Клиник эпидемиологиянинг таърифи, мақсади, предмети ва текширув
усуллари
Клиник эпидемиология – эпидемиология
фанининг клиникаларда
эпидемиологик тадқиқотларни амалга ошириш билан шуғулланувчи алоҳида
тармоғидир. Бу жараёнда тадқиқот объекти беморлардир. Ҳали 1938 йилдаёқ
J.R. Paul томонидан фаннинг ушбу тармоғига қуйидагича таъриф берилган
эди: “Клиник эпидемиология – касалликларни популяция даражасида
ўрганиш учун эпидемиологлар қўллайдиган миқдорий ёндошувлар ва
кундалик амалиётда бемор-индивидуум даражасида қарорлар қабул
қилиниши ўртасидаги никоҳдир”.
Шуни
таъкидлаш жоизки, ҳанузгача “Клиник эпидемиология”ни
таърифлаш ва шарҳлаш борасида ягона тўхтамга келинмаган.
Хусусан, Р. Флетчер ва ҳаммуаллифлари ўз монографиясига “Клиник
эпидемиология” ном қўя туриб, “Далилларга асосланган тиббиёт асослари”
деб давом эттирадилар, яъни гўёки ушбу тушунчаларни синоним иборалар
сифатида қўллашади. Шу билан бирга матнда “Далилларга
асосланган
тиббиёт – яхши ташкиллаштирилган клиник тадқиқотлар маълумотларига
асосланган тиббиёт амалиётидир” деб келтирилади. Клиник эпидемиологияга
эса ушбу муаллифлар томонидан қуйидагича таъриф берилган: “Клиник
эпидемиология – аниқ прогнозни таъминлаш мақсадида қатъий илмий
усулларни қўллаб касалликнинг клиник кечишини монанд ҳолатларда
беморлар гуруҳида ўрганиш асосида ҳар бир алоҳида
беморга нисбатан
прогнозлашни амалга ошириш имконини берувчи фандир”.
A.
Donald ва ҳаммуаллифлари томонидан ҳам “Клиник эпидемиология”
ва “Далилларга асосланган тиббиёт” ўртасига тенглик ишораси қўйилган.
Яъни, “Далилларга асосланган тиббиёт – клиницистларнинг ташхисот,
даволаш, профилактика бобидаги ва бошқа жабҳалардаги анъанавий
кўникмаларини мунтазам саволларни шакллантириш ҳамда эҳтимоллик ва
хавфга нисбатан математик баҳолашни қўллаш эвазига кучайтиришдир” деб
таъриф берилган.
Профессор Б.М. Маматқулов ва ҳаммуаллифлари таърифига кўра,
клиник эпидемиология – аҳоли ўртасида тарқалганликни,
хавф омиллари,
шунингдек саломатлик ҳолатлари частотасини ўрганувчи фандир. Унинг
мақсади – тизимли ва тасодифий хатоликлардан холи, тўғри хулосага келиш
имконини берувчи клиник кузатув усулларини ишлаб чиқиш ва қўллашдан
иборатдир.
Академик Б.Л. Черкасскийнинг “Клиник эпидемиология” тушунчасига
нисбатан қарашлари озгина ўзгача. У киши “Клиник эпидемиология”га
Далилларга асосланган тиббиётнинг услубиятидир деб таъриф берганлар.
Шунингдек, И.В. Фельдблюм ва Н.М. Коза томонидан ҳам “Клиник
эпидемиология” ва “Далилларга асосланган тиббиёт”га алоҳида мустақил
тушунчалар сифатида таъриф берилган. Мазкур муаллифлар фикрига кўра:
Далилларга асосланган тиббиёт – анчайин кенг тушунча бўлиб,
патологик
жараёнларни популяция даражасида тадқиқ этишда ҳам, организм
даражасида тадқиқ этишда ҳам эпидемиологик усулдан ва биостатистикадан
фойдаланишни кўзда тутади. Клиник эпидемиология – даволаш-ташхисот
жараёнларини ва индивидуал профилактикани
оптималлаштириш учун
эпидемиологик усулдан ва биостатистикадан клиник амалиётда
фойдаланишдир. Назаримизда, айнан мазкур сўнгги таърифлар “Далилларга
асосланган тиббиёт” ва “Клиник эпидемиология” тушунчаларининг
моҳиятини тўғри ва тўлиқроқ акс эттира олган.
Клиник кузатув индивидуумга нисбатан қарор қабул қилинишига асос
бўлади. Эпидемиологик кузатув ҳам индивидуумга нисбатан қарор қабул
қилинишида фойдаланилиши мумкин, аммо у аксарият ҳолларда гуруҳлар ва
популяцияга дахлдордир. Эпидемиология мутахассисларни амалга
оширилаётган
текширувлар, муолажалар, профилактик тадбирларнинг
натижаларини интерпретация қилиш ва уларни танқидий таҳрир этиш
кўникмалари билан қуроллантиради. Олий маълумотли ҳамшираларга
клиник эпидемиологияни ўрганиш уларнинг популяцион тафаккур ва муайян
профилактик фаолият кўникмаларини эгаллашлари учун зарурдир.