Оқ чириш (склеротиниоз). Касалликни Sclerotinia sclerotiorum аскомицет замбуруғи қўзғатади. Касаллик дунёда ҳар хил субстратларда, айниқса сабзавот, полиз, резавор экинлар ва меваларда кенг тарқалган, Ўзбекистонда цитрус экинларида ҳам учраши эҳтимол қилинади. Қўзғатувчининг белгилари олдинги бўлимларда келтирилган.
Мевалар олдин қўнғир тус олади, қобиғи сал юмшайди, кейин сариқ, сўнгра сарғиш – қўнғир тус олади. Нам шароитда уларнинг устида оқ, пахтасимон моғор ва нотўғри шаклли, ўлчами 1-3 мм келадиган склероцийлар пайдо бўлади. Меваларни сақлаш пайтида юқори намлик кузатилса, қўзғатувчи зарарланганларидан соғломларига контакт усулда тез тарқалади ва уларни тез чиритади. Муътадил ва сернам иқлимли минтақаларда қўзғатувчи экинларнинг пояларини ҳам зарарлайди ва улардан елим оқишига олиб келади. Қўзғатувчи ноқулай шароитларда склероцийлари ёрдамида бир неча ой сақланади. Улар сернам шароитда ўсади ва апотецийлар ҳосил қилади. Аскоспоралар меваларга тушиб, уларни табиий тешиклар ёки ҳар хил жароҳатлар орқали зарарлайди.
Альтернариоз чириш. Қўзғатувчи тўқ тусли гифомицет Alternaria citr туридир. Касаллик Ўзбекистонда қайд этилмаган. Бу қўзғатувчи АҚШ нинг Калифорния штатида узоқ сақлаш учун қўйилган лимон мевалари нобуд бўлишининг асосий сабабчисидир. Жароҳатланган ёки физиологик заифлимон мевалари қобиғида ёки ичининг ўртасида қўнғир-қора доғлар пайдобўлади. Меваларни 13-15oC да сақлаганда, омборхоналарга қўйилган тўлаетилган (сариқ) лимонларда касаллик 4-6 ҳафта, етилаётган (сарғаябошлаган) ларида 8-10 ҳафта ва яшилларида эса 12-16 ҳафта орасида пайдобўлади.
Фузариоз чириш. Касалликни гифомицетлар Fusarium moniliforme ва Fusarium oxysporum замбуруғлари қўзғатади. Бу турлар дунёда кенг тарқалган. Фузариоз Исроилда ва Австралияда омборхонада сақланаётган апельсин ва грейпфрутларнинг анча қисминиг йўқотилишига олиб келади. Ўзбекистонда бу турлар учрайди, аммо улар цитрус меваларини зарарлаши ҳақида хабарлар мавжуд эмас. Фузариоз меваларда секин ривожланади, шу сабабдан узоқ сақланадиган меваларда касалликнинг аҳамияти каттароқ. Меванинг кўпроқ гул бўлган томони, камроқ бошқа жойлари зарарланади, баъзан ташқи томонидан соғлом кўринадиган меваларнинг ўртаси чириган бўлиши мумкин. Зарарланган мева қобиғи терисимон, ботиқ шакл, оч ёки тўқ-қўнғир тус олади. Нам шароитда қобиқнинг зарарланган жойларида оқ мицелий пайдо бўлади, қобиқ, қўзғатувчининг турига қараб, оқ, оч-қўнғир ёки нимранг тусга киради. Қўзғатувчининг конидиялари ўсимлик қолдиқларида ва зарарланган ва нобуд бўлган новдаларда ҳосил бўлади. Улар ёмғир ва шамол билан ҳали етилмаган мевалар устига тушади ва у ерда тиним даврига кириб, сақланади.Замбуруғ соғлом тўқималарни зарарлаши мева етилганидан ва узоқ вақт давомида сақланганидан кейин кузатилади. Одатда ўсув ёки сақлаш даврида ҳар хил ноқулай факторлар таъсирида заифлашган мевалар зарарланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |