4. Давлат кредити – давлат эҳтиёжлари учун пул маблағларини жалб этиш шакли
Маълумки, кредит юридик ва жисмоний шахсларнинг бўш турган маблағларини кредит ресурсларига жалб этиш, уларни қайтариш ва фоизлар тўлаш шарти билан фойдаланувчиларга бериш билан боғлиқ бўлган ўзига хос молиявий муносабатлар мажмуидир. Кредит иқтисодий жиҳатдан ссуда капитали ҳаракати шаклларидан бири бўлиб, ялпи ижтимоий даромад қийматини, миллий даромаднинг муайян қисмини иккиламчи равишда тақсимлашдан иборатдир.
Кредит товар-пул муносабатларига хос бўлган ва пул ҳаракатини билдирувчи категориядир. Кредит деганда вақтинча ўз эгалари қўлида бўш турган пул маблағларини бошқалар томонидан маълум муддатга ҳақ тўлаш шарти билан қарзга олиш ва қайтариш юзасидан келиб чиққан муносабатларини тушуниш керак. Молия билан кредитнинг умумийлиги шуки, уларнинг ҳар иккаласи ҳам пул маблағлари иштирокидаги муносабатларни англатади, уларнинг фарқи эса пул маблағларини жамлаш ва ишлатиш усулининг ҳар хил бўлишидан келиб чиқади.
Шундай қилиб, кредит муносабатларининг мавжудлигига қуйидагилар сабаб бўлади:
ижтимоий такрор ишлаб чиқариш жараёнида пул товар ресурслари доиравий айланишининг хусусиятлари, баъзиларида вақтинча бўш пул маблағларининг пайдо бўлиши ва бошқаларда қўшимча пул маблағларига эҳтиёж туғилиши;
товар ва пул муносабатларининг ва у билан боғлиқ бўлган қиймат қонуннинг амал қилиши;
турли корхоналарда фондларнинг доиравий айланишида ишлаб чиқариш билан истеъмолнинг бир вақтга тўғри келмаслиги.
Юқоридаги сабаблар давлат, корхона, фирмаларда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, капитал қурилиш, техника воситаларини сотиб олиш, айланма маблағларини тўлдириш, товар муомаласини тезлатиш учун вақти-вақти билан қўшимча пул ресурсларини зарур бўлиб қолишига олиб келади.
Кредит кенгайтирилган такрор ишлаб чиқаришни таъминлаш, меҳнат унумдорлигини ошириш, корхоналарни илғор техника билан қуроллантиришни тезлаштиришга имкон беради. Уларнинг айланма маблағларини тўлатиш мақсадларига хизмат қилади. Шу мақсадда корхоналар ихтиёридаги пул маблағларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш учун давлат томонидан пул маблағлари режа асосида сафарбар этилади. Бунга асос юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бир томондан вақтинча бўш пул маблағларининг ҳосил бўлиши ва иккинчи томондан, корхоналарда қўшимча маблағлар учун вақтинчалик зарурият пайдо бўлишидир.
Кредит муносабати икки субъект ўртасида юзага келади. Бунда бири пул эгаси, яъни қарз берувчи, иккинчиси пулга муҳтож, яъни қарз олувчи ҳисобланади. Кредит субъектлари давлат, корхона, ташкилот ва аҳоли бўлиши мумкин. Кредитнинг объекти ҳар қандай пул эмас, балки, вақтинча бўш турган, эгаси томонидан ишлатилмай ва қарзга берилиши мумкин бўлган пулдир.
Кредит тўрт хил вазифани бажаради:
пулга тенглаштирилган тўлов воситаларини юзага чиқаради, бўш турган пулларни йиғиб олади;
бўш пул маблағларини ҳаракатга туширади, ишдаги капиталга айлантиради, пулни пул топади, деган қоидани амалга оширади;
қарз бериш орқали пул маблағларини турли тармоқлар ўртасида қайта тақсимланиши билан ишлаб чиқариш ресурсларининг кўчиб туришини таъминлайди;
қарз бериш, қарз ундириш воситалари орқали иқтисодий ўсишни рағбатлантиради, пул маблағларидан рационал фойдаланишни назорат қилади.
Кредитни муомаладаги нақд пуллар ўрнини қоплаганлиги сабабли нақд пулларни тайёрлаш, сақлаш, ташиш даврида қилинадиган харажатларни қисқартиришга, уларни тежашга олиб келади. Кредит муносабатларининг ўзига хос хусусияти шундаки, кредит ресурслари-дан фойдаланганлик учун фоиз ундирилади. Фоиз миллий даромадни тақсимлаш шаклларидан биридир. Фоиз миқдори ўзгарувчан кўр-саткич бўлиб, ссуданинг характерига, қарзга бўлган муҳтожликка, кредитга бўлган талабга қараб ўзгариб туради.
Банк кредити-кредитнинг асосий шакли бўлиб, бунда пул маблағлари вақтинча ишлатиш учун банклар томонидан тақдим этилади. Банк кредити иқтисодиётда асосий ва айланма маблағларни шакллантиришнинг муҳим манбаидир. Бу кредит маблағларни бериш ва қайта-риш муддатига қараб учга бўлинади:
қисқа муддатли кредитлар – бир йилгача муддат билан берилади, бу кредитлар корхоналарнинг жорий ишларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган айланма маблағларни ташкил этиш ва ҳаракатини таъминлашга қаратилади;
ўрта муддатли кредитлар – беш йилгача муддат билан асосий фондларнинг ҳаракати билан боғлиқ ишларни таъминлаш учун берилади;
узоқ муддатли кредитлар беш йил ва ундан ортиқ муддатга асосан, қурилиш ишларига берилади.
Кредитни беришда қуйидаги тамойилларга риоя қилинади:
кредит маълум муддатга берилади;
кредит фоиз билан қайтариб олинади;.
кредит аниқ мақсадга мўлжаллаб берилади;
кредит беришда хўжалик субъектининг тўлаш қобилияти ҳисобга олинади;
кредит моддий бойликлар билан таъминланган бўлади.
Кредит деганда пул маблағлари ёки товарларни қайтариш шарти билан ҳақ олиш эвазига муайян муддатга бериб туриш тушунилади. Кредитнинг бир қатор шакллари бўлиб, давлат кредити шулар жумласидандир. Бошқача қилиб айтганда, пул маблағларини давлат эҳтиёжлари учун жалб этиш шаклларидан бири – давлат кредитидир.
Давлат кредити молиявий-иқтисодий муносабатлар мажмуи сифатида бир томондан давлат, иккинчи томондан юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги муносабатлардан иборат бўлиб, бунда давлат юридик ва жисмоний шахсларнинг вақтинча бўш турган маблағларини қарзга олувчи шахс сифатида кўзга ташланади. 3-чизмада Давлат кредитининг давлат молияси тизимида тутган ўрни кўрсатилган.
Ҳуқуқий жиҳатдан давлат кредити ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинадиган муносабатлардир. Бу муносабатларнинг мақсади юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган, вақтинча бекор турган пул маблағларини ихтиёрийлик, муддатлилик, қайтариш шарти билан ҳақ тўлаш асосида давлат қўлида жамланишига ва шу асосда давлат бюджети тақчиллигини қоплаш ва пул муомаласини тартибга солишга қаратилгандир.
Давлат кредити иқтисодий атама сифатида давлат молияси, қимматли қоғозлар бозори, корхоналар ва уй хўжаликлари молияси, иқтисодиёт назарияси, макроиқтисодий статистика, иқтисодий таҳлил, халқаро молиявий муносабатлар, миллий иқтисодиёт, молия ҳуқуқи ва бошқа иқтисодий атамалар билан боғлиқ. Давлат кредити молия тизимининг муҳим бўғини саналувчи кредитнинг таркибий қисмини ташкил қилади. Муддатлилик, қайтарилиши лозим эканлиги, ҳақ олиш эвазига берилиши каби хусусиятлар ҳар қандай кредитга, жумладан давлат кредитига ҳам хосдир. Аммо шу билан бирга давлат кредити ва банк кредити ўртасида иқтисодий ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан жиддий фарқлар мавжуд.
Давлат кредити иқтисодий жиҳатдан капитални ишлаб чиқаришга қаратилмаган мақсадларда, яъни давлат бюджети тақчиллигини қоплаш учун ишлатилади ва ишлаб чиқариш ҳаракати доирасида қатнашмайди. Давлат кредити фоизлари, одатда, солиқлар ёки янги давлат қарзлари ҳисобига қопланади, шу маънода давлат кредити олдиндан олинган солиқлар дейилиши мумкин.
Банк томонидан бериладиган кредит эса қоида тариқасида, ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этади, муайян фойда олинишини таъминлайди ва шу йўл билан фақат кредитнинг ўзини эмас, балки унинг фоизларини ҳам қоплаш имкони пайдо бўлади. Ҳуқуқий жиҳатдан олганда банк кредитида банк қарз берувчи, жисмоний ва юридик шахслар эса қарз олувчи сифатида қатнашади. Давлат кредитида эса давлат қарз олувчи, юридик ва жисмоний шахслар қарз берувчи сифатида иштирок этади. Агар банк кредити муносабатлари натижасида банк ва кредит олувчи юридик ёки жисмоний шахс ўртасида кредит шартномаси тузилса ва бу муносабатлар фуқаролик қонунлари билан тартибга солинса, давлат кредитига оид муносабатлар мамлакат ички қарзлари билан боғлиқ бўлган молиявий-ҳуқуқий муносабатлардан иборат бўлади.
Давлат кредити юридик ва жисмоний шахслар маблағларининг давлат томонидан вақтинча ишлатилиб турилишига айтилади. Давлат кредити вақтинча давлат тасарруфига тушадиган ва иқтисодиётни ривожлантириш, бюджет тақчиллиги ва бошқа эҳтиёжларнинг устувор йўналишларини молиялаштириш учун фойдаланиладиган қўшимча пул маблағларининг тўпланишини таъминлайди.
Давлат кредитида давлат – қарз олувчи, юридик ва жисмоний шахслар эса қарз берувчи сифатида намоён бўлади. Давлат кредити воситасида юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жалб этиш турли шаклларда, авваламбор, давлат заёмлари, пул мажбуриятлари ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш ва уларни жойлаштириш йўли билан амалга оширилади. Бозор муносабатлари ривожланиши ва қимматли қоғозлар бозорининг юзага келиши шаро-итларида давлат кредитининг муҳим шакли юридик шахслар орасида жойлаштириладиган давлат қисқа муддатли заёмлари ҳисобланади.
Давлат кредити деганда ихтиёрийлик асосида юридик ва жис-моний шахслар ихтиёрида бекор турган пул маблағларини вақтинча фойдаланиш учун давлат эҳтиёжларига жалб этиш билан боғлиқ бўлган пул муносабатлари назарда тутилади. Давлат шу йўл билан жалб этилган даромадлар ҳисобига бюджетдаги тақчилликни қоп-лайди, иқтисодиёт тармоқларини имтиёзли кредит билан таъмин-лайди ва катта аҳамиятга эга бўлган эҳтиёжлар учун сарфлайди.
3-чизма
Do'stlaringiz bilan baham: |