Ҳалқ хўжалигидаги аҳамияти. Буғдой муҳим озиқ-овқат экини ҳисобланади. Ер юзи аҳолисининг 70 % буғдой нони истеъмол қилишади. Буғдой таркибида оқсил ва крахмалл кўп, оқсил моддалар, клейковина кўп бўганлиги учун унинг унидан сифатли нон тайёрланади. Буғдой донининг таркибида унинг навига, экиш шароитига қараб 11,0 % дан 18-19% гача оқсил моддаси мавжуд. Буғдой нонидаги оқсилни хазм бўлиши 95% ни ташкил этади. Бундан ташқари буғдой донидан ёрма тайёрланади, уни макарон ва кондитер саноатида ишлатилади. Буғдойнинг сомони ва поҳоли ем-хашак сифатида чорва хайвонларига берилади, янчилгандан чиққан чиқиндилари сифатли озуқа саналади. Буғдой донидан спирт, крахмалл, декстрин, клей ва бошқа ҳар хил техник маҳсулотлар олинади.
Марказий Осиё худудида ўтказилган археологик қазилмалар минтақада пакана бўйли буғдой, юмшоқ буғдой, қаттиқ буғдой, тургидум турлари етиштирилганлигини кўрсатади. Марказий Осиё дунёдаги буғдойнинг ген марказларидан бири ҳисобланади.
Буғдой дунё дехқончилигига қишлоқ хўжалик экинлари орасида экилиш майдонларига кўра биринчи ўринни эгаллайди. Дунёда буғдой экин майдони, ҳосилдорлиги, ялпи ҳосили бўйича маълумотлар жадвалда келтирилган.
Энг кўп буғдой экиладиган майдонлар Россия, АҚШ, Хитой, Хиндистон, Канада, Аргентина, Франция, Туркия, Австралия, Қозоғистон, Италияда жойлашган. Жадвал маълумотларидан кўриниб турибдики 2000 йилда дунё бўйича 215 млн 180 минг гектар ерга буғдой экилган. Ўртача ҳосилдорлик гектаридан 27,06 центнерни ташкил қилган, ялпи ҳосил эса 582 млн 223 минг тоннани ташкил қилган. Ўзбекистонда 2007 йилда 1 млн 249,8 минг гектар ерга буғдой экилган бўлиб, ўртача ҳосилдорлиги гектаридан 43 центнерни ташкил қилган. Ялпи ҳосили эса 5 млн 357 минг тоннани ташкил қилган. Буғдой ўсимлиги тузилиши ва ривожланиш фазаларини қуйидаги 6-расмдан кўришимиз мумкин.
Буғдой дунёдаги мамлакатларнинг кўпчилигида асосий озиқ-овқат экинидир. Дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғи уни истеъмол қилади.
Озиқ-овқат экини сифатида буғдой жуда кўп табиий афазлликларга эга. Унинг дони туйимли, юқори каллорияга эга, яхши сақланади, ташилади ҳамда қайта ишланиб юқори сифатли маҳсулотлар олинади. Буғдой унидан нон ёпиш ва кондитер саноатида енгил хазмланадиган турли мазалик маҳсулотлар тайёрллашда кенг фойдаланилади. Донидан ёрма, макарон, вермишел ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади.
Буғдойнинг кепаги, поҳоли, сомони, тўпони юқори озиқавий кийматга эга. Унинг кепаги ҳамма қишлоқ хўжалик хайвонлари учун юқори туйимлиликка эга бўлган озуқадир. Ундаги хазмланадиган оқсил миқдори арпа донига нисбатан 1,5 баравар кўп. Сомони майдаланган ва буғланган ёки кимёвий моддалар билан ишланган ҳолда қорамоллар, қўйлар учун иштаха билан ейиладиган озиқа. Сомонининг 100 кг ида 0,5-1,0 кг хазмланадиган оқсил, 20-22 озиқа бирлиги бор.
Бошқа ўсимликлар маҳсулотларидан фарқли равишда буғдой дони сифатининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири унинг таркибидаги оқсил ва клейковинанинг миқдоридир. Ҳамирга ачитқи (ҳамиртуруш) қўшилганда у кўпчиб, бижғиб, хажми катталашади ва карбонат ангидрид гази ҳосил бўлади. Буғдой донининг таркибида крахмалл, оқсил, маъданли моддалар, витаминлар бор. Буғдойдаги маъданли моддалар ва витаминлар, айниқса, бутун дон ва ундан тайёрланадиган маҳсулотларда кўп бўлади ҳамда улар юқори туйимлилик қимматига эга.
Озиқ-овқат маҳсулоти сифатида буғдой унидан турли навдаги нонлар, ширин кулчалар, печений, бисквитлар, кекслар, пироглар, вафлилар, музқаймоқлар учун стаканчалар, макаронлар, болалар учун пархез таом тайёрлашда ишлатиладиган ёрмалар, ярим фабрикатлар ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади. Ундан турли хил лағмонлар, кулчатойлар, конфет ва ичимликлар, сумалак тайёрланади. Муртаги, кепаги кўкартирилган донларидан шифобахш маҳсулотлар сифатида фойдаланилади.
Буғдой донининг кимёвий таркиби жуда ўзгарувчан. Унинг таркибидаги оқсил, клейковина, маъдан моддалар, витаминлар, пигментлар ва ферментлар иқлим, тупроқ ва солинадиган ўғитлар, қўлланиладиган агротехникага, навларига боғлиқ ҳолда ўзгариб туради.
Буғдой дони таркибидаги оқсил миқдори ундан қандай мақсадларда фойдаланишни белгилайди. Нон ёпиш учун дон таркибида 14-15 % макарон маҳсулотлари тайёрлашлари учун 17-18 % оқсил бўлиши талаб этилади. Одамлар учун асосий ўсимлик оқсили манбаи буғдой дони бўлиб, у кундалик озиқ-овқат рационида оқсилга бўлган эҳтиёжнинг 50 % и қондирилади.
Келиб чиқиши ва тарқалиши. Буғдой қадимги маданий ўсимликлардандир. У Мисрда эрамиздан 6000 йил олдин экилган. Кавказ ортида, Украина, Европа ва Осиёда буғдой эрамиздан 4000 йил муқаддам экилганлиги маълум. Афсуски, буғдойнинг келиб чиқиши ва илк экилган минтақалари тўғрисида аниқ бир маълумот йўқ.
Хозирги вақтда буғдой бутун жахонда ўзининг экин майдони бўйича бошқа экинлар орасида биринчи ўринда туради, у экин майдонининг 208,8 млн гектарини (ФАО, 2004) ташкил қилади.
Ўзбекистонда буғдой яқин йилларгача фақат лалми ерларда экилган ва дон хўжалигининг асосий базаси лалмикор ҳисобланарди. Республикамиз мустақилликка эришган даврдан бошлаб қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи дон етиштиришга катта эътибор бериб келинмоқда. Дон хўжалиги қишлоқ хўжалигининг асоси ҳисобланиб, унинг ривожланиши ҳалқимизнинг озиқ-овқат маҳсулоти билан тўла таъминланишига имкон туғдирди. Шу сабабдан 1995 йилнинг ўзида хукуматимиз карори билан лалми ерлардан ташқари, суғориладиган ернинг ўзидан 1 млн гектар ер ажратилди. Буғдойни суғориладиган ерларга экишдан мақсад-дон етиштиришни қисқа муддатларда кўпайтиришдан иборатдир.
Хозирги вақтда Ўзбекистонда буғдой асосий экинлардан бири ҳисобланиб, унинг экин майдони 1,3 млн гектарни ташкил қилади.
Систематикаси. Буғдой қўнғир бошлилар оиласига (Poaceae), (Triticum L) авлодига мансуб бир йиллик ўсимлик. Академик Д.Д. Брежнов маълумоти бўйича буғдой авлоди 27 та маданий ва ёввойи турларига эга. Буғдойнинг ҳамма турлари жинсий хужайрасидаги хромосомалар сонига қараб 4 та генетик гуруҳга бўлинади. Хўжалик хусусиятларига қараб 2 гуруҳга ажратилади. Булар хақиқий ёки ялонғоч донли буғдойлар ва полбасимон ёки уруғи қобиқли буғдойлар. Хақиқий буғдойнинг қуйидаги турлари: юмшоқ буғдой Triticum aectrum ва қаттиқ буғдой Triticum durum дунё дехқончилигида буғдой экин майдонларини асосий қисмини эғаллайди. Юмшоқ буғдой кўп экилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |