16-Мавзу: Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреатларининг ғоялари
РЕЖА
1. Нобель мукофоти, иқтисодиёт бўйича мукофотнинг таъсис этилиш хусусиятлари
2. Иқтисодий моделлар бўйича мукофотланганлар
3. Нобель мукофоти лауреатлари илмий ишларининг аҳамияти
1901 йилдан бошлаб физика, кимё, мэдийина (биология), адабиёт ва тинчликни сақлаш соҳаларида Нобель мукофоти берилиб келади. 1968 йили Швециядаги Риксбанкнинг 300 йиллиги муносабати билан ва албатта иқтисодиёт фанининг инсоният ҳаётидаги юксак ролини тан олиш ва рағбатлантириш мақсадида иқтисодиёт бўйича (олтинчи) Нобель мукофоти жорий этилди ва 1969 йилдан буён ҳар йили бериб келинмоқда. Биринчи бўлиб бу мукофот иқтисодчи - математик олимлар голландиялик Ян.Тинберген ва норвегиялик Рагнар Фришга «иқтисодий жараёнларни математик таҳлил этишда динамик моделларни ривожлантириш ва қўллаш бўйича тадқиқотлари учун» берилди (бошқа Нобель мукофотлари тўғрисидаги маълумотни А.Раззоқовнинг 2004 й. чоп этилган китобидан олиш мумкин).
1970 йилда (иккинчи бўлиб) Нобель мукофоти П.Самуэльсонга «статик ва динамик иқтисодий назарияни ривожлантирилгани ва шу билан иқтисодиёт фани таҳлилини янада юқорироқ поғонага кўтаришга ҳисса қўшган илмий иши учун» берилди. Қуйида шу иқтисодчининг иқтисодий ғоялари тўғрисида фикр юритилади.
Пол Антони Самуэльсон (1915) Чикаго университетида таълим олган (1932-1935) Гарвард олий мактабида А.Хансен, В.Леонтъев, Й.Шумперетлардан илм ўрганди. 1941 йилдан Массачусетс технологик институтида ишлай бошлади (дастлаб профессор ассистенти). Америка иқтисодий ассоциацияси (1961), Эконометрик жамият (1951). Ҳалқаро иқтисодий ассоциация (1965-1968) президенти бўлиб сайланган. Олим назариётчи бўлиш билан бирга, АҚШ президенти ёрдамчи, «Newsweek» журналида фаол иштирок ҳам эди. Биз бу олимни асосан «Экономикс» китоби муаллифи сифатида яхши таниймиз. Самуэльсоннинг бу китоби дастлаб 1948 йили чоп этилди ва 14 марта қайта нашр этилиб, ҳозирги иқтисодий таълимотларнинг асосий йўналишларидан бирини ташкил этади.
1992 йилда бу китоб Вильям Нордхаус билан ҳаммуалифликда нашр этилди. «Экономикс» китоби «Экономика» номи билан рус тилига ағдарилди.
Маълумки, ҳозирги замон (ХХ аср) иқтисодий таълимотларида уч асосий: 1)неоклассик; 2) кейнсчилик ва 3) институционал йўналишлар мавжуд бўлиб, Самуэльсон шулардан биринчисининг вакили сифатида ижод этган.
Классик (мумтоз) мактаб иқтисодчилари аллақачонлар (ХVIII асрда) давлат хусусий тадбиркорлар кириша олмайдиган ёки киришни хохламайдиган айрим таварларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни (масалан, миллий мудофаа соҳасига тааллуқли) унинг ўзи зиммасига олиш керак деган фикрга рози бўлганлар. Лекин шу билан бирга улар бундай иштирок жуда кам даражада бўлиши керак деб, ҳисоблар эдилар.
Самуэльсон ҳал қилишни мумтоз мактаб бозор ихтиёрига қолдиришни истаган ҳаддан ташқари кўп муаммоларга бозорнинг таъсири унчалик ўтабермаслигини сезди. Қўшмча оқибатлар, соғлиқни сақлаш, таълим , саноатнинг ифлослантириши муаммоларига талаб ва таклиф қонуни таъсир этмайди. Бинобарин, давлат иқтисодиёт учун мақсадларни аниқлашни ўз зиммасига олиши ва бу мақсадларга эришиш учун ўз кучидан фойдаланиши керак. Самуэльсон энг кам иш ҳақи тўғрисидаги қонуни даромадлар пилопоясининг энг пастида турган ишчиларга ёрдам бериш усули деб ҳисоблайди; у давлатнинг уй-жой қурилиш дастурларини молиялаштиришни ва озиқ- овқат ёрдамини қашоқликни камайтириш усули сифатида қўллаб-қувватлайди. «Экономикс» асарида тарихий- иқтисодий экскурс мавжуд бўлиб, ХVIIi аср охиридаги Мальтуснинг аҳоли нуфуси назарияси эсланада; А. Смитнинг «Кўринмас қўл» ҳақидаги ғоялар таҳлил этилади. Асарда ўтган даврдаги деярли барча доктриналар қараб чиқилади (булар тўғрисида юқорида ўқишингиз мумкин).
Унинг фикрича, ҳозирги давр иқтисодчилари «неоклассик синтез»га эришиш учун самарали крэдит-пул ва фискал сиёсатни Смит ва Маршаллнинг классик микроиқтисодиётини ҳозирги даромаднинг даражасини аниқлаш бўйича мавжуд макроиқтисодиёт билан бирлаштириш, иккала ёндошувдаги барча соғлом фикирларни жамлаштиришга ҳаракат қилмоқдалар.
Китобнинг дастлабки бобларида А.Смит дан ҳозирги давргача бўлган иқтисодий таълимотлар моҳияти тарихий-иқтисодий жиҳатдан қараб чиқилади. Айниқса А.Смит, Т.Мальтос, Д.Рекардо асарлари Ҳар томонлама таҳлил этилган.
Унинг фикрича 1820-1870 йиллар - 50 йил давомида иқтисодчилар ва сиёсатчилар гипноз ҳолатида бўлган, бунга асосий сабаб «саноат инқилоби» бўлиб, бир қанча ғоялар, айниқса Т.Мальтус, Д.Рикардоларнинг аҳоли ўсиши билан даромадлар пасайиши тўғрисидаги фикрлар чиппакка чиқди.
Неоклассик иқтисодиёт тўгрисида фикр юритиб ХХ асрнинг 70-йиллари иқтисодий қарашларда икки йўналиш пайдо бўлганлиги қайд этилади: 1) Кейнс ва кейнсчилик; 2) Маркс ғоялари. Айниқса неоклассик йўналишда математик усулларнинг кенг қўлланилиши, талаб, фойдалилик, умумий иқтисодий мувозанат масалаларининг янгича таҳлили янада илмийроқ бўлиб қолди. А.Маршалл, Ж.Б.Кларк, У.Жевонс, Л.Вальрас, В.Паретто тадқиқотларида математик элементлар «иқтисодий таҳлилнинг нозик методлари» га олиб келди. Ж.М.Кейнснинг тадқиқоти юқори баҳоланади, «Сэй қонуни» га эҳтиёж қолмади, деб ёзади П.Самуэльсон. Кейнс ва Кейнсчилар таъсирида «аралаш иқтисодиёт» яхши фаолият кўрсата бошлаганлиги таъкидланади. 2-жаҳон урушидан сўнг ишлаб чиқариш ниҳоятда тез ўсганлиги, аҳоли турмуш даражаси ошганлиги таъкидланади.
Аммо, деб таъкидлайди олим, ҳали бизни тўла бандлик ва мўътадил баҳолар ўртасида танлаш имкониятидан халос қила оладиган ягона мукаммал иқтисодий сиёсат модели яратилмади.
Самуэльсон Чикаго мактаби вакиллари фаолиятига, хусусан, М.Фридменнинг монитар систэмасига юксак баҳо беради, чунки бу олимларда «эркин рақобат», «бозор баҳолари» асосийдир.
Олим иқтисодий тараққиётнинг омилларига баҳо бериб, уни тўрта деб ҳисоблайди:
Меҳнат ресурслари (инсон биринчи ва асосий);
Табиий ресурслар;
Капитал;
Технологиялар.
Олимнинг бу омиллари «тараққиётнинг тўрт ғилдираги» деб юритилади. Эътибор бериб қаранг, инсон роли энг юксак қўйилган. Хақиқатан ҳаминсон бўлмаса бошқа омиллар ишга тушмайди (масалан, Япония, ГФР ...).
Шу сабабли юқорида келтирилган Умар Хайемнинг фикри нақадар ҳаётий, ҳозиргидек жаранглаб турибди.
Ҳозирги давр иқтисодий назарияларида А.Лаффернинг солиқлар ҳажми ва ялпи миллий маҳсулот ўртасидаги боғланиш таҳлил этилган. Лаффер эффекти бўйича солиқларни оширавериш билан миллий даромад маълум миқдорига ошади, кейин пасаяди. Солиқлар миқдорини пасайтириш қисқа давр мобайнида бюджетга тушумлар камайишига олиб келса ҳам, истиқболда жамғармалар, инвестиция ва даромадлар кўпайиши туфайли бюджет тушумлари ошади. Солиқ ставкаси оптимумини етиш учун эгри чизиқ (Лаффер эгри чизиғи) чизилган. Унга кўра, солиқ ортиши билан давлат бюджетига тушумлар ортавермайди. Аксинча, шундай маълум чегара борки, ундан ортиқ солиқ ставкаси бюджетга тушумларни камайтиради, чунки юқори солиқлар хўжалик фаолиятига бўлган қизиқишни (рағбатни) камайтиради ва ишлаб чиқариш ҳажмларининг пасайишига олиб келади. Демак, маълум холларда солиқ ставкалари пасайтириш ишлаб чиқаришнинг фақат ўсишигина олиб келмасдан, бюджетга солиқ тушумларининг ўсишига ҳам олиб келади.
Бундай сиёсат Рфда 2000 йилдан бошлаб амалга оширилди, солиқ ставкалари барча учун 13% га тушурилди ва яхши натижа бермоқда.
Инглиз иқтисодчиси Фридрих фон Хайек асли немис бўлиб, асосий фаолиятини Англияда кўрсатган. У 1974 йилда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати бўлган. У ўзининг «Қуллик сари йўл» асарида ҳар қандай иқтисодий эркинликдан ва бозор баҳоларидан воз кечиш диктатурага, яъни яккаҳоқимликка, иқтисодий қулликка олиб боришини исботлайди, хўжаликда бозор тизимининг «аралаш» ва «буйруқбозлик» иқтисодиётидан устунлигини кўрсатиб беради, капитални абадий категория деб эълон қилади, капитализм даврида эксплуатация мавжудлигини инкор этади, давлат иқтисодиётининг социалистик ғоялари тўла тушкунликка маҳкумлиги ва ўз табиатига кўра ҳалокатли эканлигини таъкидлайди.
Бу таълимотга асосланиб, бир қанча мамлакатларда ҳозирги яхши таниш бўлган иқтисодий сиёсатлар ишлаб чиқилди. Шулар ичида неолиберализмга асосланган немис назариётчиси, ГФРнинг сиёсий ва давлат арбоби Людвиг Эрҳард (1897-1877) яратган назария «ижтимоий йўналтирилган бозор хўжалиги»нинг асосини ташкил этади. У ўз назариясини яратди ва уни ГФРда канцлер Аденауэр даврида амалга оширди ҳам. Бу назариянинг асосий қоидалари қуйидагилардан иборат: эркин баҳоларнинг зарурлиги, эркин рақобат, талаб ва таклифнинг мувозанати, иқтисодиётнинг мувозанати; давлат бозор хўжалигида шу шартларни кафолатлаши ва унинг ижтимоий йўналтирилган ривожланишини таъминлаши керак. Бу ғоялар Л.Эрҳарднинг 1956 йилда чоп этилган «Барча учун фаровонлик» китобида ифодалаб берилган. Немис олимлари А.Рюстов, Вольтер Ойкен (1891-1950), швейцариялик В.Ребке (1899-1966)лар орделиберализм, яъни «ўрта йўл» таълимотига асос солган бўлиб, ижтимоий бозор унинг бир варианти ҳисобланади. Улар «инсонпарвар жамият», «хўжаликларнинг идеал типлари» ҳақида фикр юритадилар.
Бу модель «асосчилари»дан бири сиёсий иқтисодчи Вильгельм Ребке капитализм ва социализм орасидаги «учинчи йўл» борлигини кўрсатиб берди. Дунёда ривожланган мамлакатлар бўлмиш ГФР, Швеция ва бошқалар шу йўлни танладилар (Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти. Т., «Шарқ» НМК, 1996, 5-бет).
Дастлаб 1961 йилда пайдо бўлган «рационал кўтилмалар» назарияси ҳозирги даврда кенг тарғиб этилмоқда. Ж.Ф.Мўт товарлар ва қимматли қоғозлар бозорига бағишланган мақоласида «нима учун бирон бир қоида ёки формула ҳеч қачон нархларнинг ўзгаришини тўғри прогноз қила олмайди?» деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилди. Унинг фикрича, амалда барча мавжуд информация савдогарлар томонидан дарҳол қайта ишланади ва уларнинг кўра билиши, демак «кўтилмалар» рационал бўлиб чиқади.
70-йилларда кейнсчилик сиёсати АҚШ иқтисодиётида макроэкономик масалаларни ҳал этишда самарасиз бўлиб қолди, шунда Р.И.Лукас, Т.Ж.Сарджент, Н.Уоллеслар Мўтнинг мақоласида айтилган ғояларни такомиллаштириб, молия активидаги нархлар ҳаракатини «рационал кўтилмалар» асосида тушунтириб бердилар. Уларнинг фикрича, иқтисодий агентлар ҳам ўз кутилмаларини сиёсатчилар (давлат ходимлари) қўлидаги информация асосида шакллантирадилар ва ўз-ўзидан тушунарлики, иқтисодиётга сиёсатчиларнинг имкон борича камроқ аралашуви учун ҳаракат қиладилар. Амалда иқтисодий агентлар нархлар прогнозини шакллантиришда, яъни нархлар ўзгаришини кутганда, бозордаги ҳақиқий баҳоларни аниқлаш каби усуллардан фойдаланар эканлар. Бу кўтилмалар ҳар доим ҳам бехато бўлади, дегани эмас ва кўра билиш мукаммал эмас, чунки иқтисодиёт тасодифий, олдиндан айтиб бўлмайдиган шок ўзгаришларига учраб туради, бу эса нархларнинг субъектив кўтилмаларининг ўртача миқдорига ёки «математик кўтилма»га тенг бўлади, бу аслида объектив тақсимотдир. Рационал прогноз ёки кўтилма шундай хусусиятга эгаки, кутилаётган хато ҳар доим нолга тенг бўлади. Р.И.Лукас «рационал кутилмалар» назарияси учун 1995 йилда Нобель мукофоти лауреати бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |