Тез қотувчан портландцемент. Саноатнинг тез ривожланиши туфайли қурилиш талабини тўла қондириш учун заводлар олдига тайёр бетон элементларини кўплаб ишлаб чиқариш вазифаси қўйилади. Бу эса ўз навбатида портландцементни жуда майда қилйб туйиш ва таркибидаги фаол минералларни купайтириш йўли билан олинади, шунингдек, портландцементдан 1–3 кун ичида мустаҳкамланиши билан фарқ қилади. Бундай цемент ишлатилганда йиғма конструкциялар ишлаб чиқаришнинг технологик жараёни анча қисқаради ва корхонанинг ишлаб чиқариш унуми ўсади.
Бир-икки кун ичида очиқ жойда мустаҳкамлиги етарли даражада ортадиган боғловчи модда тез қотувчан цемент дейилади. Унинг бир кундан кейинги сиқилишга мустаҳкамлиги 20 МПа бўлса, уч кундан кейингиси 30 МПа гача кўтарилади. Бундай цемент конструкция ёки буюмларни тез тайёрлаш лозим бўлганда, шунингдек, буғлаш учун шароит бўлмаган жойларда ишлатилади. Тез қотувчан цементни олиш учун таркибида 50–60 %гача уч кальцийли силикат (С3S), 8–14 %гача уч кальцийли алюминат (С5А) билан тўрт кальцийли алюмоферит (С3АҒ) ҳамда 8 %гача қурилиш гипси қўшилган цемент клинкер ишлатилади. Қўшиладиган қурилиш гипси оптимал миқдордан ошмаслиги керак, акс ҳолда буюм ёки конструкцияда дарзлар ҳосил бўлиши мумкин.
Цементнинг тез қотувчанлиги, биринчидан, унинг минералогик таркибига боғлиқ бўлса, иккинчидан клинкернинг майдаланиш даражасига боғлиқ. Клинкер қанчалик майда қилиб туйилса, олинган цемент шунча тез қотувчан бўлади. Шу сабабли тез қотувчан цемент олишда унинг майдалик даражасини ифодаловчи солиштирма юзасини 350–450 м2/кг. гача етказиш керак (портландцементнинг солиштирма юзаси 250–300 м2/кг. га тенг). Цемент заррачаси қанчалик кичик бўлса, унинг эриш ва гидратацияланиш жараёни шунчалик тезлашади.
Пластификацияланган ва гидрофоб портландцементлар клинкер дементини пластиклайдиган ёки гидрофоб (сувини ўзидан қочирувчи) қўшилма билан биргаликда майда қилиб туйишдан ҳосил бўладиган гидравлик боғловчи моддалардир.
Пластиклайдиган ва гидрофоб қўшилмалар цемент оғирлигининг (қуруқ моддага нисбатан) 0,1–0,25 % микдорича қўшилади. Пластиклайдиган сирти фаол қўшилмалар сифатида давлат стандартлари талабларига кўра сульфит спирт бардасининг концентрати ишлатилади. Цемент заррачаларининг устида гидрофоб моддаларнинг адсорбцион пардалари борлиги бетон қоришмасининг бевақт ёпишиб қолишига (коагуляция) тўсқинлик қилади, шунингдек, цемент заррачаларининг ва тўлдиргичларнинг қатлам-қатлам бўлиб чўкишини камайтиради ҳамда қоришмадан сувнинг ажралиб чиқишини камайтиради, яъни сув, шағал, қум ва цемент қоришмасининг алоҳида-алоҳида қатламланишига йўл қўймайди. Пластикланган цементдан тайёрланган бетон зич, совуққа чидамли ва кам сув ўтказувчан бўлади. Улар ишлатилганда 10 %гача цемент тежалади. Пластикланган цемент 300, 400, 500 ва 600 маркаларда чиқарилади.
1-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |