Давлат бюджетининг функциялари.
Давлат бюджетининг ижтимоий-иқтисодий моҳияти унинг иқтисодий категория сифатидаги функцияларида намоён бўлади. Турли давр ва турли мактаб иқтисодчилари давлат бюджетининг (молиянинг каби) функцияларини ёритишга турлича ёндошадилар. Масалан, Маликов Т., Ҳайдаров Н. ҳаммуаллифлигидаги “Давлат бюджети” ўқув қўлланмасида давлат бюджетининг функциялари қуйидаги тарзда ёритилган: “Давлат бюджети молиянинг таркибий қисми сифатида, унинг бошқа бўлинмалари сингари, икки хил функцияни бажаради: 1) тақсимлаш; 2) назорат. Бу ва шу каби бошқа адабиётларни ўрганиш асосида, давлат бюджетининг амалда намоён бўлиш шаклларини ўрганган ҳамда кўпчилик иқтисодчи олимларнинг фикрига қўшилган ҳолда, давлат бюджети қуйидаги асосий функцияларни бажаради дейишга асос бор:
1. ЯИМ қийматини қайта тақсимлаш функцияси;
2. Иқтисодиётни тартибга солиш ва бошқариш функцияси;
3. Ижтимоий функцияси;
4. Назорат функцияси.
Ялпи ички маҳсулот қийматини қайта тақсимлаш функцияси. Давлат бюджети мамлакатда яратилган ялпи ички маҳсулот ва унинг таркибига кирувчи миллий даромаднинг қийматини қайта тақсимлашда ўзининг қайта тақсимлаш функцияси билан иштирок этади. Мамлакат ялпи ички махсулотининг давлат бюджети орқали қайта тақсимланиш жараёни 3-чизмада акс эттирилган. Бундай қайта тақсимлаш жараёнлари натижасида бюджет даромадлари шаклланади. Бюджет даромадлари давлат марказлашган молиявий ресурсларининг бир қисми бўлиб, давлатнинг функцияларини бажариш учун зарурдир. Улар пул маблағлари фондларини шакллантириш жараёнида вужудга келадиган иқтисодий (молиявий) муносабатларни ўзида ифода этади ва турли даражадаги ҳокимият органларининг ихтиёрига келиб тушади. Ҳар йили давлат бюджети орқали (давлат мақсадли жамғармалари билан бирга) мамлакат ЯИМининг 30-35 фоизи қайта тақсимланади.
Иқтисодиётни тартибга солиш ва бошқариш функцияси. Солиқлар ва бюджет харажатлари орқали бюджет иқтисодиётни тартибга солиш, инвестицияларни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишнинг ҳал қилувчи ва муҳим қуроли бўлиб хизмат қилади. Бунда бюджет маблағлари ҳисобидан иқтисодиётнинг илғор тармоқлари – авиасозлик, космик дастурлар ва лойиҳалар, атом саноати, энергетика ва машинасозлик саноатлари кабилар қўллаб-қувватланади. Самарадорлиги юқори бўлган ва ўзини тез қопловчи лойиҳаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳам муҳимдир. Лекин давлат бюджетининг бу функциясидан орқада қолаётган ва қолоқ ишлаб чиқаришларга молиявий ёрдам бериш каби яқин ўтмишда мавжуд бўлган ва ўзини оқламаган мақсадларда фойдаланиш иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлашга, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга жиддий путур етказишини унутмаслик лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |