-Мана, топшириғинг бажарилди, -деб ҳазиллашди (Пиримқул Қодиров, 59).
Результативлик вазият таҳлили ёки вазият билан алоқадор бўлган метафорик ифода эмас, балки кузатувчи томонидан вазият хусусиятини ифодаловчи маълумот саналади. Бу эса результативликни депиктивлик, стативлик ва баъзи ҳолларда каузативлик билан синонимия ҳосил қила олишлигидан дарак беради. Шунингдек, результативликнинг перфект билан синонимия ҳосил қилиши борасида ҳам фикрлар (M.Rappaport Hovav, B.Levin; 2001, 766–797. Ю.А. Ландер; 2002, 300–312) учраб туради.
Результатив тузилмаларга синонимик ҳодиса сифатида ҳолат ўзгаришини англатадиган маълум феъллар гуруҳини киритиш мумкин. Иккала тилда ҳам бу лексик результативлик сифатида баҳоланади, яъни бу маълум феълларга хос хусусият саналади. Лексик результативликка воқеа-ҳодисанинг натижасини акс эттирувчи феъллар киритилади. Бу ҳодиса ҳар бир тилда учраши мумкин. Мисол учун инглиз тилидаги ҳолат ўзгаришини англатадиган alter, improve, arise, die ва шу каби ҳолат ўзгаришини англатадиган феъллар семантикасида результатив маънолар мавжуд. Ўзбек тилида ҳам ўзгартирмоқ, ўлмоқ, содир бўлмоқ, юзага келмоқ ва шу каби ҳолат ўзгаришини англатадиган феъл ва мураккаб феълларни результатив тузилмалар қаторига қўшиш мумкин.Масалан: A metting in Hyde Park in 1926 was attended by 1,000 people and ended with a fight with communist demonstrators. (Source: KCX)
'Mr. Behrman died of pneumonia today in hospital. (O’Henry, 194); Meanwhile Mr. Mc Gowan's smile faded to a look of perplexed gloom. (O’Henry, 54);
Гаврюшев ўтган йили қазо қилган эди (С.Аҳмад, 57).
Сал фурсатдан кейин ҳушидан кетган Дадажонни кўтариб чиқишди (С.Аҳмад, 48).
Баланд ёнбағирларнинг у ер-бу ерида эрталаб кўзга ташланган қор урвоқлари ҳозир эриб кўринмай кетган. Шамол ғуж-ғуж арчаларнинг ҳидини олиб келади (Пиримқул Қодиров, 13).
Инглиз тилида результатив ва каузатив тузилмалар шаклан бир-бирига яқин. Баъзи ҳолларда каузативлик ва результативлик бир тузилмада ифодаланиши мумкин. Бу ҳолат эса уларни ҳосил қиладиган асосий предикатдаги феъл синтактик жиҳатдан мураккаб тўлдирувчи олиши билан боғлиқ. Результативлик ва каузативлик мураккаб тўлдирувчидаги элементларнинг иккиламчи предикат семантик ифодаси ва морфологик белгисига кўра (инфинитив, сифатдош I, сифатдош II, сифат) аниқланади. Жумладан, сифат, сифатдош II иккиламчи предикативлари қўлланилиши результатив тузилмалар саналади. Бундан ташқари, чегараланган акционал хусусиятли феълларнинг мажҳул нисбат шакли, баъзи боғловчи феълларнинг предикатив вазифада қўлланилиши, чегараланган хусусиятли феълларнинг сифатдош II шаклида қўлланилишида ҳам результатив маъноларни учратишимиз мумкин.
Результативлик ва депиктивлик предикатлари замон харакатеристикаси билан фарқланади. Хусусан, результативлик асосий предикат ифодалаган ҳаракатнинг тугалланиши натижасида юзага келган ҳолат ўзгариши билан ифодаланса, депиктивлик маълум вақт оралиғида содир этилаётган ёки содир этилган ҳаракатнинг тасвирий ифодаси ҳисобланади. Результатив ва депиктив тузилмалар англатадиган маъно предикатларнинг акционал (чегараланган/чегараланмаган) турига қараб фарқланади. Результатив маъно, асосан, чегараланган ва трансформатив предикатларда ифодаланади. Масалан: The idea of touching people in the crowd touch him was something that had not occurred to him, but to be beautiful and that remote –you have got to get a crowd to touch him because that was what really got them wild (source:AB5).
Синтаксис ва семантиканинг боғлиқлигини таъминловчи фундаментал асосни ўрганишда “гап маъносини белгиловчи омил, яъни предикатга” (Levin, Rappaport, 1996; 1) асосий эътибор қаратилади. Ч. Филлмор отнинг гапдаги ўрнини белгилашда феълнинг лексик маъноси муҳимлигини таъкидлайди (Ch. Fillmore, 1975). Аргументларнинг гапдаги синтактик-семантик боғлиқлиги феълниниг ўтимли/ўтимсиз хусусиятига ҳам алоқадор ҳодисадир. Чарлиз Филмор инглиз тилидаги hit, break феълларининг иккаласи ҳам ўтимли хусусият касб этса-да, каузатив қўлланишда бошқа-бошқа синтактик ифодага эгалигини аниқлайди. Муаллиф келтирган мисолларга эътибор қаратамиз:
John broke the window // The window broke;
John hit the window // ˟The window hit;
I hit his leg // I hit on the leg;
I broke his leg// ˟I broke him on the leg (Ch. Fillmore, 1975).
Мазкур мисолларда феъл воситасиз тўлдирувчи олиши натижасида каузативликни англатиб келган бўлса-да, ифодаланган маъно ҳаракатнинг натижасига ишора қилади. Бу, ўз навбатида, каузативлик ва результативликнинг бир тузилмада ифодаланишидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |