13 - мавзу. Экология ва туризм
13. 1. Экология ва туризмнинг ўзаро алоқадорлиги
13. 2. Туризм экологияси ва экологик туризмнинг ўзига хос хусусиятлари
13. 3. Миллий парк ва заҳираларнинг экотуризмда тутган ўрни
13. 1. Экология ва туризмнинг ўзаро алоқадорлиги
Маълумки, бутун дунёда "2002 - йил - экотуризм йили", - деб эълон қилинди. Бу албатта, бежиз эмас. Негаки, ҳозирги кунда экологик муаммолар етарли бўлиб, табиатни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш дунё ҳамжамияти олдида турган энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Экология - ушбу тадқиқотимиз объектида кишилик жамиятининг ўзаро муносабатлари, унинг туризм ва атроф муҳитдаги фаолияти тўғрисидаги фан сифатида қаралади.
Жамият ривожланиши ҳозирги босқичининг характерли хусусиятларидан бири атроф - муҳит ифлосланишини техноген омилларининг ортиши бўлиб, бу фавқулодда ҳолатларда биринчи навбатда туристик ресурсларнинг экологик кризисига олиб келади. Экологик вазиятнинг зўрайиши бутун дунёда муаммо даражасидаги холатдир.
Бугунги кунда долзарб вазифалардан бири табиий муҳитни сақлаш масалаларини ҳал қилишга янгича йўналишларни ишлаб чиқишдир. Бундай ёндашувни комплекс даражада мураккаб ижтимоий - иқтисодий ва экологик тизим сифатида қаралиши муҳимдир. Ушбу муаммоларни ҳал қилишда етакчи ўринни туризм эгаллайди ва бунинг асосий сабаблари қуйидагилардан иборат:
1. Туризм дунё хўжалигида динамик ривожланаётган тармоқларидан биридир. У жаҳон миллий ялпи маҳсулотида самарали ўрин эгаллайди, жаҳон инвестицияларининг 7% ни ўзига жалб қилган ҳолда катта миқдорда янги ишчи ўринлари яратиши кўп мамлакатларда солиқ тушумларининг муҳим моддаси ҳисобланади.
2. Туризм замонавий давлат иқтисодиётининг барча муҳим бўғинларига, ривожланган жамият ҳаётининг барча томонларига таъсир кўрсатади. Туризм иқтисодиётни таркибан қайта қуришни ва ижтимоий тараққиёт устувор алмашувининг самарали воситаларидан бири ҳисобланади.
3.Туризм чуқур ижтимоий вазифаларни бажаради. У ўзининг ҳозирги ривожланиш босқичида биринчи навбатда маълум бир ижтимоий масалаларни ҳал қилишга йўналтирилади.
Туризмнинг ижтимоий масалалари қуйидагиларда белгиланади:
а) истеъмолчиларни кенг хизмат тармоқлари орқали номоддий неъматлар билан таъминлаш;
б) аҳолининг умумтаълим, маданий, ижтимоий даражасини шакллантириш;
в) миллатлараро, давлатлараро этник гуруҳлар, шахслар ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш;
г) истеъмолчиларнинг дам олиши, ҳаётий кучларини тиклаш, саломатлигини таъминлаш;
д) жамият узоқ муддатли манфаатлари билан аҳолининг алоҳида гуруҳлари манфаатларини келиштириш, шу жумладан ёқимли экологик, ижтимоий - маданий муҳитни сақлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |