Ушбу инвентарь рақамлар объектларнинг дастлабки хужжатлари (киримга олиш далолатномалари, амортизация ҳисоблаш қайдномалари ва ҳ.к.)га қўйилиб, асосий воситалар фойдаланиш даври ичида (ҳисобдан чиқиб кетгунига қадар) сақланади ва у бошқа асосий воситаларга берилмайди.
4.2. Асосий воситаларга қўйилган талаблар. Ўзбекистон Республикасининг «Асосий воситалар» номли 5-сон БҲМСга кўра улар таркибига қуйидаги мезонларга жавоб берадиган моддий активлар киритилади:
- хизмат муддати бир йилдан ортиқ;
- бир бирлик учун қиймати (харид пайтида) белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг эллик бараваридан ортиқ бўлган буюмлар.
Корхоналарда асосий воситаларни ҳисобга олиш қуйидагиларни таъминлаши лозим:
асосий воситаларнинг ҳаракати билан боғлиқ муомалаларни ҳужжатларда ўз вақтида ҳамда тўғри расмийлаштириш;
асосий воситаларни бошқа активлардан ажратилган ҳолда гуруҳларга бўлиб, уларни ҳисобга олишни ташкил қилиш;
асосий воситаларни жорий ҳисобда ҳамда бухгалтерия балансида тегишли андозаларга ва меъғрий ҳужжатларга асосан тўғри ва ўз вақтида баҳолаш;
уларни сотиб олинганидан кейин ҳисобдан чиқарилишига қадар турган жойи (фойдаланиш жойи) бўйича мавжудлиги ва сақланишини, айрим ҳолларда уларнинг сақланиши учун маъсул бўлган шахслар бўйича назорат қилиш;
асосий воситаларнинг эскиришини тўғри ва ўз вақтида ҳисоблаб чиқиш ҳамда уни ҳисобда тўғри акс эттириш;
таъмирлаш бўйича харажатларни аниқлаш ва бу мақсадлар учун ажратилган маблағларнинг оқилона ишлатилишини назорат қилиш;
эскирган, хўжалик учун ошиқча бўлган асосий воситаларни ўз вақтида ҳисобдан чиқаришни таъминлаш;
ҳисобдан чиқарилган асосий воситалар бўйича молиявий натижаларни тўғри ва ўз вақтида аниқлаш.
Ўзбекистон Республикасида асосий воситалар ҳисобини юритишда хўжалик субъектлари раҳбари ҳисобот йилида буюмларни асосий воситалар таркибида ҳисобга олиш учун улар қийматининг энг кам чегарасини мустақил равишда нисбатан камроқ миқдорда белгилашга ҳақлидир.
Шу билан бирга, хизмат муддати ва қийматидан қатъий назар, қуйидагилар асосий воситалар таркибига киритилмайди:
-махсус асбоблар ва мосламалар;
-махсус ва санитария кийим-кечаклари, махсус пойабзаллар;
-кўрпа-тўшак анжомлари;
-ёзув-чизув анжомлари (калькуляторлар, стол устига қўйиладиган асбоблар ва бошқалар);
-ошхона анжомлари, шунингдек, ошхона учун дастурхон-сочиқлар;
-ҳизмат муддати бир йилдан кам бўлган алмаштириладиган ускуналар;
-ов қуроллари (траллар, тўрлар, қармоқлар ва бошқалар).