25.4. Жаҳон хўжалиги алоқаларини халқаро тартибга солиш
Бутун жаҳон хўжалик ҳаётининг байналминаллашуви давлатлараро хўжалик алоқаларни тартибга солишнинг механизмини яратиш зарурлигига олиб келди. Ҳозирги даврда қандайдир тартибга солувчи тузилма амал қилмайдиган халқаро иқтисодий муносабатлар соҳасини топиш қийин. Жумладан, молия, валюта ва кредит соҳаларида Халқаро валюта фонди (ХВФ), Халқаро таъмирлаш ва ривожланиш банки (ХТРБ), жаҳон савдоси соҳасида – Тарифлар ва савдо бўйича бош келишув – Жаҳон савдо ташкилоти (ТСБК – ЖСТ)ни кўрсатиш мумкин.
Халқаро иқтисодий муносабатларни тартибга солиш миллий-ташкилий шакллардан бошланади. Хўжалик ҳаётининг байналминаллашув жараёни дастлаб миллий давлатлар фаолиятини халқаро уйғунлаштиришга, кейин эса давлатлараро ва халқаро ташкилотлар тузилишига олиб келди.
Ҳуқуқий маънода тартибга солиш халқаро тартибларни ўрнатишга, яъни меъёрий чегаралар ва қоидаларни аниқловчи келишувларни ишлаб чиқаришни ёки халқаро алоқаларнинг қандайдир соҳасини ҳал қилишда томонлар зиммасига мажбуриятларга амал қилишни юклайди. Умумқабул қилинган андозалар ва қоидаларни ўз ичига олувчи халқаро тартиблар ўз навбатида миллий татибга солишга таъсир кўрсатиши мумкин.
Биринчи халқаро ташкилотлар ХХ асрнинг 20-йилларида тузилган бўлсада (Миллатлар лигаси – 1919 йил, Халқаро ҳисоб-китоблар банки – 1929 йил), халқаро даражада жаҳон хўжалик алоқаларини кўп томонлама тартибга солувчи тузилмалар иккинчи жаҳон урушидан кейин шакллана бошлади.
1945 йил махсус халқаро уйғунлаштирувчи муассасалар – Халқаро валюта фонди (ХВФ) ва Халқаро таъмирлаш ва ривожлантириш банки (ХТРБ) ташкил топди. Ҳозирги даврда ҳам уларнинг иккаласи муҳим халқаро ташкилот ҳисобланиб, жаҳон савдоси, халқаро кредит ва валюта муносабатлари соҳаларини давлатлараро тартибга солишнинг тартиб-қоидаларини аниқлаб беради. Урушдан кейинги даврда тузилган Тарифлар ва савдо бўйича бош келишув (ТСБК), Европа иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти (ЕИХТ), НАТОнинг иқтисодий масалаларни уйғунлаштирувчи комитети (ИМУК) халқаро иқтисодий муносабатларни эркинлаштириш даврига тўғри келди.
Жаҳон савдосини эркинлаштириш кўп томонлама шартнома асосида ҳаракат қилувчи, халқаро савдо тартиб қоидаларини қайд қилувчи, 1948 йилнинг 1 январидан буён Тарифлар ва савдо бўйича бош келишув (ТСБК) номи билан фаолият кўрсатиб, 1995 йил 1 январдан Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) деб юритилувчи халқаро ташкилот доирасидаги фаолият билан боғлиқ. Ҳозирги даврда ЖСТ жаҳон савдо айланмасининг 45 қисмидан кўпроғини тартибга солади. ЖСТ миллий ва минтақавий даражада вақти-вақти билан кучайиб борувчи протекционизмга қарши туради, миллий манфаатларни ўзаро келиштиришга ёрдам беради. Унинг фаолияти савдода камситмаслик, савдода тарифли ва тарифсиз чеклашларни аниқлашда тенг асосда маслаҳатлашиш каби тамойилларга асосланади. ЖСТ фаолиятининг асосий шакли қатнашувчи томонларининг кўп томонлама савдо музокараларини ўтказиш ҳисобланади.
Аммо жаҳон савдоси рақобат кураши асосида боради, шу сабабли ўзаро мақбул қарорларни қидириб топишга ва савдони халқаро даражада тартибга солишга кўплаб қийинчиликлар билан эришилади.
Халқаро иқтисодий муносабатларнинг яна бир аҳамиятга молик соҳаси – бу валюта-молия соҳасидир. Халқаро молиявий муносабатларни уйғунлаштириш ХВФ, ХТРБ, Иқтисодий хамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ), Халқаро ривожланиш уюшмаси (ХРУ), Халқаро молиявий корпорация (ХМК) ва шу кабилар доирасида амалга оширилади. «Катта саккизлик» номини олган жаҳондаги етакчи мамлакатлар (АҚШ, Япония, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Канада, Россия) нинг ҳар йиллик кенгаши бу соҳада муҳим роль ўйнайди. Бу мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти 2007 йилда жаҳондаги барча мамлакатлар ЯИМнинг 45,3 фоизини ташкил этган (25.1-жадвал).
Валюта-молиявий соҳани халқаро уйғунлаштиришнинг кучайиши кўп жиҳатдан ХВФнинг фаолияти билан боғлиқ. У ўзининг низомига мувофиқ валюта курслари ва аъзо мамлакатлар тўлов балансларини тартибга солади, кўп томонлама тўлов тизимлари ва ривожланаётган мамлакатлар ташқи қарзларини назорат қилади, аъзо мамлакатларга уларнинг валюта-молия муаммоларини ҳал қилиш учун кредит беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |