41
берадиган изтироб ва қувонч, бир хил моҳият, оламий ҳаётнинг ягона
манбаини кўради.
Фожиа инсонга берадиган лаззатнинг сири ана шунда. Фожиа
қаҳрамоннинг ўлими билан тугаса ҳам, инсон ундан кўникиш ва
юпанчнинг қувончли ҳиссини туяди, нимаики қаҳрамонда ўлган бўлса,
ўзида яшашда давом этаётганини англайди, ўлим устидан тинимсиз
ғалаба қилаётган, бир индивид ҳалокатидан сўнг бошқасида
янгиланадиган, қайта туғиладиган абадий ҳаётни ҳис этади. Фожиа
инсонни шахсиятдан, барча ўткинчи ва чекланган нарсалардан
юксакликка кўтаради, ўлим қўрқувини енгишга куч-қувват беради.
XIX аср охири ва XX аср бошларида рус мумтоз фалсафий
тафаккурига В.Соловьёв (1853-1900) катта ҳисса қўшди. У гўзалликни
ўзининг зиддидан, яъни хунукликдан (гўзал инсоний вужуд хунук
эмбриондан вужудга келганидек) бир-бирига қарама-қарши икки ибтидо –
модда ва нурнинг ўзаро бириктирувидан туғилади дейди. Қаерда модда
нурафшон бўлса, ўша ерда гўзаллик ҳодисаси учрайди. Унинг фикрича,
модда ва нурнинг узвий омухталиги – ҳаётдир. Қаерда ҳаётнинг ички
тўлақонлигига эришилса, ўша ерда табиат ўзининг бор гўзаллиги билан
намоён бўлади.
Нур ва ҳаёт – табиатдаги эстетик мазмунни баҳолашнинг икки
асосий мезонидир. Лев Толстой ҳам
«санъат инсон қудратининг энг олий
даражадаги инъикосидир. У камдан-кам, сара оламга бир ато этилади ва
одамни шундай юксакликка кўтарадики, унда бош айланиб, соғлом
ҳолатни сақлаб туриши маҳол бўлиб қолади» деб таъкидлаган.
Санъат комил гўзалликдан бевосита ва билвосита огоҳ этади.
Бевосита огоҳ этиш мусиқа ва лирик шеърият орқали ифодаланса,
билвосита огоҳ этиш табиий гўзалликни кучайтириш, идеаллаштириш
(меъморлик, рангтасвирли манзаралар) ҳамда идеал ва воқеликнинг мос
келмаслиги (қаҳрамонлик эпоси, фожиа, кулги орқали ифодаланади.
Рус нафосатшунослиги ривожига Ф.Достоевский, Л.Н.Толстой,
И.С.Тургенев, А.Фет, А.П.Чехов каби буюк ёзувчи ва шоирлар салмоқли
ҳисса қўшганлар. Жумладан, Лев Толстой санъатда ғоясизликни инкор
этади, шакл ва мазмун яхлитлигини тан олади, мазмунни асосий ҳодиса
сифатида талқин этган ҳолда, бадиий шаклсиз санъат асарининг бўлиши
мумкин эмаслигини таъкидлайди.
ХХ аср нафосатшунослигидаги ўзига хос йўналишлардан бири
экзистенциячиликдир. Жан Поль Сартр нафосатшунослиги амалий
табиатга эга. Сартр фикрича, асл санъат асари ижодкор ва санъатни идрок
этувчи кишининг ҳаракати билан юзага келади, ўзгалар учун яратилади,
ўзгалар учун мавжуд бўлиш имконига эга.
ХХ аср фалсафий-эстетик тафаккури бениҳоя бой ва ранг-баранг.
Ясперс, Хайдеггер, Камю, Марсель, Маритен, Ортега Гассет Хуйзинга,
Дюфрен, Жильсон каби буюк мутафаккирлар ўз қарашларини илмий
асослаб берганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: