Уйғунлик тамойили аудитнинг дастлабки режасини тузишдан тортиб, то умумий режаси ва дастурини тузгунга қадар бўлган барча босқичларнинг ўзаро боғлиқлиги ва мувофиқлигини таъминлашни назарда тутади.
Режалаштиришнинг узлуксизлик тамойили текширувда иштирок этадиган аудиторларга келишилган топшириклар белгиланиши ва режалаштириш босқичларининг муддатлар ҳамда таркибий бўлинмалар бўйича боғлиқлигида ифодаланади.
Аудитни режалаштиришнинг мақбуллик тамойили шундан иборатки, режалаштириш чоғида аудиторлик ташкилоти ўзи белгилаган мезонлар асосида аудитнинг умумий режаси ва дастуридан мақбулини танлаш имкониятига эга бўлиши зарур.
Аудиторлик текшируви узоқ вақт давом этганида, аудитор мижознинг молия - хўжалик фаолиятидаги ва қонунчиликда-ги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда режа ва дастурга зарур тузатишлар киритиши мумкин.
3. Аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида шартнома. Дастлабки келишувлар.
Аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисидаги шартнома "мижоз-аудитор" ўзаро муносабатларини чегаралаб берувчи расмий ҳужжат ҳисобланади ва умумий жиҳатлари билан тадбиркорлик фаолиятида қўлланиладиган шартномалардан фарқ қилмайди. Бу ҳужжат, бошқа шартномалар каби, томонларнинг, яъни шартнома иштирокчиларининг, бу ерда буюртмачи-мижоз ва ижрочи-аудитор, ўзаро келишилган манфаатларини ҳуқуқий томондан тартибга солади.
Шунинг билан бир қаторда, аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисидаги шартнома тадбиркорликда қўлланиладиган бошқа шартномалардан муҳим фарқлари ҳам мавжуд - бу, биринчи навбатда, шартнома тузиш вақтида ошкорасиз ҳолда учинчи томон (молиявий ҳисобот маълумотларидан фойдаланувчилар) манфаатларини ҳисобга олишдир. Зеро, амалда, агар текширув сифатсиз ўтказилганлиги натижасида зарар етказилса, аудитор нафақат мижоз олдида, балки ушбу фойдаланувчилар олдида ҳам масъулдир. Шартнома имзоланишидан олдин, аудитор ўзи учун нафақат имконияти борича мижоз истакларини аниқроқ билиб олиши, балки унга ўз буюртмасини тўғри шакллантиришда ёрдам бериши лозим. Ўтказиладиган аудиторлик текшируви сифати ҳамда аудитор ва мижоз ўртасидаги ўзаро муносабатлар кўп жиҳатдан аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисидаги шартнома аниқ тузилганлигига боғлиқдир.
Кўпчилик аудиторлик ташкилотлар шартнома тузишнинг намунавий шаклларидан фойдаланадилар, лекин, шунга қарамасдан, шартномада аниқ бир корхонани аудит қилиш хусусиятларини инобатга олиш мақсадга мувофиқдир, зеро мижозлар, кўп ҳолларда, унинг маъноси ва моҳиятини етарли даражада тушунмасликлари мумкин.
Аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисидаги шартномада аудитор томонидан аудиторлик хулосасини тақдим этишдан воз кечиш имкониятини акс этиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, текширув ўтказиш учун керакли бўлган ҳужжатларни мижоз томонидан тақдим этиш муддатларини белгилаш лозим, чунки кўп ҳолатларда, бухгалтерия ҳисоботи ҳали тайёр бўлмасдан туриб мижозлар аудиторни таклиф қиладилар, бу, ўз навбатида, ишни жуда ҳам мураккаблаштиради.
Шартномада мижоз томонидан аудиторлик ташкилотига олдиндан пул тўлашни кўзда тутиш мақсадга мувофиқдир, зеро олдиндан пул тўланиши аудиторни молиявий мустақиллигини таъминлайди, текширув ўтказиш жараёнида мижоз томонидан ўтказилган аудит учун тегишли ҳақини тўламаслик йўли билан қўрқитиб "тазйиқ" ўтказишни олдини олади. Одатда, аудиторлик фирмалари томонидан олдиндан пул ўтказиш миқдори тўғрисидаги талаблари 50 фоиздан 100 фоизгачани ташкил этади.
Шартномада текширув жараёнида мижоз томонидан аудиторга ёрдам кўрсатиши лозимлиги тўғрисида мажбур эканлигини кўзда тутилиши мақсадга мувофиқдир (инвентаризация ўтказишда ёрдам бериш учун ўз ходимларини жалб қилиш, хизмат сафарига чиқиш зарурияти бўлганда аудитории транспорт воситаси билан таъминлаш ва бошқалар).
Аудитор ва мижоз шартнома шартлари бўйича келишиб олишлари лозим. Келишилган шартлар аудит бўйича хат-келишув ёки ҳар қандай бошқа тегишли шаклда расмийлаштирилиши лозим.
Аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисидаги шартномани тузишда аудиторлик хизматларининг қийматини баҳолаш муҳим ўрин тутади. Хизматлар қийматини пасайтирмасликка ҳам ва кўтармасликка ҳам интилиш лозим, зеро униси ҳам буниси ҳам, кўпчилик ҳолатларда, айниқса у ушбу аудиторлик фирмасига биринчи бор мурожаат қилган тақдирда мижозни "чўчитиб" юборади.
Ўзбекистонда аудиторлик хизматлари бозори тобора шаклланиб бориши натижасида аудиторлик хизматларига оид нарх-наволар тартибга солинмоқда.
Ўзбекистон Республикасида ҳозирги пайтда аудиторлик хизматлари қийматини баҳолаш мавжуд бўлган турларини шартли равишда қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
аккорд тўлови;
вақтбай тўлови;
ишбай тўлови;
«Ҳақ тўлашнинг аккорд тизими ишнинг бутун ҳажми учун иш ҳақи миқдорини белгилайди ва аккорд топшириқларининг қисқа муддатда бажарилганлиги учун мукофотлашни ўз ичига олади. Ишларнинг умумий қиймати бунда вақт (бажарилган иш) ва нархлар меъёри асосида аниқланади. Бригадага асосий ва ёрдамчи ишларнинг барчасини назарда тутувчи аккорд топшириғи берилади»4.
Аккорд тўловида аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисидаги шартномада тўлов суммаси текширув бошланмасдан олдин белгиланади ва қайд этилади. Айрим аудиторлик ташкилотлар ушбу суммани мижознинг молиявий имкониятлари ёки бошқа бир қанча мезонлардан келиб чиқиб эркин белгилайдилар. Лекин, кўпчилик аудиторлик ташкилотлари шартнома тузишдан олдин мижоз фаолияти хусусиятлари билан танишиш, тахминий аудиторлик таваккалчилигини баҳолаш ва бажариладиган ишларга сарфланадиган меҳнат ҳажмини аниқлаш мақсадида, аудиторга муайян ҳақ тўлаб, уни мижоз билан танишиб чиқиш учун юборадилар. Шундан кейин, аудиторлик ташкилоти бажариладиган ишларнинг умумий қийматини белгилайди ва мижоз билан шартнома тузади.
«Вақтбай иш ҳақи одатда, ходим меҳнатини меъёрга солиб бўлмайдиган ёки бажарилаётган ишларни ҳисобга олиб бўлмаган ҳолларда қўлланади. Меҳнатга вақтбай ҳақ тўлашда ишчи ёки хизматчининг иш ҳақи унинг малакаси ва ишлаган иш вақтига қараб белгиланади»5.
Вақтбай тўлови - барча давлатларда аудиторлик хизматлари бозорида энг кўп тарқалган тўлов туридир. Агар кўзда тутилмаган вазиятлар натижасида меҳнат сарфи ҳажми кўпайса, ишлар қиймати ҳам мутаносиб равишда ошиб боради.
Вақтбай тўлови аудиторнинг бир соат (кун) иш вақтини баҳолашга асосланади ва унинг малакасига ҳам боғлиқдир.
Ишбай тўлови - одатда бухгалтерия ҳисобини тиклашда қўлланилади. Ҳисоб-китоб ҳисобдаги ҳар бир операция, ҳар бир кўрсаткич қийматини аниқлашдан келиб чиқади. «Меҳнатга ишбай ҳақ тўлашда вақт бирлиги учун амалдаги баҳолар асосида ҳақиқатда бажарилган иш (тайёрланган маҳсулот) учун ҳақ тўланади»6.
Айрим корхоналар, жумладан аудиторлик ташкилотлари даражасида ишга ҳақ тўлаш ва иш берувчи билан ходим ўртасидаги ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш унда қабул қилинган ички меъёрий ҳужжатлар-меҳнат шартномалари асосида амалга оширилади, улар корхона раҳбарияти томонидан меҳнат жамоаси вакиллари иштирокида ишлаб чиқилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |