2) He hammered the metal flat (S.Wechsler; 2005, 255-273).
3) The river froze solid;
4) Bill followed the road into the forest (А.Goldberg, R.Jackendoff; 2004).
5) Ethan photographed Nathan happy ( H.Rapoport, 1993).
Келтирилган биринчи ва иккинчи мисолларда wipe ва hummer феъллари результатив тузилмани семантик жиҳатдан тўлдирган. Ушбу мисолларда результатив ва каузатив тузилма уйғунлашиб кетган. Учинчи мисолда эса феъл семантикаси ва сифат маънолари бирикувида результативлик юзага келган. Кейинги тўртинчи ва бешинчи мисолларда депиктивлик ва результативлик бир хил тузилма доирасида амалга оширилганлигини кузатиш мумкин.
Результативликнинг ифодаланиши ва уни аниқлаш борасида кўплаб қарашлар мавжуд. В.П. Недялков ва С.И. Яхонтовлар результативлик бирор олдинги ҳаракат натижасида юзага келган янги ҳолат деган таърифни беради (В.П. Недялков, С.И. Яхонтов; 1983,7). Муаллифларнинг таъкидлашича, результативлик мажҳул нисбатга алоқадор ҳодисадир. В.С. Храковский эса результативликни феълнинг акционал хусусияти билан боғлайди. У чегараланган хусусиятли феълларнинг сифатдош икки шаклини ушбу маънонинг бош кўрсатгичи сифатида баҳолайди (Храковский; 1991, 151). Унутмаслик лозимки, мазкур хусусиятни барча тилларга хос жиҳат деб бўлмайди.
Т.Хукстра результатив ва каузатив тузилмалар англатадиган ҳаракатларни таҳлил қилиш жараёнида, пациенсда содир бўладиган ўзгаришлардан қаттий назар, ифодаланадиган ҳаракатларни результатив тузилмалар гуруҳига киритади (T.Hoekstra;1988, 101-139). Муаллифнинг изоҳ беришича, результативлик деганда объектнинг локатив ва сифатий ҳолатида бўладиган ўзгариш тушунилади. Т.Хукстра результативлик ва каузативликни ягона тузилма доирасида ифодаланадиган семантик маънонинг икки хил кўриниши деб, изоҳлайди. У результативликнинг локатив турига маълум ҳаракат билан объектга таъсир этиш натижасида юзага келадиган макон ўзгаришини англатувчи қурилмаларни киритади:…he pushed a ball into the hole (T.Hoekstra; 1992, 45-75). Кўринадики, ўтимли феъл билан ҳосил бўладиган семантик жиҳатдан результативликка яқин бўлган маълум тузилмаларнинг результативлар гуруҳига киритилиши ҳам масаланинг ҳали ҳамон баҳсли эканлигидан далолат беради ҳамда ушбу тузилмаларни типологик ўрганиш эҳтиёжи мавжудлигини кўрсатади. Структур лингвистика ва семантик синтаксис доирасида результатив тузилмани иккиламчи предикат доирасида чегаралаш орқали масалани ҳал қилишга эътибор қаратилади (Kim Soowon, Joan Maling; 1997, 189-204). Мазкур йўналишларда мураккаб тўлдирувчи таркибида иштирок этаётган иккиламчи предикат (сифат, от, феълнинг шахссиз шакллари) результатив маънони англатувчи унсур сифатида тан олинади ва асосий предикатдаги феълнинг семантик, результативлик хусусияти ҳам эътироф этилади. Мазкур ёндашувда феълнинг агенс ва пациенсга бўлган таъсири эътибордан четда қолади. Шунинг учун ҳам бизнинг таҳлилимиз доирасида мураккаб тўлдирувчи таркибида ифодаланишидан ташқари результативликни англатувчи барча лексик, морфологик, лексик-семантик воситалар ҳам ўрин олган. Чунки результативлик нафақат иккиламчи предикат доирасида, балки аспектуал семантика таснифининг бир қисми сифатида феъл семантикасига ҳам тегишли хусусият саналади. Шунингдек, типологик таҳлилда бир тилдаги тузилмалар иккинчи тилда бошқа таркибда намоён бўлиши ва аксинча, иккинчи тилдаги результатив тузилма биринчисида умуман фарқли бирикмаларда ифодаланиши мумкин. Бундан ташқари, юқорида таъкидланганидек, результатив, депиктив ва каузатив тузилмаларнинг алоҳида ёки бир-бирига яқин маъноларини ажратиш ҳам талаб этилади. Синтактик таркиб жиҳатидан ушбу тузилмалар бир хил структурага эга, аммо семантик жиҳатдан баъзан депиктивлик, фақат каузативлик ёки фақат результативлик маънолари юзага келади. Бошқа ҳолларда эса иккала маъно (депиктивлик + каузативлик, каузативлик + результативлик) ҳамроҳлигида ҳосил бўлади. Бу каби ҳолларда феъл семантикаси муҳим ўрин тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |