Умумий маълумотлар
Таркибида асосий ташкил қилувчи сифатида юқори молекуляр органик моддалар (полимерлар) ишлатилган ашёлар полимерлар деб аталади. Ишлов бериш жараёнида керакли бўлган ёки талаб қилинган шаклни қабул қилиш ва таъсир қилган ташқи куч олингандан кейин ҳам ўша шаклни сақлаб қолиш қобилиятига эга бўлганлиги сабабли полимерлар пластик массалар ҳам дейилади.
Қурилишда ишлатиладиган пластик массалар мураккаб композиция бўлиб, полимер боғловчи, тўлдиргич, барқарорловчи, суюлтирувчи, қотиргич ва бошқа компонентлардан ташкил топган.
Тўлдиргичлар полимерларнинг сарфини камайтирибгина қолмасдан, пластмассаларнинг нархини ҳам арзонлаштиради. Бундан ташқари, улар полимер боғловчи тузилишини тартибга солиб пластмассаларнинг қатор техникавий хоссаларини: мустаҳкамлигини, қаттиқлигини, чўкишга қаршилик кўрсатувчанлигини, чўзилувчанлигини ва бошқаларни яхшилашлари мумкин. Махсус қўшимчалар бўлмиш суюлтирувчиларнинг киритилиши полимерли композицияларга ишлов бериш шароитларини яхшилашга имконият яратиб, мўртлигини пасайтиради ва деформацияланишини оширади. Барқарорлаштирувчи қўшимчалар пластмассаларнинг узоқ муддатгача чидамли бўлишини ва ишлатиш жараёнларида хоссаларининг бир меъёрда сақланишини таъминлайди. Қотиргичлар, полимерларнинг қотиш жараёнини тезлаштиради, фазовий тузилишни ҳосил қилади. Рангли пластмассаларни олиш учун пигментлардан фойдаланадилар. Полимер ашёларнинг ёнғинга қарши турғунлигини антипиренлар оширади. Ғовак пластмассалар ғоваклик ҳосил қилувчи қўшимчалар ёрдамида олинади.
Полимерли қурилиш ашёлар ҳар хил хусусиятларга эга бўлиши билан бирга уларда ўзига хос қатор хоссалар мавжуд. Шу хоссаларни билган ҳолда самарали ишлатиш жойларини белгилаш лозим. Зичлигининг пастлиги ва нисбатан юқори мустаҳкамлик кўрсатгичлари пластмассалардан самарадор қурилмаларни ясаш имкониятини беради. Пластмассалар электр ва иссиқни ёмон ўтказади, шунинг учун ҳам улар яхши иссиқ ўтказмайдиган ва диэлектрик ашёлардан бўлиб ҳисобланади. Кўпчилик ҳолларда полимерли ашёлар кислоталар, ишқорлар ва бошқа турдаги кимёвий реагентларга қарши турғунликка эга. Буларнинг юзаларини қўшимча ҳимоялаш талаб қилинмайди ва турли хил рангдаги тусда чиройли қилиб бўялишлари мумкин. Кўп турли пластик массалар ўзидан сувни ўтказмайди. Шунинг учун уларни бино ва иншоотларни гидроизоляциялашда, том қопламаларида, қувурлар ясашда кенг кўламда қўллаш мумкин. Таркибида тўлдиргич ва пигментлар бўлмаса ашё тиниқ ва ўта кўринадиган бўлади. Бундай ашёлар иссиқхоналар ва даволаш биноларини деразаларида ишлатилади. Полимерли ашёларнинг ишқалануванлиги паст бўлганлиги сабабли полларни қоплашда кенг қўлланилади.
Пластмассалар юқори технологик хоссаларга эга, яъни турли технологик усуллар ёрдамида хилма-хил қурилиш буюмларини қолиплаш мумкин ва бу жараёнлар механизациялаштирилиши ва автоматлаштирилиши мумкин. Уларга механикавий ишлов бериш енгил, елимлаб ёпиштириш ва пайвандлаш мумкин.
Полимерли ашёлар ва буюмларни ишлатишда уларнинг ўзига хос камчиликларини эътиборга олиш керак, қайсики уларнинг иссиқга паст турғунлиги, юқори чизиқли кенгайиш коэффициентига эга бўлиши, юқори миқдордаги чўзилувчанлиги, олов таъсирида ўт олиш хусусияти ёки олов таъсири остида таркибининг бузилиши кабиларни киритиш мумкин. Айрим пластик массалар атроф-муҳитга зарарли моддаларни ажратиб чиқаради. Бу ҳодисалар кўпинча полимерларни ҳосил қилиш жараёнларининг охиригача етказилмаганлигидан, улар таркибига кирадиган компонентларнинг бадбўйлигидан келиб чиқади. Атроф муҳитдаги турли факторларнинг ва айниқса қуёш нурларининг, ҳаводаги кислород ва иссиқ ҳароратнинг таъсири ашёларнинг тузилишини у ёки бу миқдоргача бузилишига олиб келади ва шулар сабабли полимер ашё ва буюмларнинг физикавий ва механикавий хоссалари ёмонлашади, қарийди.
Пластмассаларнинг барча турлари ишлатилиш соҳаларига қараб қуйидаги асосий гуруҳларга бўлинади: юк кўтарувчи ва тўсиқ қурилмалар ашёлари, полларга ётқизиладиган ва деворларни безаш ашёлари, гидроизоляцияловчи ва гермитизацияловчи, иссиқ ва товушдан изоляцияловчи ашёлар, қувур ашёлари ва санитар-техник буюмлар, лаклар, буёқлар ва елимлар.
Мўътадил ҳароратдаги физикавий ҳолатига ва эластиклик хоссаларига кўра пластмассалар қаттиқ (салқилик модули Е> 1ГПа); ярим қаттиқ (Е>О4ГПа), мулойим (Е=0,02-0,1ГПа) ва эластик (Е<0,02ГПа) турларга бўлишади. Қаттиқ пластмассаларга фено-ва аминопластлар, қаттиқларга-плиамидлар ва полипропилен; мулойимларга- поливинилацетат ва полиэтилен мисол бўлади. Эластик пластмассаларга турли хил каучуклар киради.
Полимерли ашёлар эффектив қурилиш ашёлари қаторига киради. Улар қурилмаларни енгиллаштириб қурилиш ишларини индустриал услубда олиб борилишини кенг тадбиқ қилиниши, меъморчилик имкониятларини кенгайтирилиши, интеръерларнинг қиёфаларини ўзгартириши, меҳнат ҳаражатларини камайтирилиши имкониятларини яратади. Полимер ашёлар эскидан анъанали бўлиб, ишлатилиб келинаётган кўпгина ашёларга нисбатан юқори физикавий-механикавий хоссаларга эга, ишлаб чиқариш учун капитал маблағни 2-4 баробар кам талаб қилади. Пластмассанинг ҳар 1 тоннаси халқ хўжалигида 5,6 т пўлатни, 3,4 т рангли металларни, катта миқдордаги капитал маблағ ва меҳнат ҳаражатларини тежашга имконият яратади.
Полимерлар деб (юнонча сўздан олинган бўлиб, «поли»-кўп, «мерос»-қисм, бўлак) юқори молекулали бирикмаларга айтилади.
Чизиқли ёки тармоқли тузилишли полимерлар (полиэтилен, поливинилхлорид, полистирол ва бошқалар) иссиганда юмшаб мулойимлашиш, совиганда эса қотиш хусусиятига (термопластлар) эгадирлар.
Фазовий тузилишли полимерлар (фенолфармальдегид, карбамид, полиэфирлар ва бошқалар) термореактив ҳисобиланиб, улар иситилганда эримайдиган ва қориштиришдан кейин эримайдиган маҳсулотга айланиб қайта қолипланиш хусусиятига (термореактопластлар) эга бўлмайдилар.
Полимерлар суюқ ва қуюқ ҳолатларда сақланиши мумкин. Қаттиқ полимерлар учун аморфли ёки кристалли тузилиш хосдир.
Синтетик полимерлар асосан икки усул билан олинади:
Полимеризациялаш
Поликонденсациялаш.
Полимерларни олиш учун аоссий хом ашё бўлиб нефтли углеводородлар, тошкўмирни газлаштириш ва кокслаштириш жараёнида ҳосил бўлган маҳсулотлар ҳисобланади.
Қурилишда кенг ишлатиладиган пластмассаларни тайёрлаш учун энг кўп қўлланиладиган полимеризацион полимерларга полиэтилен, полипропилен, полиизобутилен, полистирол, полиакрилатлар ва поливинилацетат киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |