Йиғма темирбетон конструкцияларини тайёрлаш усуллари
Бетон конструкциялари ва буюмларни стенд усулида тайёрлашда бетон қоришмасини қолиплаш, қотириш ва буюмни пардозлаш каби ишлар бир жойда, яъни стендда бажарилади. Юқоридаги жараёнлар бир стенддан иккинчисига ўтиш орқали кетма-кет бажарилади.
Стенд технологияси катта узунликдаги ва оғир буюмларни тайёрлашда, шунингдек, оқим-агрегат усули билан тайёрлаш мумкин бўлмаган конструкцияларни ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Конвейер усулининг технологик схемаси доира ва тўғри чизиқли (масалан, буюмларни прокат қилишда) бўлиши мумкин. Доира схемаси бўйича буюмларни тайёрлаш жараёни кетма-кет жойлашган бир неча ишчи ўринларидан иборат бўлиб, ишлаб чиқариш эса механизациялашган ва қисман автоматлашган. Бунда буюм қолипи конвейер усулида тайёрланиб ишчи ўринларининг ҳар бирида турли муддатда ушлаб турилади. Конвейер усулининг технологик схемаси 5-расмда кўрсатилган.
Темир-бетон буюмларни ишлаб чиқаришда оқим-агрегат усулининг бошқа усуллардан фарқи шундаки, бунда буюмни тайёрлашдаги айрим ишлар (қолипни мойлаш, арматурани ўрнатиш, бетон қоришмасини жойлаш ва уни зичлаш каби ишлар) турли жойда жойлашган ишчи ўринларида бажарилади. Оқим-агрегат усулини ҳар хил ўлчамдаги темир-бетон буюмларини тайёрлашда қўлланиши мақсадга мувофиқ.
Прокат ва кассета усулларида панеллар тайёрлаш. Катта ўлчамли темир-бетон буюмларини тебратма-прокат стани ва кассета-қолипларда тайёрлаш технологиясини биринчи бўлиб инженер Н.Я.Козлов ихтиро этди. Бу технология йиғма темир-бетон конструкцияларнинг кўплаб қўлланишига, биноларни панеллардан қуришнинг ривожланишига сабаб бўлди.
5-расм. Конвейер усулининг технологик схемаси: 1-қолипни тозалаш; 2- қолипни мойлаш; 3-арматура цехи; 4- арматура синчини ўрнатиш; 5-қолип деворларини маҳкамлаш; 6-арматурани таранглаш; 7-қўшимча арматура қисмлар; 8- қўшимча арматура қисмларни қолипга ўрнатиш; 9-бетон қоришма тайёрловчи цех; 10- бетон қоришмани жойлаш; 11-бетон қоришмани зичлаш; 12- аравача; 13- кўтаргич; 14- қотириш хонаси; 15- совитиш; 16- аравача; 17- буюмларни жойлаш; 18-техник текшириш бўлими; 19-тайёр буюмлар омбори.
Кўпгина заводларда панелларни кассета-қолипларда тайёрлаш усули кенг тарқалган. Бу усул бўйича буюм тайёрланганда, қоришма тик ва ўзаро параллел ўрнатилган пўлат кассета-қолипларга қуйилади. Пўлат тахталар буюм қалинлигидаги масофада ўрнатилиб, қўзғалмаслиги учун уларни улама темир ва тортиб маҳкамловчи болтлар билан боғлаб қўйилади (7-расм).
7-расм. Темир-бетон панеллар тайёрланадиган универсал кассета.
Кассета-қолипларида деворбоп ва ёпма панеллардан ташқари зинапоялар, зинапоя супачалари каби буюмлар тайёрлаш мумкин. Бундай қолип ўнта пўлат тахтадан иборат бўлиб, бир йўла ўнтагача панел тайёрлашга имкон беради. Касета-қолипларга қоришма қуйишдан олдин, унинг деворлари тозаланади ва мойланади, арматура синчлари ўрнатилади, сўнгра пўлат тахта деворлар бир-бирига яқинлаштирилади. Ҳар бир кассета-қолип орасида оралиқ қолдирилган ҳолатда болтлар билан сиқилади, сўнг бетон қоришма қуйилади. Шу вақгда кассета-қолиплар оралиғига 120-130°С ҳароратдаги буғ юборилади. Бетон қоришма кассета-қолиплар деворларига маҳкамланган тебранма моторлар билан зичланади. Қолиплар орасига юборилган буғ қисқа муддат ичида панелларни бутун сирти бўйлаб бир текис иситади. Бетон 100°С ҳароратга етганда буғ тўхтатилади ва 4-5 соат ўтгандан кейин пўлат тахталар бирин-кетин сурилиб, буюм қолипдан ажратиб олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |