3.3. Бетон, темирбетон конструкцияларининг эскиришини баҳолаш
Бино ва иншоотларнинг конструкциялари бетондан, темирбетондан ва тош-ғиштдан қурилади. Уларни емирилиш ва бузилишдан сақлаш бино ва иншоотларни узоқяшовчанлигини узайтиришда ҳамда зарурий эксплуатацион талаблар даражасида сақлаш муҳим амалий аҳамиятга эгадир.
Тузилиши жиҳатидан табиий ва сунъий ғишт-тош материаллари бетонга яқин, уларнинг асосини боғловчи ва тўлдирувчи ташкил этади. Ғишт-тош қурилиш ашёлари тузилиши жиҳатидан авваломбор ғовақлигининг катталиги билан металлдан фарқланади. Ғоваклик даражаси бетонда 10-15%, оҳактошда 15-30%, сопол буюмларда 5-35%. Бу уларнинг сувни сизиши, намликни ютиш ёки конденсациялаш, конструкцияга агрессив эритмаларнинг ютилишига имкон беради.
Демак, материалнинг ғоваклиги қанча катта ва унинг тарикиби қанчалик кўп ташкил этувчилардан иборат бўлса, унинг агрессив муҳитга бардошлилиги шунчалик кам бўлади.
Бетоннинг мустаҳкамлиги назарий жиҳатдан вақт ўтиши билан ошиб боради. Бироқ, цементнинг гидратация жараёнида фақатгина бетоннинг намлиги 70-90% ва ҳарорат 10-30 даража бўлгандагина агрессив бўлмаган сув таъсирида бетон мустаҳкамлигининг ошиб боришига имкон яратилади.
Бетон ва темирбетон конструкцияларнинг коррозияланиши
Ҳозирги кунда бетон ва темирбетон конструкцияларни коррозияланишининг 4 тури мавжуд.
I тур коррозия. Бу турдаги коррозия сувнинг бетонга сингиб унинг таркибидан ташкил этувчилар, хусусан, сўндирилган оҳак- Са(ОН)2 ни ювиб чиқаради. Бу жараёнга оҳакнинг ишқорланиши дейилади ва бетон учун жуда хавфлидир. Оҳактош эса деярли барча турдаги цементнинг асосий ташкил этувчисидир. Масалан, кимёвий таркиби бўйича портландцемент – 64-68% оҳактошдан, 21-24% кремней тупроғидан, 4-7% лойтупроқдан, 1-3% темир ва магний оксидидан иборат.
1-турдаги коррозиянинг ташқи белгиси - бетоннинг ташқи деворини оқ порошок сифат модда билан қопланишидир.
Бунда кальций гидрооксиди- Са(ОН)2 ҳаводаги ис гази- СО2 таъсирида кальций карбонатга- СаCО3 га айланади:
Са(ОН)2 + СО2 = СаCО3 + Н2О
Агарда таъсир қилувчи сувнинг миқдори кам бўлиб ва сув бетоннинг сиртида парланиб турса (бетонга сингмасдан), бунда кальций гидрооксиди- Са(ОН)2 бетон таркибида қолади ва бу жараён бетоннинг ўз-ўзидан даволаниши дейилади.
1-турдаги коррозиянинг асосий кўрсаткичи кальций гидрооксидининг эриш тезлигидир.
Тажрибалардан маълумки, оҳактошнинг дастлабки 16% ишқорланиши бетон мусаҳкамлигини 20%, кейинги 14% эса мустаҳкамликни 50% га камайишига олиб келади. Конструкциянинг тўлиқ бузилиши оҳактошнинг эскиришининг 35-50% миқдорига тўғри келади.
Бетоннинг 1-тур коррозияга бардошлилигини баҳолашда асосий омил сифатида бетоннинг зичлиги ва цементнинг таркиби (унинг таркибидаги оҳактошнинг камлиги) муҳимдир.
Турли хилдаги цементларнинг 1-тур коррозияга бардошлилиги улардаги оҳактош миқдорига боғлиқ. Бу кўрсаткич бўйича портландцемент бардошсиз, пуццоланли ва шлакли портландцемент зичлиги нисбатан катта ва бардошли ҳисобланади.
Шундай қилиб, 1-тур коррозия - бу бетоннинг ишқорланиши. Бино ва иншоотларни коррозиянинг бу туридан сақлаш, конструкцияни сув таъсиридан сақлаш, гидроизоляция ишларини бажариш, сизот сувларини қочиришдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |