баҳолаш ва ўз гуноҳини хотирлаб, улар устидан ҳукм чиқариш
виждонлилик мезонидир. Виждон иймон тушунчаси билан муштарак
бўлиб, иймонли одам дини ва миллатидан қатъий назар, виждонли,
ростгўй, ҳалол одамдир. Виждон олий ҳакам, унинг ҳукмидан
алдамчилик, безбетлик, номуссизлик, мунофиқлик либосини кийган
кимсалар қўрқмайди. Айбини ҳис этиш, қилмишидан уялиш маънавий
покизалик ва диёнат сари интилиш белгиси бўлиб, инсонни ҳеч нарса
виждончалик безовта қилмайди. Ҳамма нарса вақт ўтиши билан
унутилиши, эсдан чиқарилиши мумкин, виждон яраси эса батамом битиб
кетмайди, кўп ҳолларда кишилар гуноҳкорлик туйғусини у дунёга олиб
кетишни истамай, ўлими олдидан ҳеч ким билмаган мудҳиш ҳақиқатни
ошкор этадилар ва гуноҳкорлик ҳисси, виждон азобидан халос бўладилар.
Номус ҳам бурч, ҳам қадр-қиммат тушунчаси билан боғлиқ бўлиб,
ижтимоий ҳодисадир. Инсон учун жон қанчалик азиз бўлса, номус ундан
ҳам қимматлироқдир. Номус учун инсон жонидан кечишга тайёр, яъни
инсон ўз номуси, оиласи, миллати, юрти номуси учун курашади. Оқиллар
ор-номуссиз ҳаётдан ўлимни афзал кўрадилар. Номус – асл гўзаллик,
ақлнинг пойдевори, ташқи виждон (виждон ичдаги номус) бўлиб, одобни
номусдан, номусни одобдан ажратиб бўлмайди.
Номус тушунчаси ор тушунчасидан фарқланади. Ориятлилик – ўз
сўзининг устидан чиқадиган, ғурурли инсонга хос хусусият бўлса,
беорлик ўз шаъни, ғурури учун заррача қизиқмайдиган, қандай қилиб
бўлса ҳам иш битириш пайида бўлиб, керак бўлса, номусини ҳам
сотадиган, обрўсини сақламай, бўлар-бўлмасга гап қўшиб, айтилмаган
жойга ҳам андишасизлик қилиб бораверадиган кимсаларга хосдир.
Номус тушунчаси обрў тушунчаси билан боғлиқ бўлиб, обрў
инсоннинг ўзини ўзи ҳурмат қилиши, атрофдагиларнинг ҳурматини
йўқотмаслик учун ўз-ўзини назорат қилиш ҳиссидан келиб чиқади.
Идеал – ўзида гўзал ахлоқий фазилатларни уйғунлаштирган комил
инсон ва мукаммал (адолатли) жамият ҳақидаги тасаввур, орзу ва унга
етишишга бўлган интилишдир. Идеалда мавжуд бўлмаган, хаёлдаги орзу-
умид воқеликка қиёсланади, яъни бор нарса йўқ нарса билан ўлчанади.
Зеро, идеал ҳаётда бўлмаган, лекин инсон ҳаёти, мақсади, интилиши учун
намунавийлик ўтмишдан андоза шаклида олинади, пайғамбарлар, азиз-
авлиёлар, подшоҳ ва вазирлар ҳаёти турли афсона ва ривоят билан
бойитилиб, идеаллаштирилади. Барча ахлоқий сифатлар билан безанган
мўъжизакор пайғамбар, одил подшо, саховатпеша, доно вазир, назари
билан тупроқни олтинга айлантирадиган валийлар, жўмард инсонлардир.
Хотами Той – идеал саховат эгаси бўлса, Ҳорун ар-Рашид ёки Искандар
идеал подшо, Низом ул-мулк доно вазир, Амир Темур – буюк жаҳонгир,
Спитамен, Тўмарис, Жалолиддин Мангуберди халқ қаҳрамонларидир.
Инсон ҳамиша идеалга интилади, ўз ҳаётини унга қиёслайди, унга тақлид
қилади. Идеалга интилиб яшаш инсонни комилликка етаклайди. Идеал
ижобий ҳодиса бўлиб, инсоният идеалда ўз бахтининг ёрқин ифодасини
кўради ва идеалга етишишни ҳаётининг маъноси деб билади.
21
Инсон учун энг қадрли нарса нима, инсон нима учун яшайди,
яшашдан мақсад нима, инсон ҳаётининг маъноси нимада деган саволлар
ҳамма замонларда изоҳлашга ҳаракат қилинган. Яшаш – кураш, яратиш,
яшнатиш, бунёдкорлик, меҳр-муравват, эзгулик, фидойиликдир. Лекин
ўзи учун яшаш, ўзи учун ишлаш ҳаёт эмас. Инсон бошқаларга қанча кўп
фойда келтирса, ҳаётининг маъноси шунча гўзаллашади. Фидокор
кишилар қуёш кабидир. Инсон ҳаётининг энг катта қувончи ўзини
бошқаларга яқин ва керакли деб билишдир. Ҳаётнинг маъноси инсоннинг
камолотга эришувидадир. Ўзидан қониқмаслик оқил инсон ҳаётининг
зарурий шартидир. Ҳаётнинг қиммати уни қандай яшай билиш билан
ўлчанади. Инсон дунёга икки марта келмайди, лекин бир марта ҳам
яшашни, умрни мазмунли ўтказишни билмайдиганлар бисёр. Эътибор
берсак, аксарият кишилар ҳаётининг кўп қисмини бўлмағур ва фойдасиз
ишларга, анчагинасини бекорчиликка, дангасаликка, бехуда хаёл суришга,
бутун умрни эса нокерак нарсаларга сарфлаётганларининг гувоҳи
бўламиз. Азиз умрини мол-дунё, бойлик учун сарфлаб, йиққанларини
тасарруф этишга умри етмаган қанча. Инсон деган номга сазовор бўлиш
– инсон ҳаётининг асл мақсадидир. Ҳаётда ўз ўрнини топа олмаган
инсоннинг аҳволи оғирдир. Зеро, умр ўлчовли, ҳар дақиқа ҳисобли, вақт
инсоннинг қимматбаҳо бойлиги, улуғ мураббийдир. Вақтнинг қадрига
етмаган инсон умрининг қадрига ҳам етмайди. Ҳар доим вақтим йўқ
дейдиган киши аслида ҳеч нарса қилмайди, чунки ўз вақтидан оқилона
фойдаланган инсон вақтни тўғри тақсимлагани учун ҳамма нарсага
улгуриши тайин. Дангасалик вақтнинг энг катта душманидир. Беҳуда
ўтказилган вақт армонли хулоса ясайди. Вақтида қилинмаган иш беҳуда
қилинган иш, яъни бугунги бир соат эртанги икки соатдир, яъни
«эртага» «бугун»ни боплаб алдайди. Демак, ҳаётни ўйинчоқ деб билган
инсоннинг ўзи ўйинчоққа айланиши муқаррар.
Ахлоқшуносликдаги энг баҳсли мавзу бахт бўлиб, ҳар бир инсон
бахтга ўзича ёндашади, бировга бахт бўлиб туюлган нарса бошқа учун
аҳамиятсиз бўлиши мумкин ва аксинча, зеро, «ҳеч ким бахт нималигини
аниқ билмайди». Бахт – инсоннинг ҳаётдан, турмушдан лаззатланиб, ундан
тўла мамнун бўлиб яшашидир. Бахтга интилиш туғма фазилат бўлиб,
кишининг бахти бошқаларга келтирган бахтига қараб ўлчанади. Ким учун
яшамоқлик чинакам бахт бўлса, кимдир бахтни энг аввало соғликда деб
билади. Инсон бахтсизликни билмасдан бахт нималигини билмайди.
Бахтсизлик кулфат, ғам-ғусса, дард-алам, рўшносизлик, омадсизлик,
толесизлик бўлиб, тасодифий ҳодиса эмас, балки заруриятнинг намоён
бўлишидир. Агар инсон бахтсиз экан, аввало унинг ўзи айбдордир.
Бахт тушунчаси омад билан боғлиқ. Омад ўткинчи ҳодиса бўлиб,
ҳамиша ҳам кулиб боқавермайди, чунки одам бир умр омадли бўлолмайди,
омад тасодиф натижаси, вазият мувозанати бўлса, бахт қонуний ҳодиса,
зарурият, бўлиши лозим бўлган ҳодисадир. Ҳаёт ҳар бир кишига улкан ва
бебаҳо туҳфа инъом этади, бахтли бўлиш инсоннинг ўз қўлида: орзу,
ишонч, фидойилик, жасорат, камолот сари интилиш бахт калитидир.
22
Do'stlaringiz bilan baham: |