15-расм. Вақтинча ҳимояланган ерларга экиш учун мўлжалланган бодринг кўчати
Кубикларни тайёрлашда озиқ аралашмаси органик қисмининг таркиби бошқа сабзавот экинлари кўчатларини етиштиришга ўхшайди. Минерал ўғитлар аралашмага қуйидаги миқдорда қўшилади (1 м3 аралашмага, кг): аммиакли селитра – 0,5-1,3, суперфосфат – 1-6 ва калий сулфат – 0,5-1,5. Озиқ кубикларининг катталиги 666 ёки 888 см. Ундирилган уруғлар тегишли тайёргарликдан сўнг 1-2 тадан кубикларга экилади.
Заиф ривожланган кўчат тўлиқ минерал ўғитлар билан 2-3 марта озиқлантирилади. Қўшимча озиқлантиришда фойдаланиладиган озиқ эритмасининг аралашмаси 0,5% дан ошмаслиги керак. 1 м2 жойга минерал ўғитлар қуйидаги ҳисобда: 10 г аммиакли селитра, 30 г суперфосфат ва 10-15 г калий хлорид 10 л сувда эритиб берилади. Сўнгги марта озиқлантириш экишга 5-6 кун қолганда ўтказилади. Ҳар бир озиқлантиришдан сўнг ўсимлик тоза сув билан суғорилади.
Агарда бодринг кўчати очиқ ерга экишга тайёрланса, уни экишдан 5-7 кун олдин чиниқтириш бошланади. Плёнка остига кўчат 3-4 барг чиқарган босқичда, очиқ ерга эса 2-3 барг чиқарганда экилади.
5.3. Парник-кўчатхоналарни тайёрлаш
Парникларни экишга тайёрлаш ромларни таъмирлашдан бошланади. Кузда синган ойналар алмаштирилади ва ён тирқишлар сурғичланади. Парникларнинг чуқурлари совуқ бошлангаунга қадар чиринди ва тупроқдан тозаланади. Тупроқдан такрор фойдаланилганда касаллик ва зараркунандаларнинг тўпланишини олдини олиш учун улар экинлар бўйича ажратиб уюмланади. Парник ўралари тозалангандан сўнг кесакилар таъмирланади. Парниклардан фойдаланишдан олдин уларнинг ички қисмлари 2% ли формалинга, 0,3% келтан ва 0,5% карбофос қўшиб дизинфектсия қилинади ва парник икки сутка ёпиб қўйилади. Дизинфектсиядан сўнг парник бир сутка давомида шамоллатилади. Бир парникка 150 г ҳисобида олтингугуртни ёқиб ҳам дизинфектсия қилиш мумкин.
Парникка уюм ҳолатида сақланган гўнгни солишдан 4-6 кун олдин, у қизиши учун юмшатилади. Гўнгни солишдан олдин, парник ўрасининг тубига 10-15 см қалинликда қамиш, похол, қуруқ палак солинади. Қизиган гўнг бир хил қалинликда пайшаха билан бироз зичлаб тарқатилади. Аввал жойлаштириб юмшатилган гўнг устини босмаслик учун, у бир чеккадан солиниб борилади. Гўнг тезда чўкади, шунинг учун у кесакининг юқори қисмигача тўлдириб солинади.
Гўнг жойлаштирилгандан сўнг текисланади ва устидан парник тупроғи солинади. Гўнг сарфи иссиқ парниклар учун бир ром остига – 1,2-1,5 м3, ярим иссиқ парникларга – 0,7-1 м3. Уруғ сепишга мўлжалланган парникка тупроқ аралашма 10-12 см, кўчатларни пикировка қилиш учун 15-18 см, сабзавотларни етиштириш учун эса 15-20 см қалинликда солинади. Парникка гўнг ва тупроқ шундай солиниши керакки, улар чўккандан сўнг тупроқ билан ром ойнасигача бўлган оралиқ уруғ сепиладиган парникларда – 10-12 см ни, пикировка қилинадиганларда – 15-18 см ни, сабзавотлар ўстириладиганда – 18-25 см ни ташкил қилиши керак. Бир ромга парник тупроғининг сарфи уруғ сепиладиган парникларда – 0,2-0,25 м3 ни, пикировка қилинадиганда – 0,3-0,35 м3 ни, сабзавотлар етиштириладиганда – 0,3-0,4 м3 ни ташкил қилади.
Тупроқ солингандан сўнг парниклар ромлар билан қайта беркитилади ва у қизиши учун 3-4 кун берилади. Ўзбекистон шароитида иссиқ парникларда барча тайёрлов ишлари декабр бошларига, ярим иссиқхоналарда январ бошларига тугатилиши керак. Парникларда тайёрлов ишлари комплексига похол тўшакларни тайёрлаш ҳам киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |