6. 1. Турист тушунчасининг таърифи
Ўзбекистон Республикасининг 1999 - йил 20 - августда қабул қилинган ''Туризм тўғрисида''ги қонунида турист тушунчасининг таърифи берилиб, унда: "турист - Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ёки бошқа мамлакатга саёҳат қилувчи (доимий истиқомат жойидан туризм мақсадида жўнаб кетган) жисмоний шахсдир", - дейилади.
Турист - туристик маҳсулот, товар, туристик хизмат, ишнинг - (бутун турнинг) истеъмолчисидир. У бирор жой, аҳоли пункти, ҳудуд ёки мамлакатда унинг фуқаролиги, миллати, жинси, тили, динидан қаътий назар ўша жойда 24 соатдан кам бўлмаган ва 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда турувчи вақтинчалик турувчи ёки ўз мамлакатидан ташқарида гурухли ёки якка тарзда камида бир марта ётишини амалга оширувчи, жойлашиш, ҳордиқ чиқариш учун саёҳат қилиш, даволаниш, иш мақсадларини амалга оширувчи ва борган жойида ҳақ тўланадиган бирор фаолият билан шуғулланмаслиги керак.
Аввало, турист туристик маҳсулотнинг истеъмолчиси сифатида деярли барча ривожланган мамлакатларда бўлгани каби, жумладан, Ўзбекистон республикасида мавжуд бўлган "Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳақида"ги қонуни ҳимояси остида бўладилар. Туризм истеъмолчиси талаб қилишга ҳақлидир. Турист бўлмаса - туризм ҳам бўлмайди. Кўплаб ва турли жамоат ташкилотлари истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси масаласи билан шуғулланишади. Истеъмолчи дам олиш шароитларига деярли талабдан келиб чиқиб муносабатда бўлади ва тўланган хизмат бажарилмаганида ёки бу хизмат сифатининг ваъда берилгани билан мос тузилмаса шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Таҳлиллар шуни кўрсатадики энг норози сайёҳлар - бу немис туристлари ҳисобланади. Германияда ҳар йили туристик фирмаларга компенсацияни талаб қилиб 500 дан зиёд шикоятлар тушади. Мамлакатда шу каби масалаларни ҳал этиш билан шуғулланувчи махсус воситачилар мавжуддир.
Турли мамлакат туристларининг характерлари ва туристик маҳсулотни истеъмол қилишдан мақсадлари кўп даражада умумий бўлишига қарамасдан, муҳим фарқларга ҳам эга. Бундай фарқларнинг моҳияти улар учун ҳаёт тарзи ва дам олишнинг одати, туристик ресурслар билан танишлиги ва ахборотнинг чуқурлиги, тарихни билиши, реалликни объектив қабул қилиш қобилияти ва ушбу туристик марказда мавжуд бўлган туристик ресурслар ва имкониятлардан фойдаланишга боғлиқ.
Туристларни, айниқса хориж туристларини қабул қилишда туристик ресурслардан самарали фойдаланиш учун уларнинг ҳаёт тарзини, миллий характери хусусиятларини, тайёргарлик даражаси ва туристик қизиқиш объектини қабул қилиш имкониятини батафсил ўрганиш зарур.
Барча бу кўрсаткичлар ва характеристикалар туристик маҳсулот, хизмат ҳажми ва даражаси, экскурсия матнлари ва ҳ. к. ни лойиҳалашда ҳисобга олинади.
Ҳозирги кунда энг кўп тарқалган тадқиқот шакли - туристик марказлар ва ҳудудларга туристларнинг келиши ва кетишини расмий статистика тўплами бўлиб, унда туристик оқимларни, ҳаракат қилиш усулларини, туристлар эҳтиёжлари ва уларнинг тўловга қобиллигини, хусусан, туристик ресурсларни қабул қилиш, туристик фаолиятни бошқа таҳлиллари, асосан ушбу ҳудуд учун туризм даромадлилиги бўйича махсус тадқиқотлар ўтказилади.
Турист - моддий ва маънавий туристик маҳсулотларнинг истеъмолчисидир. Моддий туристик маҳсулотлар дейилганда - туристларни жойлаштириш, ташиш, овқатлантириш, маиший хизматлар кўрсатиш шаҳобчалари, тарихий ва маданий ёдгорликлар ва уларда кўрсатиладиган барча моддий хизматлар мажмуйи тушунилади. Маънавий туристик маҳсулотлар дейилганда эса - (масалан, тарихий туризм бўйича) туристларни тарихий ва маданий ёдгорликлар билан таништириш мақсадида гид - экскурсоводлар томонидан уларга берилган тарихий маълумотлар ва ахборотлар, (маданий туризм бўйича) туристларга фестиваллар, карнаваллар, томошалар, концертлар, театрлар, дорбозлар, циркларда берилган маданий озуқалар, руҳий кечинмалар тушунилади. Демак, туристлар мана шундай туристик маҳсулотларнинг истеъмолчисидир.
