XV. Тупроқ ресурси.
Тупроқ ер қобиғининг юза унумдор қисмидан иборат бўлиб, табиий тарихий жисмдир. Унинг қалинлиги ўртача 18-20 см ни ташкил этиб, Ер юзасининг турли жойларида бир неча мм дан 1,5-2 метргача бўлади. Тупроқнинг ҳосил бўлиш жараёни бир неча минг йилларни ўз ичига олади. Бунда тупроқ ҳосил қилувчи тоғ жинси билан, сув, ҳаво, ҳарорат, ўсимлик ва ҳайвон организмлари, айниқса микроорганизмлар ўзаро таъсирда бўлади.
Тупроқнинг энг муҳим ҳоссаси, унинг унумдорлиги ҳисобланади, яъни ўсимликни сув ҳаво ва озуқа моддалар билан таъминлаш ҳусусиятига эга.
Тупроқ барча элементларни ўзида сақлаб, уларни сув билан ювилиб кетишидан асрайди. Тупроқнинг гумуси, унинг умумий унумдорлигини белгилаб беради.
Тупроқ инсон омилининг кўпгина таъсирларига ниҳоятда сезгир. Тупроқнинг унумдорлиги кўпинча инсон фаолиятига боғлиқ.
Тупроқ барча моддий фаровонлигимиз манбаидир, у озиқ-овқат маҳсулотлари, чорва учун ем-хашак, кийим-кечак учун тола, ёғоч материаллари ва бошқаларни беради.
Тупроқ ноёб табиий ресурс ҳисобланади. Ўзбекистонда умумий ер фондининг атиги 10%и суғориладиган ерлар ҳисобланади. Суғориладиган қишлоқ хўжалик майдонлари 4,2%ни ташкил этади.
Мамлакатимизнинг ялпи қишлоқ хўжалик махсулотларининг 95%и ана шу суғориладиган ерлардан олинади. Ерларнинг ўзлаштирилиши ва фойдаланилиши натижасида шўрланишнинг даражаси ортиб борди. Пахта майдонлари кўпчиликни ташкил этиб, бу соҳа тупроқ унумдорлигини пасайишига, тупроқ хоссаларини ўзгариши ва эрозияни кучайишига олиб келди. Шунинг учун тупроқ ресурсидан фойдаланганда, унинг мелиоратив холатини яхшилаш, эрозияга қарши комплекс чора-тадбирларни системали равишда олиб бориш керак.
Ҳайдалма ерлардан самарали фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишда экологик нуқтаи назардан асосланган экинлардан фойдаланиш, тупроқ гумус миқдорини сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Тупроқ унумдорлигин қайта тиклаш ва экинларни экишни кенг қўллашда, ем-хашак ва дон экинларини навбатлаб экиш, яхши самара беради.
Республикамизда пахта экин майдонлари қисқартирилиб, ғалла экин майдонлари ортиб бормоқда.
Тупроқ мураккаб тизим бўлиб, у доимо ривожланишда ва ўзгаришда.
Сув, шамол ва антропоген омиллар тупроқга салбий таъсир этиши натижасида унинг устки унумдор қатламини ювилиб ва учиб кетишига эрозия (лотинчада erosia – кемирилиш, емирилиш) дейилади. Эрозия жараёнлари келиб чиқишига кўра, нормал, тезлашган ва антропоген эрозияларга ажратилад.
Шамол эрозияси ёки дефляция тупроқнинг қуруқ ва майда заррачаларини шамол таъсирида учирилишидан келиб чиқади. Қуруқ, енгил, қумоқ тупроқлар, нам тупроққа нисбатан бундай эрозияга кўп учрайди. Шунинг учун қурғоқчил районларда шамол эрозияси учрайди.
Сув эрозияси кўпинча суғориладиган деҳқончилик билан шуғулланадиган, қиялик жойларда кузатилади. Бунда ўсимлик учун зарур бўлган гумус ва бошқа озуқа элементлари ювилиб кетади. Унумдорлик пасайиб суғориш шаҳобчалари ҳам ишдан чиқади.
Антропоген эрозия – сув ва шамол билан боғлиқ равишда инсоннинг хўжалик фаолиятини нотўғри юргизилиши туфайли юзага келади.
Ўсимликни нормал ўсиши ва ривожланишига тўсқинлик қилувчи, тупроқнинг юза қатламида натрий, кальций, магний, тузларининг тўпланиши шўрланиш дейилади.
Шўрланиш Миср, Ироқ, Ҳиндистон, Тожикистон, Марказий Осиё ва бошқа қурғоқчил районларида кенг тарқалган.
Ҳар йили Ер шари бўйича тупроқни шўрланиши натижасида 200-300000 га суғориладиган ерлар ишдан чиқади. Ўзбекистон бўйича тупроқнинг шўрланиш даражаси нисбатан барқарор.
Тупроқ ифлосланиши, пастицидлардан нотўғри фойдаланиш туфайли келиб чиқади. Пестицидлар барқарор моддалар ҳисобланиб, тупроқда кўпроқ тўпланади ва тупроқ организмларни нобуд бўлишига олиб келади. Тупроқда пестицидларнинг тўпланиши ва организмларнинг нобуд бўлиши, тупроқ ҳосил бўлиш жараёнига ва унумдорликнинг пасайишига сабаб бўлади.
Тупроқ ифлосланиши қишлоқ хўжалик экинларига мейёридан ортиқ минерал ўғитлар берилиши ҳам сабаб бўлади. Бунда тупроқнинг ҳолати эътиборга олиниши лозим.
Бундан ташқари ёқилғи-сурков мойларини сақлаш ва ташишда ҳам ифлосланади. Бу моддалар тупроқнинг биологик активлигини пасайтиради. Нефт қазиш ва қидирув ишлари ҳам тупроқни ифлосланишига олиб келади, натижада тупроқ юзасида битум ҳосил бўлади, шунингдек бурғулаш ишларида фойдаланиладиган суюқликлар тупроқни шўрланишига олиб келади, бу эса шу ердаги ўсимликларни нобуд бўлишига сабаб бўлади.
Ҳаводан саноат чиқиндилари ҳисобланган турли хил чиқиндилар атмосфера ёғинлари билан тупроқга тушиб, унинг ҳусусиятларини ўзгартиради.
Тупроқ маиший хўжалик чиқиндилари билан ҳам ифлосланади. Бунга турли хилдаги аҳлатлар, политэлин плёнкалар ва бошқа хил қадоқлаш чиқиндилари тупроқни ифлослайди.
Ўзбекистон Республикасида «Ер ҳақидаги кодекс» 1998 йил жорий этилди. Бундан ташқари Ердан тўғри фойдаланиш, уни муҳофаза қилиш ва Ер ягона давлат мулки эканлиги қайд этилган, бир қанча қарорлар қабул қилинган.
Мамлакатимизда Ердан фойдаланиш, муҳофаза қилиш ва назорат қилиш масалалари билан Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Ерларни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси (Госкомзем) шуғулланади.
Ерларни муҳофаза қилиш қонуни бузилган тақдирда тартибга чақирилади, зарур топилганда ҳатто чора кўрилади.
Саволлар:
1. Тупроқ деб нимага айтилади?
2. Тупроқ таркибидаги организмларни айтинг?
3. Тупроқдаги тирик организмларнинг қандай аҳамияти бор?
4. Тупроқ қандай манбалардан ифлосланади?
5. Тупроқни муҳофаза қилиш учун қандай вазифаларни амалга ошириш керак?
Топшириқ:
«Ер ҳақидаги кодекс»ни ўрганиб чиқинг.
Назорат учун тест саволлари.
1. Табиатда тупроқнинг тутган ўрни?
а) моддалар айланишида иштирок этади.
б) ўсимликларнинг ўсишини таъминлайди.
в) ҳайвонлар учун бошпана.
г) микроорганизмлар ҳаёти учун зарур.
д) ҳаммаси тўғри.
2. Эрозия нима?
а) тупроқни шамолда учиб кетиши.
б) тупроқни сувдан ювилиб кетиши.
в) тупроқни сув ва шамол таъсирида емирилиши.
г) чорва моллари таъсирида емирилиши.
д) оғир транспорт таъсирида емирилиши.
3. Тупроқни ифлослантирувчи манбалар?
а) заҳарли кимёвий моддалар орқали.
б) маиший чиқиндилардан.
в) аэрозоллар ва пестицидлардан.
г) ҳар хил чиқиндилардан.
д) ҳаммаси тўғри.
4. Ерларни муҳофаза қилиш учун нима қилиш керак?
а) Ер қонунчилигига амал қилиб, ердан тўғри фойдаланиш.
б) Ерларни тўғри шудгорлаш.
в) Биологик усул билан зараркунандаларни йўқ қилиш.
г) Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш.
д) ҳаммаси тўғри.
5. Тупроқ таркибида асосий ўринни қандай организмлар тутади?
а) минерал моддалар, сув.
б) органик моддалар, сув.
в) микро ва макроорганизмлар.
г) турли кимёвий моддалар.
д) органик моддалар, ўғитлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |