Цитрус ўсимликларини вегитатив йўл билан кўпайтириш
Цитрус ўсимликларини пайвандлаб кўпайтириш
Таянч сўзлар Вегитатив, уруғ, пайванд, қаламча, нав, Уз ХИТАН, пикировка, плёнка, куртак, полиэтилен, пўстлоқ, Т ҳарфи.
Цитрус ўсимликлари уруғидан, вегетатив йўл билан ва пайвандлаб кўпайтирилади.
Уруғидан кўпайтириш. Аввалло уруғ сепиладиган жой танлаб олинади ва уруғни экиш учун тайёрланади. Кузатишлар шуни кўрсатадики, уруғдан ундириб олинган кўчатлар кеч ҳосилга киради. 7-15 ҳатто 20 йил кутишга тўғри келади. Баъзан эса мутлоқа ҳосил бермаслиги ҳам мумкин. Аммо уруғдан тайёрланган ниҳолларга цитрус ўсимлигининг ҳосилдор, касалликка чалинмаган, иқлимга мослашган 5-6 ёшли кўчат шоҳларидан куртак олиниб пайванд қилинса ва яхшилаб парвариш қилинса 2-3 йилдаёқ ҳосил бера бошлайди.
Уруғдан ундириб олинган кўчатлар селекцияда янги навлар яратиш учун хизмат қилади. Уруғлар ҳандакларга экилади. Ҳандаклар тубидаги тупроқ ағдарилиб, юмшатилиб, ҳар метр квадрат ерга 10-12 кг дан яхши чириган гўнг солиниб, қайта тупроқ билан аралаштирилади, тупроқ ва чиринди миқдори тенг бўлиши керак. Қўшимча 100-120 г суперфосфат солинади ва яна чиринди тупроқ билан аралаштирилади. Ҳандакка солинган ўғитланган чириндили тупроқ текисланиб эни 60-70 см кенгликдаги пушталар олинади. Сўнгра шу иқлимга мослашган маълум ўсимликдан олиб тайёрлаган уруғлар олиниб тайёрланиши биланоқ ҳандак пушталарига 5х5 схемада экилади. Бироз зичлаб сўнгра пуркагичлардан фойдаланиб пушта намланиб турилади. Талаб этилган қоидаларига тўла амал қилинган тақдирда уруғлар 1-1,5 ойда униб чиқади. Ниҳоллар 4 та барг чиқарганда бошқа махсус тайёрланган жойга кўчириб ўтказилади, кўчиришда тупроғи билан ўтказилади. Кўчатни кўчиришдан олдин тупроқ намланади, ниҳоллар кўчирилганда илдиз чуқурлиги ўзаро бир текис бўлишига алоҳида аҳамият берилади. Уруғидан кўпайтирилган кўчатлардан асосан пайванд таг сифатида фойдаланилади.
Қаламчадан кўпайтириш. Бу Цитрус ўсимликларининг вегетатив навдаларидан кўпайтириб кўчат етиштириш ҳисобланади. Бу усулда кўчат етиштириш энг қулай, осон ва самарали усул ҳисобланади. Бу усулда қисқа даврда кўплаб кўчатлар етиштириш имконияти вужудга келади. Энг муҳими бу усулда кўчатлар тез ҳосилга киради ва вегетатив вояга етган куртакларда шаклланган навга хос ирсий белгилар тўла сақланиб қолади. Қаламчадан тайёрланган кўчат ерга ўтказилгандан сўнг 2-3 йилда муттасил юқори ҳосил бериб боради. Қаламчадан кўчат етиштириш йил давомида бўлиши мумкин, лекин энг қулай муддат феврал ойидан март ойигача олиб борилгани янада яхши натижа беради.
Қаламчадан кўчат етиштиришда соғлом, ҳосилдор навлар танланади. Қаламча навдалар 8-12 см узунликда кесиб олинади. Остки кесик куртакка тақаб кесиб олинади. Юқориги кесик куртакдан 2-3 см юқоридан кесиб олинади. Қаламчадаги пастки 1,2,3 барглар тўла кесилади, юқоридаги 2-3 барглар учдан дан бири қисқартирилиб сувли тоғорада сақланади. Қаламчалар қисқа муддатда илдиз олиши мақсадида Уз ХИТАН препарати билан кўчатларга ишлов берилиб кўчатзорга экилади. Цитрус ўсимликларини етиштирадиган хўжаликларда қаламчалар эни 60-70 см пушталарнинг қумли қатламига 5х5 см схемада, 2-3 см чуқурликка қадалади ва қум устига 3 марта сув сепилиб намлик 70 % да сақлаб турилади. Қаламчалар илдиз отгандан сўнг 20-25 см га пикировка қилинади. Уй шароитида шахсий пушталарга пикировка қилмасдан бирданига 20-25 см оралиқда 6-8 см чуқурликда қадаб қаламчаларни экиб ўстириш мумкин. Қаламчаларни экишдан олдин чуқурлик туби юмшатилиб 200 см чуқурликда шағал тош солинади, сўнгра 5-6 қалинликда чириган гўнг, сўнгра устидан 20 см қалинликда йирик қум ташланади. Қаламча экилгандан сўнг эгатлар орқали суғорилади ва қаламчаларга 1 кунда 3 марта сув пуркаб турилади. Эгатларда суғориш хар 4-5 кунда такрорланиб турилади. Плёнкалар билан ёпиб қўйилади. Қаламчалар 25-30 кунда илдиз отади, сўнгра кўкарган кўчатларга сув пуркаш сони камайтириб борилади. Плёнкада харорат 250 с атрофида бўлиши керак. Апельсин ва мандаринни кўпгина навлари қаламчасидан кўкармаслиги туфайли уларни лимонга пайванд қилиб, кўпайтирилади.