8.2. Ерни экишга тайёрлаш Ҳайдалма майдонлар юзасида ўсимлик қопламаларининг доимий равишда бузилиши, биомассаларнинг чиқиб кетиши, техника ғилдиракларининг босимлари ва ортиқча юмшатишлар туфайли тупроқ тузилиши ўзгаради, эрозияга учрайди ва унумдорлиги пасаяди. Шу боис ерни экин экишга тайёрлашнинг энг муҳим вазифаси – бу салбий оқибатлар келтирувчи агротехникавий тадбирлар ўтказмаслик ва тупроқ тузилишини сақлаб қолишдан иборатдир. Ерни тайёрлаш органик қолдиқларни, минерал ва органик ўғитларни тупроқ билан аралаштириш, бегона ўтларни йўқ қилиш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш, уруғ ўтказадиган ускуналарни меъёрига келтиришни ўз ичига олади.
Сабзавот экинлари учун ерни экишга тайёрлаш ишлари ҳам қишлоқ хўжалигининг бошқа экинлари учун ерни тайёрлашда бажариладиган ишларга ўхшашдир. Аммо сабзавотлар учун ерни экишга тайёрлаш усуллари ва уларни сифатли қилиб бажарилиши ўзига хос хусусиятларга эга.
Ерга ишлов бериш ишлари етиштириладиган экиннинг биологик хусусияти ва тупроқ-иқлим шароити ҳисобга олинган ҳолда табақалаштириб амалга оширилади. У тупроққа асосий, экишдан олдин ҳамда ўсимликларнинг ўсув даврида бериладиган ишловларни ўз ичига олади.
Ерга асосий ишлов бериш.У кузда кечки экинлар маҳсулоти йиғиштириб олингандан сўнг ўтказилади. Ер шудгорланишдан олдин ўсимлик қолдиқларидан тозаланиб, вақтинча фойдаланилган суғориш шохобчалари текисланади. Суғориш шахобчаларини текислаш МК-12 ва КЗУ-0,3 маркали қишлоқ хўжалик қуроллари ёрдамида бажарилади. Ўсимликлар турли хилдаги фузариоз сўлиш, вирус касалликлари (томатдошлар) ҳамда бактериал рак (помидор) билан зарарланган бўлса, уларнинг қолдиқлари илдизи билан бирга майдон ташқарисига чиқариб ташланиши ва ёқиб юборилиши керак. Маҳсулоти эрта йиғиштириладиган бодринг, томатдошлар, полиз ва дуккакли сабзавотлардан бўшаган ерлар кузги ишлов беришдан икки-уч ҳафта аввал саёз юмшатилади, сўнг шудгор қилинади. Тупроқни саёз юмшатиш дискали гидрофил ЛДГ модификатсияли, ППЛ-10-25 маркали плуглар ёрдамида бажарилади. Механик таркиби оғир тупроқларда уни юмшатиш БДНТ-2,2 ва БД-10 маркали дискали оғир бороналар ёрдамида бажарилади. Бир-йиллик бегона ўтлар босган ерлар 6-7 см, кўп-йиллик бегона ўтлар билан ифлосланганлари эса 10-14 см чукурликда юмшатилади. Куз фасли қуруқ келган-йилларда ер тупроқ саёз юмшатилганидан сўнг суғорилади Ерни суғориш бегона ўтларнинг маълум даражада камайишига сабаб бўлади. Бегона ўт босмаган, маҳсулоти кеч йиғиштириладиган сабзавотлардан бўшаган ерлар саёз юмшатилмасдан шудгор қилинади. Кўп-йиллик ўтлар билан банд бўлган ерлар шудгорланишидан 7-10 кун олдин бўйига ва кўндалангига борона билан дискаланади.
Ерларни экишга тайёрлаш, асосан, кузги шудгорлашдан иборат. Бунда ер чимқирқар ёки икки ярусли плуг билан 25-35 см чуқурликда ағдариб ҳайдалади. Бу жараённи имкон борича эрта ўтқазиш мақсадга мувофиқдир.
Ҳайдалма қатлами саёз бўлган ерларда уни тупроқни чуқур юмшатиш мосламаси ёрдамида ҳар-йили 3-4 см га чуқурлаштириб бориш мумкин. Тупроқнинг ҳайдалма қатлами остида заранг қатлам маҳсулот бўлишининг олдини олиш мақсадида ҳар-йили ҳайдалиш чуқурлиги ҳамда йўналиши ўзгартирилиб турилиши керак. Қадимдан деҳқончилик қилинадиган, механик таркиби оғир тупроқли ерларни вақт-вақти билан 40-50 см чуқурликда ҳайдаш ижобий самара беради. Беда экилган майдонлар, одатда, чимқирқарли мослама ўрнатилган плуглар билан ҳайдалади. Шўрланган ерларга сабзавот экиладиган бўлса, уларнинг шўри ювилиши керак. Шўр ювиш шудгорлашдан олдин ёки кейин ўтказилади. Шўри ювилган ерлар Жуда зичланиб кетади. Шунинг учун уни қайта ҳайдаш ёки чизеллаш керак. Эрта баҳорда эса сабзавот экишни кечиктирмаслик мақсадида шўр ерлар шудгорлашдан олдин ювилгани маъқул. Ёзда экин экиладиган ерлар шўри кузги шудгорлашдан кейин ювилади.