Суперконцепт – эмоционал-экспрессивлик, образлилик кучли даражада акс этган концептдир. Макроконцепт дейилганда эса лисоний бирликларни қамраб олиш доираси кенг қамровли бўлган концепт тушунилади.Концептнинг намоён бўлиши учун сўзнинг бўлиши шарт эканлиги изоҳ талаб қилмайди.
«Тилшунослик терминларининг изоҳли луғати»да сўзга шундай таъриф берилган: «СЎЗ. Лексеманинг нутқда муайян шакл ва вазифа билан воқеланган кўриниши. Ўз товуш қобиғига эга бўлган, объектив нарса-ҳодисалар ҳақидаги тушунчани, улар ўртасидаги алоқани ёки уларга муносабатларни ифодалай оладиган, турли грамматик маъно ва вазифаларда қўлланадиган энг кичик нутқ бирлиги».92
Р.Сайфуллаева ва бошқалар томонидан ёзилган «Ҳозирги ўзбек адабий тили» дарслигида сўзни ўрганиш аҳамияти шундай изоҳланган: «Сўз умумлингвистик муаммо бўлиб, шу боисдан умумий сўз назарияси доирасида ҳам ўрганилади. Лексик бирликлар доирасига нафақат алоҳида сўзлар (тугал шаклланган бирликлар), балки сўзга тенг барқарор бирликлар, мураккаб, таркибли сўзлар ҳам киритилади. Лекин сўзлар асосий луғавий бирликлар саналади... Структур ёндашувда сўз лексикологик назариясининг асосий вазифаси унинг алоҳидалиги ва ўзига хослиги мезонларини тиклашдир. Биринчи ҳолатда сўз сўз бирикмаси билан қиёсланиб, унинг тугал шаклланганлик ва алоҳидалик белгилари очилади. Сўз нутқдаги аналитик шаклининг лисоний асослари ёритилади. Иккинчи ҳолатда сўзнинг турли грамматик шаклларидан ҳосил қилинган лисоний инвариантини тиклаш хусусида сўз боради, Шу муносабат билан граматик шакл олган лексема — сўзшакл тушунчаси муайянлаштирилади. Шунингдек, лексеманинг турли нутқий вариантлари — фонетик, морфологик, лексик-семантик вариантлари тадқиқ қилинади».93
Албатта, ҳар бир тилнинг алоқа воситаси сифатида амалда бўлишида асосий бирлик сифатида сўз муҳим ўрин эгаллайди. Шу туфайли сўз фақатгина лексикология ёки семасиологиянинггина эмас, балки инсон нутқий фаолияти билан боғлиқ бошқа соҳаларнинг ҳам тадқиқот объекти саналади.
Концепт ва сўз муносабати когнитив лингвистиканинг асосий ва марказий назарий муаммоларидан ҳисобланади. А.П.Бабушкин, Г.Г.Слышкин, С.Г.Воркачев ва бошқаларнинг фикрича концепт доимо оғзаки ифодага эга бўлади, сўз билан номланган бўлади, акс ҳолда концептнинг мавжудлиги ҳақида гапириб бўлмайди. С.В.Кузлякин концепт ва сўзни айнан бир хил деб ҳисоблайди: «концептлар таркибига маъноси миллий лисоний онг тузилишини ташкил қилувчи лексемалар ҳам киради».94
Замонавий психолингвистик ва нейролингвистик тадқиқотлардан маълум бўлишича, тафаккур механизми ва намоён бўлиш механизми бошқа-бошқа нарсалар.Таъкидлаймизки, концепт фикрлаш жараёнида турли томонга бурилади, фикрлаш жараёнида турли белгилар ва уларнинг мажмуини фаоллаштиради; концептнинг бу белгилари ва уларнинг жамланмаси тўласинча инсоннинг она тилида барқарор бўлмайди.
Ҳар қандай лисоний белги тилда, мулоқотда концепни намоён этади. Концепт тўлиқ эмас – у ўз маъносига кўра хабар учун релевант ҳисобланган, сўзловчининг мўлжалига кирувчи вазифаси ҳисобланган бир қатор концептуал белгиларни намоён этади. Барча концепт ўз мундарижаси бойлиги билан назарий жиҳатдан фақат лисоний воситалар жамланмаси ёрдамида, уларнинг ҳар бири фақатгина маълум қисмини очиб берувчи концепт номинатив майдонида ифодаланади.
Шундай қилиб, концепт тўлалигича лисоний ва нолисоний бўлиши, шунингдек, унинг алоҳида маъновий қисми бўлиши мумкин.
Сўз концептуал билимга кириш воситаси ҳисобланади, сўз бу мақомга эришиш билан биз фикрлаш фаолиятига бевосита сўз билан аталмаган бошқа концептуал белгиларни ҳам киритамиз. Лисоний номлаш шу маънода калит ҳисобланиб, инсон учун концепт фикрлаш фаолиятига йўл очади. Сўзни чироқни ёқиб-ўчирувчи мурватга қиёслаш мумкин, у орқали концепт бизнинг онгимизга кириб келади, уни яхлитлигича тафаккур жараёнида фаоллаштиради.
Концептнинг лисоний ифодаланиши уни барқарор,мустаҳкам, ҳаммага тушунарли бўлишини таъминлайди.
Сўз тилнинг энг асосий бирлиги сифатида бир қатор товушлардан ташкил топади. Айтиш мумкинки, бу унинг ташқи қобиғи, яъни шаклий кўринишидир. Ички томондан эса, у маълум бир маъно ифодалаш, яъни мазмун томонига эга. Демак, сўз ўзида шаклий ва мазмуний томонларни бирлаштириб туради .Шунинг учун ҳам аксарият ишларда у асосан, грамматика ва семасиологиянинг тадқиқот объекти сифатида қаралади. Хуллас, сўзнинг товушлар таркиби ва урғуси билан боғлиқ масалалар фонетика ва фонология билан,унинг таркибидаги морфемалар эса морфология билан, унинг номинатив характерда эканлиги лексикология билан, турли маъно томонлари семасиология билан, ҳар хил маъно нозикликларини ифодалаш имкониятлари стилистика билан, нутқ фаолияти билан алоқадорлиги прагматика билан боғланади.Қайд этилган бу соҳаларнинг ҳар бири сўзни ўз тадқиқот доирасида қарашга ҳақли.
Шундай қилиб, алоҳида олинганда тушунча англатиш билан чекланадиган, ўзаро боғланганда тугал фикр ифодалаб, маъно яхлитлиги ҳосил қилишда иштирок этадиган сўзлар ўзаро боғланган ва бир-бирини тақозо қилувчи ташқи қобиқ (шакл), нарса (ҳодиса) ва мазмун бирлигидан иборат бўлади. Бу эса сўзга тил тизимидаги энг муҳим бирлик сифатида қарашимизга имкон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |