Бозор иқтисодиётининг афзалликлари юқоридаги таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда уларнинг учтаси эътиборга лойиқдир. Булар:
Ресурсларни тақсимлашнинг самарадорлиги. Бозор тизими ресурсларни самарали тақсимлашга ёрдам беради. Унинг мазмуни шуки, рақобатли бозор тизими ресурсларни жамиятга энг зарур бўлган товарлар ва хизматлар ишлаб чиқаришга йўналтиради. У ишлаб чиқариш учун ресурсларни уйғунлаштиришнинг анча самарали усулларини ва ишлаб чиқаришга янги, анча самарали технологияни қўллашни тақозо этади. Қисқаси, бозор тизими шахсий манфаатни шундай тартибда бошқарадики, у жамият учун мавжуд ресрслардан зарур товарларни талаб даражасига мос миқдорда ишлаб чиқаришни таъминлайди.
Эркинлик. Бозор иқтисодиёти тизимининг муҳим афзалликларидан бири шундаки, у шахсий эркинлик ролига устуворлик беради. Кўплаб айрим шахслар ва корхоналар иқтисодий фаолиятини уйғунлаштириш ва ташкил қилиш бозор иқтисодиётининг асосий муаммолардан биридир. Бундай уйғунлаштиришни амалга оширишнинг икки усули мавжуд. Бири - марказдан бошқариш ва мажбур қилиш тадбирларини қўллаш; иккинчиси- бозор тизими воситаси орқали ихтиёрий ҳамкорлик. Фақат бозор тизими иқтисодий фаолиятни мажбур қилмасдан уйғунлаштиришга лаёқатлидир. Бозор иқтисодиёти тадбиркорлик ва танлаш эркинлигини намойиш қилади, хусусан шу асосда у муваффақиятга эришади.
Бозор иқтисодиётининг яна бир афзаллиги шундаки, бунда хар бир шахс, корхона, фирма ва корпорациялар тинимсиз ҳаракатда ва изланишда бўлишади. Чунки, хўжасизлик, сусткашлик, беғамлик ҳар қандай хўжалик тизимини хонавайрон қилишга олиб келади. Жисмоний ва юридик шахслар рақобатга бардош бериш, доимий равишда фойда олишни таъминлаш учун курашади. Натижада бозор иқтисодиёти миллион-миллион кишиларни ҳаракатга солади, уларни боқимандалик кайфиятидан қутқаради.
Бозор иқтисодиётининг зиддиятлари шундаки, бозор иқтисодиёти ўзининг бош назорат механизми – рақобатнинг кучсизланишига йўл қўяди ва ҳатто буни рағбатлантиради
Бозор иқтисодиётидаги эркин муҳитда тадбиркорлар фойда кетидан қувиб ва ўз иқтисодий мавқеини яхшилашга интилиб, рақобатнинг чекланган йўлидан озод бўлишга ҳаракат қиладилар. Фирмаларнинг қўшилиб кетиши, компанияларнинг хуфёна келишуви, шафқатсиз рақобат – буларнинг ҳаммаси рақобатнинг кучсизланиши ва унинг тартибга солувчилик таъсирининг пасайиб боришига олиб келади.
Бозор тизими рағбатлантирадиган техника тараққиёти ҳам рақобатнинг заифлашишига олиб келади. Энг яхши технология одатда: а) жуда катта миқдордаги реал капиталдан фойдаланишни; б) йирик бозорлар бўлишини; в) комплексли, марказлашган ва қатъиян бир бутун бўлиб бирлашган бозорнинг таркиб топиши; г) бой ва ишончли хом ашё манбаларини талаб қилади. Бундай технология бозорнинг ҳажмига нисбатан кенг миқёсдаги ҳисобланувчи ишлаб чиқарувчилар мавжуд бўлиши зарурлигини билдиради. Бошқача айтганда, энг янги технологияни қўллаш асосида ишлаб чиқаришнинг энг юқори самарадорлигига эришиш, кўпинча кўп миқдордаги майда фирмалар эмас, балки унча кўп бўлмаган йирик ишлаб чиқарувчилар мавжуд бўлишини тақозо этади.
Бозор иқтисодиётининг навбатдаги зиддияти жамият аъзолари даромадларидаги тенгсизликнинг кучайиб бориши ва аҳолининг табақаланиши билан боғлиқ. Бундай иқтисодиёт ҳар қандай юксак даражада ривожланмасин, даромадлар тенгсизлигини бартараф қила олмайди, фақат уни маълум даражада юмшатиши мумкин.
Бозор иқтисодиётининг умумий эътироф этилган камчиликларидан бири шундан иборатки, у ижтимоий истеъмол қилинадиган неъматлар ва хизматларни ишлаб чиқариб, бозорга таклиф қилишга қодир эмас. Шу сабабли жамият аъзоларини бундай неъматлар ва хизматлар билан таъминлаш давлат зиммасида бўлади.
Товарлар ҳажми билан пул массаси ўртасидаги рўй бериб турадиган номувофиқликни бартараф эта олмаслиги ҳам бозор иқтисодиётининг зиддияти ҳисобланади ва бу – пулнинг қадрсизланиши – инфляция билан бирга боради.
Фойдаланилган адабиётлар
Ўзбекистон Республикасининг Конститутцияси. Т.: Ўзбекистон, 2003.
Do'stlaringiz bilan baham: |