнинг ҳар бирини алоҳида кўриб чиқиш ҳамда баҳолаш зарурдир. Валидлик – назарий, амалий, эмпирик, ички ва ташқи бўлиши мумкин.
Назарий валидлик – қўлланилган методика ёрдамида олинган кўрсаткичларни, бошқа методик воситалардан олинган кўрсаткичлар билан яъни кўрсаткичлар орасида назарий асосланган боғлиқлик борлигини ва тадқиқ қилинаётган сифат кўрсаткичлари мослиги билан аниқланади.
Назарий валидликни битта назарияга таянган ҳолда, айнан бир хусусиятга тегишли ҳар хил методикалардан фойдаланиш натижасида олинган кўрсаткичларни корреляцияси билан текширилади.
Эмпирик валидлик – синалувчининг реакцияси ва хатти-ҳаракатини кузатиш орқали, унинг ҳаққоний хулқидаги диагностик кўрсаткичларининг бир-бирига мослиги билан текширилади. Агар синалувчининг характерини қўлланилган методика ёрдамида баҳоласак, ушбу одамнинг ҳаётдаги характер кўринишини қўлланилган методикадан олинган кўрсаткичлар билан бир хиллигини аниқласак, у ҳолда методикани эмпирик ва амалий валидли деб ҳисобласак бўлади.
Эмприк валидлик мезонлари бўйича методика одамларнинг амалий фаолият натижалари ҳамда ҳаққоний ҳаётий ҳуқуқларининг кўрсаткичларини таққослаш билан текширилади.
Ички валидлик – методикадаги топшириқлар, субтестлар, мулоҳазаларнинг умумий мақсадга мослигини англатади. Методикадаги субтестлар, топшириқлар ва ундаги саволлар қисман ёки бутунлай биз ўрганаётган хусусиятни ўлчай олмаса, у ҳолда ушбу методика ички валидли эмас ёки ички валидлик етарли даражада эмас, деб ҳисобланади.
Ташқи валидлик – ҳам худди эмпирик валидликка ўхшаш, ундан фарқли томони шундаки, синалувчининг хулқига таалуқли асосий ташқи кўринишларнинг кўрсаткичлари билан методикадаги кўрсаткичларнинг ўзаро боғлиқлигига эътибор қаратилади.
Методикани тузиш жараёнида дарҳол унинг валидлигини баҳолаш жуда мураккабдир. Одатда методиканинг валидлигини текшириш ва аниқлашда методикани узоқ муддат қўлланилгандан сўнг у ҳақида хулоса чиқариш мумкин, чунки юқорида кўрсатиб ўтилган валидликнинг тўрт тури ҳам текширилиши зарурдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |