6.1-расм. Гидроэлектростанция қурилишининг бош режаси
Гидроэлектростанция қурилишининг бош режаси схема тарзида 6.1-расмда кўрсатилган. қурилиш майдончасида барча объектларнинг жойлашуви асосий иншоотларни қуриш технологияси талаблари ва жой рельефини ҳисобга олган ҳолда бажарилган. Ишлаб чиқариш базаси объектлари гидротехника иншоотлари бўғинининг створига (1) мумкин қадар яқинлаштирилган. Биринчи (2) ва иккинчи (3) навбат тўғонлар бўғиннинг асосий иншоотлари бутун қурилиш даври мобайнида сувсиз шароитларда барпо этилишини таъминлайди.
Режада кўриниб турганидек, бетон ва бойитиш хўжалиги (4), ёғоч заводи (5), йиғма темир-бетон полигони (6), ихтисослашган ташкилотлар базалари (7-13), автохўжалик (14), таъмирлаш-механика хўжалиги (15), саноат қурилиши базалари (16), моддий-техника омборлари (17), кўмир омбори (18) қурилиш майдончаси марказида жойлашган. қурувчилар шаҳарчаси (19) мавжуд шаҳарча (20) яқинида жойлашган. Жой рельефи туфайли шаҳарчанинг бир қисми бошқа майдончада жойлаштирилган. Участка хўжалиги (21) асосий иншоотлар котловани олдида, причал (22) яқинида жойлашган. Карьерлар (23) ўрни яроқли қурилиш материаллари мавжудлиги билан белгиланган.
Инженерлик изланувлари
Гидротехника иншоотларини лойиҳалашдан олдин қурилиш ҳудуди ва майдони инженерлик изланувлари ўтказиш йўли билан синчиклаб ва ҳар томонлама текширилади ва ўрганилади. Инженерлик изланувлари вазифасига бинолар ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш асосий масалаларининг техник жиҳатдан тўғри ва иқтисодий жиҳатдан самарали ечимларини танлаш учун зарур қурилишнинг маҳаллий табиий шароитларини тавсифловчи маълумотлар олиш киради. Изланувларнинг материалларидан лойиҳалаш жараёнида унинг барча босқичларида фойдаланилади.
Инженерлик изланувлари ўз хусусиятига кўра уч хил: инженерлик-техникавий, техник-иқтисодий ва экологик бўлади. Инженерлик -техникавий изланувлар предметини қурилиш ҳудудининг табиий шароитларини комплекс ўрганиш ташкил этади. Бундан лойиҳани тузиш чоғида уларни тўғри ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш мақсади кўзланади. Улар гидротехника иншоотлари бўғини створи, қурилиш майдони, иншоотлар ўрнини танлаш, шунингдек қурилишни ташкил этиш жараёнини лойиҳалаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Бу ечимлар асосан техник-иқтисодий асослантириш босқичида қабул қилинади, шу боис мазкур босқичда изланувлар тўла ҳажмда ўтказилиши лозим. Муҳандислик-техникавий изланувлар таркибига қуйидаги турлар киради: топографик, иқлим, геологик, гидрологик, тупроқ ва санитария-гигиена изланувлари.
Техник-иқтисодий изланувлар предметини қурилиш ҳудудининг иқтисодий шароитларини, унинг ривожланиш истиқболларини комплекс ўрганиш, қурилишни хом ашё, қурилиш материаллари, электр энергия, ёнилғи, сув ва бошқа моддий ресурслар ҳамда меҳнат ресурслари билан таъминлаш имкониятларини аниқлаш ташкил этади.
Экологик изланувлар ва тадқиқотлар сув оқимининг қурилиш ҳудуди экологик тизими билан ўзаро алоқасини ўрганиш, юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олувчи зарур табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини аниқлашни назарда тутади. Изланувларнинг барча турлари гидротехника иншоотлари бўғини параметрларини белгилаш, қурилиш майдони, автомобиль йўллари ва электр узатиш тармоқлари трассаларини танлашда биринчи даражали аҳамият касб этади.
Изланув ишларини одатда етакчи лойиҳалаш ташкилоти бажаради. Изланув ишларини бажариш учун тегишли бўлинмалар – экспедициялар, партиялар, отрядлар ва бригадалар тузилади. Изланув экспедициялари ва партиялари ўз хусусиятига кўра ихтисослашган ва комплекс бўлиши мумкин: ихтисослашган экспедициялар ва партиялар изланувларнинг муайян бир турини, комплекс экспедициялар ва партиялар эса – бир неча турини бажаради. Изланув ишларининг бутун ҳажмига дастур тузилади. Дастурда дала ишларини бошлаш ва тугаллаш, оралиқ ва якунловчи ҳисобот материаллари тақдим этиш муддатлари ҳам кўрсатилади.
Изланув ишларини бажаришга киришишдан олдин ва уларни амалга ошириш жараёнида у ёки бу қарорларни тегишли ташкилотлар билан мувофиқлаштиришга тўғри келади. Масалан, водопровод ва канализация иншоотлари учун изланувлар бўйича – Давлат санитария назорати органлари билан, гидрологик ва метеорологик изланувлар бўйича – Гидрометеорология хизмати бошқармасининг маҳаллий органлари билан ва ш.к.
Мувофиқлаштириш, лойиҳалаш ва қурилиш чоғида изланувларнинг материалларидан фойдаланишда қулайлик яратиш учун ўтказилган муҳандислик изланувларига мувофиқ олинган айрим техник ва юридик ҳужжатлар ҳамда буюртмачининг маълумотларидан иборат қурилиш участкаси паспортини тузиш тавсия этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |