АПЕЛЬСИН
Апельсин – голландча хитой олмаси маъносини англатади. Апельсиннинг 400 га яқин навлари бўлиб, улардан 20 дан ортиқ навлари кенг тарқалган.
Апельсин жуда қадимдан энг яхши десерт мевалардан бири ҳисобланади. Апельсин меваларининг таъми сифати – қанд ва кислотанинг уйғунлиги, кучли ҳушбўй ҳиди – уни фақатгина цитруслар орасида эмас, балки бошқа барча мевалар олдида ҳам биринчи ўринлардан бирига қўяди.
Витаминлилик даражаси бўйича апельсин мевалари лимондан қолишмайди. Бошқа мевалардан фарқли равишда улар таркибидаги витаминларнинг мустаҳкамлиги билан ажралиб туради. Кислоталилиги ва пўстининг тиғизлиги туфайли унинг шарбатида витаминларнинг парчаланиши деярли кузатилмайди. Ҳатто қайнаш ҳароратигача қиздирилганда ҳам апельсин шарбати ўзининг витаминлилик даражасини сақлаб қолади.
Меваларининг янгилигида истеъмол қилиниши ва техник қайта ишланишидан ташқари, унинг мева пўсти, гуллари, барглари ва ёш новдалари ҳам қайта ишлашга қабул қилинади. Барглари ва гулларидан атторлик ва қандолатчилик саноатида юқори қадрланадиган петигрен ва нерол типидаги энг қимматли эфир мойлари ишлаб чиқарилади.
Н.И.Вавилов таълимотига кўра апельсиннинг асосий ватани Ҳиндистон, иккиламчи ватани эса Жанубий Хитой ҳисобланади. МДҲ давлатларига апельсин Голландия ва Германиядан кириб келган
Ҳозирги кунда апельсин дунёнинг барча субтропик минтақаларида етишитирилади ва тарқалганлик даражаси бўйича цитруслар ичида биринчи ўринни эгаллайди.
Апельсин қуюқ шарсимон шоҳ-шаббали 8 м ва ундан ҳам баландроқ, узоқ яшовчи кучли дарахт ҳосил қилади. Барглари асосида юмалоқ, узунлиги 7-10 см, ингичка қанотчали. Барг қўлтиқларида тиканлари жойлашади. Гуллари якка, ёки кичик тўпгулли, ранги оқ, ўртача ўлчамда, ҳидли.
Ўзининг хусусиятлари бўйича апельсин навлари тўрт гуруҳга бўлинади: оддий (ёки Ўрта ер денгизи гуруҳи), киндикчали, королька ёки қизил этли ва Яффа (Фаластиннинг Яффа провинцияси номидан олинган).
Оддий апельсинлар жуда серҳосил бўлиб, юмалоқ, овал ёки бироз ясси ҳар хил ўлчамдаги (вазни 80 дан 180 г гача ва ундан ҳам оғир) меваларга эга бўлади. Мева пўстининг ранги тўқсариқ, уруғлари одатда кўп. Пишиш муддати ва совуққа чидамлилиги одатда навга боғлиқ. Яхшиланган Сухуми, Гамлин, Первенец каби навлар мазкур туркумга мансубдир.
Киндикчали апельсинлар вазни 150-250 дан 460 г гача борувчи йирик думалоқ ёки бироз чўзинчоқ шаклдаги мевалари билан ажралиб туради.
Мазкур гуруҳнинг энг йирик мевалари 600 г гача етади. Меванинг учки
қисмида пўсти ажинли ўсимта кўринишидаги ҳосиласи мавжуд бўлиб, унинг остида ўрмон ёнғоғи катталигидаги ёки ундан бироз каттароқ ривожланмаган мевача жойлашади. Мевалар уруғсиз. Киндикчали апельсинлар кам ҳосиллидир, уларга Вашингтон Навел, Киндикчали №3, киндикчали силлиқ пўстли ва бошқа шу каби навларни мисол келтириш мумкин. Қизил этли апельсинлар дарахтларининг кичикроқ ўлчамда бўлиши, ўртача ҳосилдорлиги, мева вазнининг кичиклиги (90-170 г) ва кам уруғлилиги билан ажралиб туради. Мева этининг ранги қонсимон қизил. Королек грузинский, Королек №15, Королек 100 ва бошқа навлар мазкур гуруҳга мансубдир.
Яффа гуруҳи апельсинларига Валенсия, Шамути, Халили ва бошқа навларни мисол қилиш мумкин.
Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида апельсин уч марта ўсади. Ўсув даври март охири-апрелда бошланади ва об-ҳаво шароитларига боғлиқ равишда 195-210 кунгача давом этади. Ўсиш табиатига боғлиқ равишда апельсинда бир ўсувли, икки ўсувли ва баъзан уч ўсувли шоҳлар учрайди. Апельсин новдаларида 2 типдаги куртак кузатилади: қўшма ва вегетатив. Қўшма куртаклар тўртта типдаги новда ҳосил қилади:
1. Меъёрий бўғим оралиқли ва меъёрий ривожланган баргли узун новда, мўл ҳосил беради.
2. Қисқа бўғим оралиқли ва асосида редуцияланган баргли ўртача новда, одатда иккита мева беради.
3. Баргсиз жуда қисқа бўғим оралиқли ва суст ўсган кучсиз новда. Барглари тангачага редуцияланган, одатда ҳосил бермайди.
4. Битта учки гулли, барг билан яхши қопланган кучли узун новда.
Ўтган йилги ёзги ёки ёзги-кузги ўсувда ривожланган кучли, яхши шаклланган шоҳларнинг учки ёки унга яқин куртаклардан ҳосил бўлувчи дастлабки икки типдаги новдалар энг серҳосил ҳисобланади. Асосий ҳосилни жорий йилдаги биринчи баҳорги ўсувдаги новдалар беради.
Гул куртаклар ўтган йилги ўсув навдасида ҳосил бўлади, ҳосил жорий йилги ўсув куртагида ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Апельсиннинг гуллари четдан чангланишга мослашган, аммо ўзини-ўзи чанглай олиши ҳам мумкин.
Вашингтон Навел навининг мевалари партенокарпик тарзда ҳосил бўлади. Фойдали тугунчалар фоизи 1,1 дан 9,3 гача ўзгаради. Апельсиннинг мевалари нав ва йилнинг метеошароитларига боғлиқ равишда ноябр-декабр ойларида пишиб етилади.
Пайвандтаг сифатида апельсин учун трифолиатадан, тошлоқ ерларда бигарадиядан, енгил тупроқларда апельсин уруғ кўчатларидан, тувак ва оранжереяларда апельсин ва лимон уруғ кўчатларидан фойдаланилади. Пайванд қилинган кўчатлар экилгандан сўнг 3-4 йили ҳосилга киради. Ҳар йили ҳосил беради, ҳосилдорлиги шароит яхши келган йилларда 20-25 т/га гача.
Do'stlaringiz bilan baham: |