10-Модул:Давлат бюджети
10.1-мавзу:Давлат бюджетининг иқтисодий мазмуни ва бюджет тизими.
Режа:
1.Давлат бюджети тузилмаси ва бюджет тизими, унинг хусусиятлари
2. Бюджет муносабатларини ўзига хос жиҳатлари ва бюджетнинг функциялари
3. Давлат бюджети даромадлари, таркиби ва уларни иқтисодий аҳамияти.
4. Давлат бюджети харажатлари, таркиби ва уларни иқтисодий аҳамияти.
1.Давлат бюджети тузилмаси ва бюджет тизими, унинг хусусиятлари
Давлат бюджети тузилмаси – республика бюджетини, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини ва маҳаллий бюджетларни ўз ичига олади. Давлат бюджети таркибида давлат мақсадли жамғармалари жамланади. Қорақалпоғистон Республикаси бюджети Қорақалпоғистон Республикасининг Республика бюджетини ҳамда туманлар ва республикага (Қорақалпоғистонга) бўйсунувчи шаҳарлар бюджетларини ўз ичига олса, вилоят бюджети эса вилоят бюджетини, туманлар ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар бюджетларини ўз ичига олади. Ўз навбатида, туманларга бўлинадиган шаҳарнинг бюджети шаҳар бюджетини ва шаҳар таркибига кирувчи туманлар бюджетларидан иборатдир. Туманга бўйсунадиган шаҳарлари бўлган туманнинг бюджети туман бюджетини ва туман бўйсунувидаги шаҳарлар бюджетларини ўз ичига олади.
Бюджет тизими – турли даражадаги бюджетлар ва бюджет маблағлари олувчилар йиғиндисини, бюджетларни ташкил этишни ва уларни тузиш принципларини, бюджет жараёнида улар ўртасида, шунингдек бюджетлар ҳамда бюджет маблағлари олувчилар ўртасида вужудга келадиган ўзаро муносабатларни ифодалайди. Мамлакатнинг бутун ҳудудида амал қиладиган, иқтисодий муносабатлар ва юридик нормаларга асосланган барча бюджетларнинг мажмуи. Республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий бюджетларни ўз ичига олади.
Давлат ва уй хўжаликлари ўртасидаги молиявий муносабатлар ҳам тўғридан-тўғри (бевосита) ва қайтарма (яна орқага қайтарилувчи) алоқалар асосида қурилади (вужудга келади) ва улар бюджет ҳамда нобюджет фондларни шакллантириш ва улардан фойдаланишдаги муносабатларни ифодалайди. Уй хўжаликларининг даромадлари ва мол-мулклари солиққа тортилиш объекти сифатида майдонга чиқади ва демак, бюджет тизими даромадлар базасининг тузилмавий элементи ҳисобланади. Бир вақтнинг ўзида солиқлар, пенсия тизими, ижтимоий трансфертлар орқали давлат молиявий оқимларни уй хўжаликларининг турли гуруҳлари ўртасида қайта тақсимлайди. Уй хўжаликлари ва давлат ўртасидаги молиявий муносабатларни амалга ошириш жараёнида миллий даромаднинг иккиламчи қайта тақсимланиши содир бўлади. Бозор иқтисодиёти шароитида давлат уй хўжаликларига тегишли бўлган даромаднинг тақсимланиш жараёнига тўғридан-тўғри таъсир қилиш инструментларига эга эмас. Молиявий муносабатларнинг бу соҳаси давлат томонидан энг кам даражада регламентация қилинади. Бунинг сабаби шундаки, уй хўжаликлари пул фондларини шакллантиришнинг зарурлиги, усули ва мақсади тўғрисида, уларни сарфлашнинг ўлчами ва вақти хусусида қарорлар қабул қилишда мустақилдир. Шу билан биргаликда давлат уй хўжаликларига тегишли бўлган даромад ва якуний (охирги) истеъмолнинг ўлчамига (кўламига) таъсир қилишга қодир.
Do'stlaringiz bilan baham: |