ХХ асрга келиб бозор иқтисодиётига ўтиш глобал, яъни умумжаҳон воқелигига айланди. Бозор иқтисодиётига ўтиш мураккаб жараён, шунинг учун у узоқ вақт давом этади. Ундан ташқари, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлиб, бозор иқтисодиётига ўтишнинг турли моделлари, йўналишлари асосида амалга ошади. Ҳар бир мамлакатнинг бозор иқтисодиётига ўтишининг ўзига хос йўли қуйидаги омилларга боғлиқ:
Географик ўрни;
Табиий ресурсларнинг мавжудлиги ва уларнинг заҳираси;
Тарихий тараққиёт даражаси;
Аҳолининг анъаналари ва урф-одатлари;
Ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиш даражаси; Жамиятнинг ижтимоий йўналиши.
Шу билан бирга бозор иқтисодиёти моделларининг умумий томонлари бўлиб, булар:
Бозор иқтисодиётининг турли-туман мулкчиликка асосланганлиги;
Товар ва хизматларга эркин нархлар устунлиги;
Рақобат курашига асосланиши;
Иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солишнинг маълум тизими мавжудлиги ва бошқалардан иборат.
Бозор иқтисодиёти барча мамалакатларда ўз хусусиятлари ва умумий томонларининг ўзига хос қоришмасидан иборат бўлиб, илмий иқтисодиётда ҳар ҳил модел (андоза) тарзида ифодаланади.
Бозор иқтисодиётига ўтиш моделларини тарихий нуқтаи назардан 3 гуруҳга бўлиш мумкин. Ана шундай гуруҳларга бўлишнинг асосий мезони қилиб:
Давлат дастурларининг мақсади, йўналиши;
Иқтисодиётни тартибга солиш усуллари;
Иқтисодиётда давлат секторининг улуши; Иш ҳақидаги фарқ кабилар олинади.
I. Ғарбий Европа мамлакатлари ва бошқа ривожланган мамлакатлар йўли. Бунда бозор иқтисодиётига эволюцион ўзгаришлар орқали ўтиб борилади. ХХ асрнинг 30-йилларига келиб, айниқса 50йиллардан бу жараён янада тезлашди. Бу моделни иқтисодчилар классик модел деб аташадилар. У бозор иқтисодиётига ўтаётган мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Чунки, классик моделда бозор иқтисодиётининг қонун-қоидалари, ҳаётийлиги синаб кўрилган. Классик моделнинг ўзи ҳам 3 га бўлинади:
Социал бозор иқтисодиёти модели кўпроқ фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш, узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқиш, аҳолининг ҳаддан зиёд табақаланишига йўл қўймаслик, давлат мулкининг улушининг бошқа моделларга қараганда кўплиги (25-30%) билан ажралиб туради. Бу модел Германия, Австрия, Скандинавия мамлакатларига хос.
Аралаш ёки эркин бозор иқтисодиёти моделида эса давлат тадбиркорликни ривожлантириш учун шароит яратиши, иқтисодиётни тартиблашда устун даражада тактик усуллардан фойдаланиш, иқтисодиётда давлат мулкининг ҳиссаси (10% атрофида) камлиги, аҳолининг табақаланиши, иш ҳақидаги фарқнинг катталиги билан ажралиб туради. Бу моделни қўллаган энг типик мамлакат сифатида АҚШ ни кўрсатиш мумкин.
Корпоратив иқтисодиёт модели давлатнинг йирик бизнес манфаатини ҳимоя қилиш, асосий устувор тармоқларни аниқлаб, уларнинг ривожланишига ёрдам бериш, давлат мулки ҳиссаси камлиги, лекин иш ҳақидаги фарқ ҳаддан ташқари катта эмаслиги билан фарқланади. Бу муҳим муваффақият билан Японияда ва унинг издошлари бўлган мамлакатларда қўлланган.
Мустамлакачиликдан озод бўлиб, мустақил тараққиёт йўлига ўтиб ривожланаётган Осиё, Африка ва Лотин Америка малакатлари йўли.
Бу йўл мустамлакчиликдан қолган қолоқ, анъанавий иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш йўлидир. Бунда бозор иқтисодиётига хос белгилар турли хўжаликлар: азалий натурал хўжалик, ривожланиш даражаси, бозор муносабатларига тортилиши жиҳатидан фарқ қилишига қарамай, трансформация (айлана бориши) орқали юз беради.
Ривожланаётган мамлакатларда бозор иқтисодиётига ўтиш: а) бозор инфраструктурасини яратиш; б) иқтисодиётни борқарорлаштириш; в) саноат тармоқларини (айниқса қайта ишловчи) вужудга келтириш орқали юз беради.
Бу мамлакатлар учун бозор иқтисодиётига кириб бориш мустақиллик гарови ҳисобланади. Сабаби бозор иқтисодиётига ўтиш ишлаб чиқаришнинг жадал ўсишига олиб келади.
Бозор иқтисодиётига ўтишнинг собиқ социалистик мамалакатлар йўли. Бу мамлактларда давлат мулки ҳукмрон мавқега эга бўлиб, иқтисодиёт давлат томонидан марказлшган тарзда тузилган режалар асосида бошқарилган. Яратилган маҳсулот ҳам давлат томонидан тақсимланган.
Тоталитар иқтисодиётнинг бозор билан умумийлиги йўқ, улар бир-бирига зид, табиатан ҳар хил. Шунинг учун ҳам бу моделда аҳолига бозор муносабатлари ғояларини сингдирмай, уларда янгича кўникма ҳосил этмай туриб, бозор иқтисодиётига ўтиб бўлмайди. Лекин бу тизимнинг афзаллиги шундаки, у ўзига хос йўллар билан кучли ишлаб чиқариш ва илмий-техникавий кадрлар потенциалини яратган. Уларга таянган ҳолда бозор иқтисодиётига ўтиш нисбатан енгил кечиши мумкин.
Бу тизимга кирган мамлакатларда хусусий мулк тамомила йўқотилган ёки қисман мавжуд. Тадбиркорликка интилиш, иқтисодий тараққиёт даражаси турлича; масалан, Польша, Венгрия, Германияда хусусий мулкчилик анча сақланган. Собиқ иттифоқда эса акинча, хусусий мулк тамомила йўқотилган. Буларнинг ҳаммаси албатта, бозор иқтисодиётига ўтишда ўз таъсирини ўтказади.
Бозор иқтисодиётига ўтиш учун ислоҳатлар икки йўл: а) бозор иқтисодиётига тезлик билан ўтиш; б) бозор иқтисодиётига босқичмабосқич ўтиш йўли билан амалга оирилади.
Собиқ ГДР (ГФР билан қўшилиб ягона давлат вужудга келиши туфайли), Польшада қисқа муддатда бозор иқтисодиётига ўтиш амалга оширилади.
Бошқа мамлакатларда ўз хусусиятларидан келиб чиқиб, бозор иқтисодиётига ўтиш амалга оширилиб, бу турли муддатларни талаб этади.
Умуман олганда ўзининг ёрқинлиги, самарадорлиги, эришган ютуқлари билан жаҳон иқтисодиёти тараққиёти тарихига кирган моделлар “Америка”, “Япония”, “Германия”, “Швеция”, “Жанубий Корея”, “Хитой” модели ва бошқалар ҳисобланади.
“АҚШ модели” либерал модел сифатида характерланади. Америкача андозанинг ўзига хос хусусияти унинг тадбиркорликни аҳоли орасида кенг ёйишга, оммавийликка эришишни таъминлашга асоланганлигидадир. У жамият аъзоларидан ҳар бирининг ишбилармонлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, иқтисодий фаолиятни, хусусий манфаатдорликни ошириш учун кенг шарт шароит яратишга қаратилган.
“Японча модел” – бу иккинчи жаҳон урушида вайронага айланган мамлакат аҳолисининг қаттиқ меҳнати ҳисобига, ҳокимиятни хар томонлама ва сўзсиз қўллаб-қувватлаши, ватанпарварлик туйғуси асосида яратилган. Япония ҳарбий харажатлардан воз кечгач, тинчлик мақсадида барча ресурсларни тўплаш ва ишлатиш ҳамда саноатда иқтисодий потенциални ўстириш имкони яратилди. Энг аввало, ишлаб чиқариш экспортга мўлжаллаб, мослаштириб валюта ишлаб топилди, унинг эвазига хорижий мамлакатлардан, айниқса Америка ва Ғарбий Европадан энг янги техника, технология, лицензия, потент, “ноу-хоу” сотиб олиниб, юқори меҳнат унумдорлигига эришилди, тадбиркорлик қўллаб қувватланди. Жаҳон бозорида хом ашё ва ёқилғининг арзонлашуви, нисбатан арзон иш кучи, катта ҳарбий харажатларнинг йўқлиги Япония экспортининг ортиб боришига олиб келди. Бу борада йирик компанияларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатда илмий техникавий тараққиётга алоҳида аҳамият берилиши катта роль ўйнайди.
Аҳолининг табақаланиши дастлаб кучайган бўлса, мақсадга эришилгач, уларнинг эҳтиёжманд қисмига давлат ва фирмалар ёрдами кучайтирилди ва натижада умумий фаровонликка эришилди.
“Шведча модел” – унинг бошқа моделлардан фарқ қилувчи хусусияти ижтимоий йўналтирилганлиги, мулкдаги нотенгликни қисқартиришга қаратилганлигидир. Аҳолининг кам таъминланган қатлами ҳимоя қилинади. Ишсизликни камайтириш чора-тдбирлари кўрилади. Бу андозанинг шаклланишида Швециянинг тарихан иқтисодий жиҳатдан юксак ривожланганлиги ва меҳнаткашлар касаба ташкилотларининг жамиятда, айниқса ишлаб чиқаришда катта ўрин тутиши алоҳида аҳамиятга эга бўлади.
“Немисча модел” – бу модел ижтимоий йўналтирилганлиги билан ажралиб туради. Ижтимоий бозор иқтисодиётининг бош ғояси Людовиг Эрхордга (1897-1977) тегишли. У 1949-1963 йиллар давомида ГФР иқтисодиёт вазири, 1963-1966 йилларда эса федерал канцлер бўлиб ишлаган.
Дастлаб, Эрхорд индустриаллаштириш режасини ишлаб чиқди. Унда саноат маҳсулотини 1936 йилга нисбатан 65%, 1938 йилга нисбатан эса 50-55% га кўпайтириш режалаштирилган. Бундан ташқари пул ислоҳоти, нарх-наво ислоҳоти ўтказиш, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини белгилаб, қай даражада аралашуви кўрсатилган.
Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти концепцияси мазмунан фақат иқтисодиётга тегишлигина эмас, унда балки инсоннинг эркинлиги масалалари ҳам илгари сурилган.
“Жанубий Корея модели” - бу модел шуниси билан қизиқарлики, у Жанубий Кореяни қисқа муддат ичида қолоқ мамлакатлар сафидан ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқди. 1962 йили иқтисодий ислоҳотлар бошланаётган пайтда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 82 долларга тенг бўлган бўлса, 1996 йилга келиб 10,6 минг долларга етди.
Марказлаштирилган тарзда узоқ ва ўрта муддатли режалар, мақсадли дастурлар тузиш, уларда ишлаб чиқариш топшириқлари ҳамда бажариш муддатларининг белгиланиши, хўжалик юритишда бозор услубларини қўшиб олиб бериш Жанубий Кореяга қисқа муддатларда ривожланган мамлакатлар сафига қўшилиб, жаҳон цивилизациясида ўзига хос муносиб ўринни эгаллаш имконини беради.
“Хитой модели” – иқтисодиётни қайта қуриш қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишдан бошланди. Қишлоқ хўжалигида халқ коммуналлари асосий хўжалик юритувчи субъект бўлиб, давлат пудрат тизими барпо қилинди. Бу иш 1984 йил охирига келиб якунланди. Оилавий пудрат деҳқон хўжалигини бир оила аъзолари ташкил этиб, фойдаланиш учун ер 15-20, баъзи жойларда 30 йилга берилган. Ерга оила ёки бир неча оила қўлидаги ўзи эгалик қилаётган техника, асбоб-ускуна ва бошқалар ёрдамида ишлов берилади. Деҳқонлар ишлаб чиқарган маҳсулотларининг бир қисмини давлатга шартнома асосида топширадилар, бир қисмини солиқ ўрнида, яна бир қисмини маҳаллий фондга, қолгани ўз ихтиёрига кўра юқори нархда давлатга ёки бозорда сотишлари мумкин эди.
Шундай қилиб, бозор иқтисодиётига ўтишда ҳар бир мамлактнинг бошқа мамлакатлар билан ўхшашлик томонларига қараб, уларни бозор иқтисодиётига ўтишнинг у ёки бу гуруҳига киритиш мумкин. Шу билан бирга хар бир мамлакат ўзига хос хусусиятлар билан бошқалардан фарқ қилар экан, ҳақли равишда ҳар бир мамлакат бозор иқтисодиётига ўтишда ўз йўлига эга, у ўз моделини яратади деб айта оламиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |