Концепт турлари
Тилшуносликда концептларнинг тузилиши анча мураккаб муаммолардан бўлиб, у ҳалигача тўла ҳал қилинмаган. Замонавий лингвистикада алоҳида ажратиладиган концепт турлари аслида бир концептнинг турли томонлари, унинг мазмуний структурасидаги эҳтимолли компонентлар ҳисобланади.
Шундай қилиб, концептлар структураси моҳияти жиҳатидан уларни акс эттирадиган онгга нисбатан олинган объектлар (денотатлар) типологиясидир59. Масалан, концептнинг қуйидаги турлари, моҳиятан эса мазмуний структурасининг компонентлари алоҳида ажратилади: аниқ-ҳиссий образ, схема, тушунча, тасаввур, фрейм, сценарий (скрипт), гештальт ва бошқалар60.
Тасаввур (фикрий манзара) – бу предмет ва ҳодисаларнинг бирлашган ҳиссий образларидир(“титроқ” – тананинг тез-тез титраши).Улар статик ва алоҳида предмет ёки ҳодисанинг ҳиссий идрок қилинадиган, яққол ташқи белгилари йиғиндисининг ҳиссий акси ҳисобланади61.
Тушунча – предмет ёки ҳодисанинг муҳим, умумий белгиларидан иборат концепт, уларнинг рационал акси ва англаниши (квадрат – томонлари тенг тўртбурчак); образликсиз мантиқий тузиладиган концепт62. У тасаввур ёки чизма замирида юзага келади ва одатда терминологик лексика, рационал семантикали лексемалар билан воқеланади63.
Фрейм – таркибий қисмлар яхлитлигидаги кўп компонентли концепт, кенг кўламли тасаввур, предмет ёки ҳодиса ҳақидаги стандарт билимларнинг маълум мажмуаси (магазин, кино ва ҳоказо). Фрейм – бу «стериотип вазиятлар ҳақидаги маълумотлар структураси»64. Н.Ф.Алефиренко нуқтаи назарига кўра, фрейм “когнитив контекст, маълум концепт атрофидаги маданий белгиланган билим тузилишининг умумий моделидир65.
Сценарий (скрипт) – замон ва маконда алоҳида эпизодлар, босқичлар, элементларнинг изчиллиги сифатида тавсифланади; ҳаракат, ривожланиш аломатларига эга стереотип эпизодлар (муштлашув, ўйин, экскурсия ва ҳ); динамик структура, стереотип билимни намоён қилиш учун жараёний услуб66.
Гештальт – онгда алоҳида ҳодисалар ранг-баранглигини тартибга солувчи комплекс функционал структура; тасвирланаётган объект ёки ҳодисанинг динамик ва статик аспектларини бирлаштирадиган яхлит образ, шунингдек «ҳиссий ва ақлий билиш элементларининг дискурсив вазиятнинг бўлинмаган идроки оқибати сифатидаги яхлитлиги»67, мисол учун: мактаб, муҳаббат ва бошқалар. Гештальтлар тасаввурларни, схемалар, сценарийлар, фреймлар, тушунчаларни бирлаштиради 68.
М.В.Пиминова концептларни бир-неча босқичда тадқиқ этишни таклиф этади. Биринчи босқич - концептни репрезентация этувчи сўз ички шакли ва лексик мазмуни таҳлили. Иккинчи босқич- концепт репрезентация-лексемаси синонимик қаторини аниқлаш. Учинчи босқич - дунё тил тасвирида концепт тоифаланиши усулларини тасвирлаш. Тўртинчи босқич- мувофиқ лексема иккиламчи қайта тушунилиши концептуализацияси усулларини аниқлаш, концептуал метафоралар ва метонимиялар тадқиқи69.
Семантик структуралар интеграциясининг даражасига кўра суперконцептлар, макроконцептлар ва асос концептлар фарқланади.70 Шунингдек, кўп жиҳатдан бир-бирига қарама-қарши қўйилган билиш ва бадиий концептлар ҳам алоҳида ажратилади.71
Олимларнинг концептларни ўрганиш кўп жиҳатдан лисоний муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бериши ва семантик структуралар ментал структураларини акс эттириши ҳақидаги фикрларига қўшилган ҳолда, биз концептлар структураси ҳақидаги масалага эътиборимизни қаратамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |