1.1.4. Катта мум куяси қуртини лаборатория шароитида кўпайтириш технологияси
Катта мум куяси (Galleria mellonella) илмий ишлаб чиқариш мақсадида кенг кўламда фойдаланиб келинмоқда. Масалан АҚШ ва Европада катта мум куяси қуртлари балиқчиликда хўрак сифатида кўпайтириб келинмоқда. Кўплаб мамлакатларда катта мум куяси қуртлари манзарали-экзотик тур қушлар, сувда ва қуруқликда яшовчилар (бақа, қурбақа, тритонлар, ва бош.) ва судралиб юрувчиларни (илонлар, калтакесак ва бош.) озиқлантириш учун фойдаланиб келинмоқда [15; 156–178-б., 186; 88–92-б.].
Катта мум куяси қуртларида кўп миқдорда оқсил ва ёғларнинг бўлиши сабабли уларни муқобил (альтернатив) озуқа манбаи сифатида қабул қилиш мумкин [144; 722–727-б.]. Бундан ташқари, катта мум куяси физиологик ва биокимёвий тадқиқот ишлари олиб бориш учун модел объект ва бактериал прерпаратларнинг сифати ва фаоллигини баҳолаш учун синов-объекти, ҳамда озуқа объекти ёки йиртқич ҳашаротлар ва трихограмма, тахина пашшаси учун хўжайин ҳашарот сифатида лаборатория шароитида кўпайтирилмоқда [16; 26–30-б.].
Бошқа томондан эса, катта мум куяси қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши биологик курашда текинхўр-энтомофаглар (хальцидлар, ихневмонидлар, яйдоқчилар, тахиналар) хўжайини сифатида фойдаланиб келинмоқда [15; 156–178-б.]. Шунингдек, хитин ва хитозан олишда катта мум куяси қурти биологик фаол модда сифатида қўлланилмоқда. Е.С.Останина ўзининг олиб борган тажриба ишларида қуртлардаги хитиноза сил касаллигига қарши фаолликка эга эканлиги исботлаган [91; 16–23-б., 187; 38-б.].
Россиялик олимлар П.П.Пурыгин, О.С.Срибная, Д.А.Костина ва бошқалар тадқиқотларида катта мум куяси личинкаси гемолимфасидан ажралиб чиқувчи кўп сондаги бир қатор антимикробли пептид, Е.coli касаллигини йўқотувчи ва касаллик ҳужайрасида метоболизм жараёни тезлигига таъсир этиши мумкинлигини аниқлашган. Бу эса ҳашаротга нисбатан альтернатив озуқа манбаи сифатида катта қизиқиш уйғотмоқда. Катта мум куяси қуртларида катта миқдорда ёғ кислота - 22%, 34,5% алмашинмайдиган аминокислоталар бўлиб, қуввати 2658 кал/кг га тенг [81; 567–574-б., 104; 270–285-б.].
Америка олимлари Н.Марстон, ва Б.Камбел катта мум куясини кўпайтириш учун усти зич ёпилувчи ва шамоллатиш учун тўр билан таъминланган 1,1 литр пластик контейнердан фойдаланишни таклиф этишган. Капалаклар пайдо бўлгандан сўнг, контейнерга тухум қўйиш учун алмаштирб турувчи қоғоз жойлаштирилди. Контейнерларда ҳарорат 30±1°С, нисбий ҳаво намлиги 60±5% ва доимий равишда ёруғлик яратилади [168; 132–136-б.].
M.Ашфад Ноҳад Кадҳум Ал-Темену ва Суҳаил Аҳмедлар тажрибаларида дастлаб имаголар оталаниши ва тухум қўйиши учун 5х30 см ўлчамдаги пластик банкаларга жойлаштирилди. Сўнгра 24 соат давомида бу банкаларга қўйилган тухумлар йиғиб олинди ва катта мум куяси қуртларини озиқлантириш учун озуқа муҳит солинди ва табиий шароитга яқин ҳолатда (ҳарорат 32±1°С, намлик 75±5%, ва кун давомида қорнғилик) тутиб турилди. Сунъий озуқа ва тухумлар бўлган банкалар юқорида таъкидлаб ўтилган шароитга ўхшаш катта камерага ўтқазилди [164; 223–228-б.].
Франк А.Эисчен ва A. Диетзлар оғзи металл қопқоқ билан беркитилган ҳажми 130 мл бўлган банкалардан фойдаланишди. Қопқоқда диаметри 10 мм бўлган тешиклар очилди, уларни ёпишқоқ лента билан беркитилди, ўз навбатида шамоллатиш учун 3-4 та тешиклар очилди. Банкалар махсус исткичларга жойлаштирилди (ҳарорат 31±2°С, ва нисбий намлик 40±5% да) [156; 123–128-б.].
M.Ҳ.Ҳайдак тажриба ишларини олиб бориш учун ҳажми 0,57 литр бўлган шиша банкаларга катта мум куяси қуртларини жойлаштирди ва бир хил ҳароратда 33°С ва нисбий намликда 75% тутиб турди [161; 581–588-б.].
Н.А.Спиридонов, А.К.Рачков, С.А.Мухин ва бошқалар лаборатория шароитида катта мум куяси Петри ликопчасида ва оғзи кавшарланган майда тўр қопқоқ билан таъминланган шиша банкаларда ҳарорат 20-25°С ва нисбий ҳаво намлиги 60% да кўпайтирган. Ҳашаротни оммавий кўпайтириш учун махсус контейнерлардан фойдаланилган. Махсус контейнер қуйидагича ўлчамларга эга бўлган: 30х30х40 см, қопқоқ билан таъминланган ва шамоллатиб туриш учун ўлчами 1мм бўлган майда тешикли металли тўр тортилган [94].
Б.Г.Севастьянов ўзини ишларида катта мум куясини оммавий кўпайтириш учун хизмат кўрсатувчи хоналарга энг яхши натижа берадиган мустақил иситувчи махсус иситиш қурилмаси билан жиҳозланган шкафларни ўрнатиш мумкинлиги ҳақида ёзади. Шкафга эшикча ўрнатилади ва иссиқлик чиқишини олдини олиш ва қуртлар чиқиб кетмаслиги учун зич қилиб ёпилади [109; 241–245-б., 176; 84–87-б.].
Жоан Ф. Бронскилл мум куясини кўпайтиришда шиша банкалардан фойдаланиш бир қатор яъни 139 та камчиликка эга эканлигини аниқлаган. Айниқса банка остига қуртларнинг (экскремент) нажасларнинг тўпланиши ҳисобига тоза озуқалар билан аралашиб кетиши ва пиллалар ва ўргимчакларни ҳосил бўлиши, ғумбакларни шикастланмасдан йиғиб олишга қийинчилик келтириб чиқаради. Фонар кўринишдаги банкадан қуртларнинг чиқишини муаллиф ўз кўзи билан кўрди ва 200-250 тагача қурт жойлаштириш ва ҳарорат 27-28°С ва нисбий намлик 37±3% да кўпайтириш мумкинлигини аниқлаган [147; 102–104-б.].
Фонар банка шиша банкадан иборат бўлиб, остки қисми берк фонар кўринишда бўлиб, бўйи 12 см, устки қисмидаги тешиклар 9 см ва пастки диаметри 7см, ячейкаларнинг диаметри 0,5 мм ли мис тўр билан қопланган. Фонар банкани ичини шамоллатиш учун банкани кўтариб турувчи учта металл пичоқдан иборат. Мисни асосий қисми кўндаланг қилиб қўйилган духоба билан ўралган ва саккиз конусли колонкага бўлинган ва бу ерда шикастламасдан пилла ўраб банкадан осон чиқа олади. озуқа аралашма клеткани юқори қисми орқали бериб турилади [147; 102–104-б.].
Х.Р.Мирзалиева ва Б.Т.Мирзалиевлар (1985) катта мум куяси қуртларини ёшлар бўйича ажратиш мосламаси учун патент олишган. Мосламани пастки қисмида озуқа билан бирга кичик ёшдаги қуртлар идишга жойлаштирилади. Ғумбакка тайёрланаётган қуртлар махсус тайёрланган идишга томон ҳаракатланади [97].
Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти қошидаги “ҒУҲ” бўлими олимлари томонидан янада мукаммал бўлган қуртларни ёшлари бўйича ажратиш мосламаси яратилди. Бу мосламанинг юқори қисмига озуқа ва қуртлар бўлган идишлар ўрнатилади ва ҳарорат 60-70°C да қиздирилади, шу пайтда иссиқдан қочган қуртлар тешикларни диамерти уч хил бўлган учта кассетага ўрмалайди ва шу ерда бракон кўпайтириш учун керак бўлган катта ёшдаги қуртлар ажратиб олинади. Олиб борилган тажриба натижаларига кўра, бугунги кунга келиб катта мум куясини лаборатория шароитида кўпайтириш бўйича 140 га яқин оддий ва мураккаб конструкциядан иборат технологиялар яратилган [41; 39–40-б.].
Мум куясини оммавий кўпайтириш учун дастлабки бошланғич материаллар 3 литрли шиша банкаларда кўпайтирилади. Бунинг учун қуйидагича озуқа тайёрланади. ҳар бир банкага 100 грамм маккажўхори уни, 10 грамм олма қоқи, 30 грамм шакар, овқат қолдиқларидан аралаштириб озуқа тайёрлади. Улар сирли тоғорада аралаштирилиб 24 соат очиқ ҳавода қолдирилади. Сўнгра автоклавда 1-1,5 босими остида 20 минут, атоклав бўлмаса манти қасқонда 25 дақиқа давомида стерилизация қилинади.
Тайёрланган озуқа 100 граммдан 3 литрли шиша банкаларга солиниб, унинг ҳар бирига 100 донадан сўнги бешинчи ёшдаги тўйиб овқатланган мум куяси қуртларидан солинади ва банканинг оғзи оқ материал билан беркитилади.
Қуртлар банка ичида ғумбакка айланади ва 7-8 кундан кейин капалак бўлиб учиб чиқади. 2-3 кунда оталанади. Шу вақтда материал қопқоқ 18х18 сантиметрли докага алмаштирилади ва ҳар бир банкага 25 граммдан асалари мум қолдиғи солинади. Уни солишдан олдин қайноқ сувда 5 минут ҳар хил каналарга қарши стерилизация қилинади. Капалаклар инстинкт ҳолатда авлод қолдириш учун 6-7 кун ичида 200-300 донагача тухум қўяди. Тухумдан чиққан майда қуртчалар шу мум билан озиқланади. 2-ёшда қуртлар банкадаги маккажўхори уни, олма қоқи, шакар билан озиқлантирилади. 2-ёши тугаши олдидан банкадаги қуртлар яшикка тўкилади, 2-3 ёшли қуртлар 30-35°C ҳароратда ҳамда 75-85 % намликда сақланади. Қуртлар тухумдан чиққач вояга етиши учун 10-12 кун вақт кетади, 3-5 ёшларни ўтиши учун 8-10 кун ўтади мум куясининг бир авлодини ривожлантириш учун 37-45 кун ўтади [132; 45–49-б.].
Яшикдаги қуртларни боқиш учун 5 кг маккажўхори уни 5 кг овқат қолдиғи, 1 кг шакар аралаштириб, озуқа тайёрланади ва 24 соат очиқ ҳавода қолдирилади. Сўнгра автоклав ёки мантиқасқонда стерилизация қилинади, совутилиб қуртларга берилади. Яшик ичидаги қуртлар озиқланиб, тез кунлар ичида охирги 5-ёшга ўтади. Катта ёшдаги қуртлар ғумбакка айланиши учун дастлаб пиллага ўралади, шунинг учун улар кўпроқ оралиқ жойларга кириб олади. Қурт териб олишни осонлаштириш учун яшикка қора материал буклаб (гормошкача қилиб) солинади. Қурт пилла ўраш учун материал орасига киради ва уларни териб олиш осонлашади. Терилган қуртларни керак бўлса бракон кўпайтиришга ёки қайтадан қурт кўпайтириш учун ҳар бир банкага 100 донадан солинади [132; 45–49-б.].
Бу иш капалак учиб чиққунича давом эттирилади. Сўнгра ҳар бир банкага 4 донадан пластмасса таёқчалар солинади. Пластмасса таёқчалар тухумдан тозаланиб яна қайта банкаларга солинади. Бу иш кун ора бажарилади. Озуқа сифатсиз тайёрланса, улар моғорлаши, қотиб қолиши ва қориндор кана кўпайиб кетиши мумкин. Қориндор кана тушмаслиги учун тозаликка риоя қилиш ҳамда озуқанинг намлиги ошиб кетмаслиги лозим. Бракон кўпайтириш учун қуртлар садоқларда боқилади. Бунинг учун №1 озуқаси ва тухум солинган 15-17 кун сақланган банкаларни садокларга (1 та садокка 3 та банка) ағдарилади ва уни устига юпқароқ қилиб №3 озуқадан 10-15 кун давомида ҳар куни 1,5 кг дан солинади. Унинг усти қалин мато билан (қатлам-қатлам қилиб) ёпиб қўйилади. Ҳарорат +35°С, намлик 80-85% бўлиши лозим [131; 44–49-б., 132; 45–49-б.].
Мато қатламларига ўтган катта ёшдаги қуртлар ҳар куни 1-2 марта териб олинади. Бу ҳол бир ойгача давом этади. Қуртлар дастлабки 15 кунда кўпроқ чиқади. Идишлардаги озуқали аралашманинг қалинлиги 20 см га етганида парвона капалаги қуртларидан бир қисми юзага чиқмай қўяди ва идиш тубида, аралашмада ғумбакланади. Уларни аралашма юзасига жалб қилиш учун ҳар бир идишга 150-200 гр мерва сепилади. Мум ҳидини сезгач, қуртлар унга интилади ва мато юзасига йиғилади. Садокда қурт боқилиб тўлиқ териб бўлингач, ундаги овқат ва чиқиндилар ташлаб юборилади. Садоклар ювилиб яна қайтадан ишга туширилади [132; 45–49-б.].
Do'stlaringiz bilan baham: |