Жаҳон хўжалиги миллий хўжаликдан иқтисодий алоқаларнинг халқаро миқёсга чиқиши ва ягона жаҳон бозорининг мавжудлиги билан фарқланади. Жаҳон бозорининг амал қилишига ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий сиёсати аҳамиятли таъсир кўрсатади. Жаҳон бозорининг ўзига хос хусусияти бўлиб жаҳон нархлари ва халқаро рақобат тизимининг амал қилиши ҳисобланади. Айнан халқаро рақобатнинг мавжудлиги турли даражадаги миллий қийматларни ягона байналминал қийматга келтиради. Жаҳон нархи жаҳон бозорига неъматларнинг асосий ҳажмини етказиб берувчи мамлакатлардаги шарт-шароитлар орқали аниқланади.
Ишлаб чиқариш ёки иқтисодий ҳаётнинг байналминаллашуви – бу иқтисодий алоқаларининг жаҳон миқёсида кучайиши ҳамда иқтисодий муносабатларнинг тобора кенгроқ жабҳаларини қамраб олиши жараёни ҳисобланади.
Иқтисодий ҳаётнинг байналминаллашуви билан бир қаторда глобаллашуви жараёни ҳам муҳим ўрин тутади. Глобаллашув жаҳон хўжалигининг бутун маконини қамраб олувчи иқтисодий муносабатлар ягона тармоғининг ташкил топиши ва ривожланишини англатади. Глобаллашув жарарёнининг мулкчилик муносабатларининг глобаллашуви; кооперация ва меҳнат тақсимотининг нисбатан юқори даражасига ўтиш; хўжаликни ташкил этишнинг бутунлай янги шаклларининг пайдо бўлиши ва ривожланиши; халқаро иқтисодий ташкилотларнинг тартибга солувчи роли ривожланиши каби йўналишларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Шунингдек, жаҳон хўжалиги глобалашуви жараёнларининг турли мамлакатлардаги иқтисодий ривожланишнинг бир текисда бормаслиги; бой ва қашшоқ мамлакатлар ўртасидаги фарқнинг кучайиши; экологик ҳалокат таҳдидларининг кучайиб бориши; турли мамлакатларда аҳоли сонининг ўзгаришининг фарқланиши каби зиддиятли томонлари ҳам мавжуд.
Халқаро меҳнат тақсимоти (ХМТ) алоҳида мамлакатларнинг товар ва хизматларнинг маълум турларини ишлаб чиқаришга ихтисослашувини ифодалайди. Алоҳида мамлакатларнинг бундай ихтисослашуви маҳсулотлари устун даражада экспортга йўналтирилган халқаро ихтисослашган тармоқларнинг шаклланишига олиб келади.
Халқаро меҳнат тақсимоти ривожланиши натижасида жаҳон бозори таркиб топади. Жаҳон бозорига товар ва хизматларнинг халқаро ҳаракати сифатида қараш мумкин. Жаҳон бозори ўзининг ривожланишида бир қатор босқичлардан ўтадики, улардан ҳар бири миллий хўжаликнинг халқаро иқтисодий муносабатларга жалб қилинишининг маълум даражаси билан тавсифланади.
Халқаро иқтисодий муносабатларнинг анча мураккаб жиҳатларидан бири ишчи кучининг халқаро миграцияси ҳисобланиб, у ўз ифодасини ишчи кучи ресурсларининг анча қулай шароитда иш билан таъминлаш мақсадида бир мамлакатдан бошқасига кўчиб ўтишида топади.