Моддий туристик маҳсулотлардаги жойлаштириш тизимининг ўзида туристлар бевосита бир қатор туристик хизматларнинг истеъмолчисидирлар. Олиб юриш ва овқатлантириш тизимида ҳам туристларга истеъмол учун қатор хизматлар мажмуйи кўрсатилади.
Мазкур моддий ва маънавий туристик маҳсулотлардан туристлар қониқиш ҳосил қилмаса, ушбу туристик истеъмоллар яроқсиз ва қисман яроқсиз ҳисобланади, ҳамда, ўз навбатида туристлар қонун талаблари билан ҳақ - ҳуқуқларини қондириш юзасидан турагентларга мурожаат қилишлари мумкин. Шартномада туристлар томонидан кўрсатилган барча шартлар тўлиқ бажарилиши лозим. Чунки, туристлар мазкур турмаҳсулотлар учун олдиндан ўз маблағларидан пул тўлаб қўйишган. Демак, улар магазинлардан маҳсулот сотиб олган кишилар каби истеъмолчидирлар. Талаб қондирилмаса, охирги йўл - суддир. Бу ҳақда мавзуимизнинг кейинги (туристнинг ҳуқуқ ва эркинликлари) қисмида ҳам тўхталиб ўтамиз.
Турист - вақтинчалик туновчи мусофирдир. Юқорида кўрсатилганлардан ва туризм тушунчасидан кўринадики - турист ҳудуд ёки мамлакатнинг вақтинчалик келиб - кетувчиси ҳисобланади. У бу ҳудудга ёки мамлакатга вактинчалик келади, бу жой унинг одатдаги яшаш жойидан фарқ қилади. У туризм мақсадида маълум муддатга келади ва бу муддат 6 ойдан ошиб кетмаслиги лозим. Ҳудуд ёки мамлакатга бир ишда 6 ойдан кўп муддатга келувчи шахс турист ҳисобланмайди ва туризм статистикасида ҳисобга олинмайди.
Вақт омили бўйича туристик саёҳатларни қуйидагиларга ажратиш лозим:
1 - 3 кунлик саёҳатлар. Булар дам олиш кунлари ташкил этилади. Бундай саёҳатлар минимал транспорт ҳаражатларида, маданий ва туристик марказларда ўтказилади. Клуб саёҳатлари муҳим ўринни эгаллайди, масалан, турли майдонлардаги гольлф ўйинларга ёки бошқа кўринишдаги дам олиш ва ҳордиқ чиқариш машғулотларига;
4 - 7 кунлик саёҳатлар дунё туризм статистикасида энг кўп тарқалгани ҳисобланади;
8 - 12 кунлик саёҳатлар, маълум даража туристлари учун бу фойдали ва ҳаражатларнинг пасайиши билан кузатилади. Маълум туристик ҳудудларга 2 ҳафтага бир марта бориш 7 кунга 2 марта боргандан арзонроқдир;
Узоқ муддатли саёҳатлар: 2 ҳафтадан кўп муддатга. Булар шунчалар озки, ҳатто баъзи меҳмонхоналар 2 ҳафталик дам олишни сотиб олган туристга 3 ҳафтани бекорга беришган. Бундай саёҳатлар махсус туризм кўринишларга хос.
Ҳар бир туристик ҳудудга ёки марказга турли муддатдаги турлар хосдир. Туризмнинг юқори иқтисодий кўрсаткичлари ривожланган траспорт инфратузилмасига ва алоқа йўлларига эга чегаравий мамлакатларга хосдир. Турист оқимлари бир вақтда темир йўл, сув, ҳаво ва автомобил траспорти билан боришади, қисқа муддатли саёҳатда турист ҳар куни кўп кунлликка нисбатан кўп сарф қилади.
Европада қисқа муддатли саёҳат бўйича туристик оқим обороти Францияга 18% гача, Австралияга 12 % гача, Германияга 8 % гачадир. Агар Россиядан Араб Амирликларига ёки Мисрга туризмни кўриб чиқадиган бўлсак, унда асосий саёҳат қисми 6 - 7 кунлик саёҳат бўлиб чиқади.
Албатта, турист вақтинчалик ташриф жойида 24 соатдан кўп бўлади. Инсон физиологиясидан уни дам олиши ва тунаши учун вақт керак, шунинг учун у тунаш жойи сотиб олиши лозим. Тур - бу камида 2 та ёки 3 та туристик хизматлар пакетидир. Шунинг учун жаҳон тажрибасида турнинг давомийлиги тунаш бўйича ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |