4. Ҳаётий шакллари ҳақида тушунча
Ўсимлик ва ҳайвонларнинг ташқи муҳитнинг асосий омилларига нисбатан морфологик мосланишлари ва ҳаёт кечириш тарзи организмларнинг ҳаёт шакллари дейилади. Организмларнинг узоқ тарихий ривожланиш жараёнида улар яшаб турган ташқи муҳитга мос равишда ҳар хил морфологик ва биологик мосланиш хусусиятлари келиб чиққан. Бу ўз навбатида организмларда маълум ташқи қиёфани вужудга келтирган. Ўсимликларнинг ҳаёт шакли дейилганда маълум ташқи муҳит шароитида ўсимликлар гуруҳларининг ўсиш ва ривожланиш натижасида келиб чиқадиган умумий кўриниши (қиёфаси, габитуси) тушунилади. Ўсимликларнинг ҳаёт шаклига доир турли таснифлар ва схемалар мавжуд бўлиб, бундай таснифлаш Теофраст давридан бошланади. Теофраст барча ўсимликларни дарахт, бута, чала бута ва ўт ўсимликлар каби шаклларга ажратган.
5. Раункнер ва Серебряков бўйича ўсимликларнинг
эколого-морфологик таснифланиши
Даниялик ботаник К.Раункиер томонидан таклиф қилинган таснифлаш ўсимликларнинг янгиланиб турадиган органларининг, айниқса, куртакнинг жойлашишига ва уларнинг қишнинг ноқулай шароитида қишлашига ёки қурғоқчиликдан ҳимояланишига асосланади. Ана шу белгига асосан Ер юзидаги барча гулли ўсимликларнинг ҳаёт шакллари етти турга бўлиб ўрганилади.
1. Фанерофитлар (фанерос – яққол кўриниб турувчи) дарахт ва буталар ҳисобланиб, уларнинг қишлаб янгилагувчи куртаклари Ер юзидан анча баландда жойлашган ва қишда новдалари сақланиб қоладиган ўсимликлар.
2. Хамефитлар (хаме – паст, ер бағирловчи) майда бутачалар, чала бутачалар ҳисобланиб, уларнинг янгиланиш куртаклари Ер юзасидан анча баланд эмас, аммо тангачалар билан қопланган, қишда қор билан қопланади, новдалари сақланиб қолади.
3. Гемикриптофитлар (геми – ярми, криптос - яширин) кўп йиллик ўтсимон ўсимликлар ҳисобланиб, уларнинг ер устки массаси қишда қуриб кетади, янгиланувчи куртаклари Ер сатҳи билан баробар жойлашган ҳамда қуриган новдалар билан ҳимояланган бўлади.
4. Криптофитлар кўп йиллик ўт ўсимликлар ҳисобланиб, уларнинг ер устки органлари қишда бутунлай қурийди, янгиланувчи куртаклари эса ер ости органларида туганаклар, илдизпоялар ва пиёзбошларда сақланиб қолади.
5. Терофитлар бир йиллик ўсимликлар бўлиб, уларнинг ер устки ва ер остки органлари қишда қуриб қолади, фақат уруғларигина қишлаб чиқади.
6. Гелофитлар ботқоқлик ўсимликлари бўлиб, уларнинг куртаклари сув остида жойлашган, вегетатив органлари сувдан кўтарилиб туради.
7. Гидрофитлар гулли ўсимликлар бўлиб, куртаклари сув остида, вегетатив новдалари эса сувда жойлашган.
Do'stlaringiz bilan baham: |