Экстремизм дин ниқобида сиёсий мақсадлар ва манфаатларга бўлган уриниш эканлиги. Экстремизмнинг турли хил кўринишлари ва мақсадлари.
Шу билан бирга, аниқ-равшанки, жаҳон жамоатчилиги бу жараёнларга жуда катта қизиқиш билан қарабгина қолмаяпти. Унинг диний экстремизм ва фундаментализм каби кескин ҳодисалар муносабати билан безовталанаётгани, баъзан эса ҳатто хавфсираётгани ҳам кўзга ташланмоқда. Афсуски, ҳозирги замон тарихида ана шу ўта кескин кўринишлар жиддий можароларни, зиддиятларни келтириб чиқариши, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкинлиги инсониятни чўчитяпти. Шундан дарак берувчи фикрлар анча-мунча тўпланиб қолган. Ўзбекистоннинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги нуқтаи назаридан қараганда, бу ҳодисалар бизда ҳам жиддий ташвиш туғдирмоқда.
Диний экстремизм ва фундаментализм бизнинг минтақамиз учун туғдириши мумкин бўлган хавф-хатарларни бевосита таҳлил қилишга киришишдан олдин эътиборни одамларнинг диний эътикодлари билан боғлик ҳар қандай муаммо ғоят нозик эканлигига, уларнинг диннинг маънавий қадриятлари билан шиорлардан, хусусан, исломни қайта тиклаш шиоридан фойдаланаётган муайян кучлар кўзлаётган, динга алоқаси бўлмаган сиёсий ва бошқа тажовузкор мақсадлар ўртасидаги фарқни тушуниб олишларига эришиш зарур.
Дин, шу жумладан ислом дини ҳам минг йиллар давомида барқарор мавжуд бўлиб келганлигининг ўзиёк у инсон табиатида чуқур илдиз отганлигидан, унинг ўзига хос бўлган бир қанча вазифаларни адо этишидан далолат беради. Энг аввало, жамият, гуруҳ, алоҳида шахс маънавий ҳаётинипг муайян соҳаси бўлган дин умуминсоний ахлоқ меъёрларини ўзига сингдириб олган, уларни жонлантирган, ҳамма учун мажбурий хулқ-атвор қоидаларига айлантирган. Маданиятга катта таъсир кўрсатган. Инсоннинг одамлар билан баҳамжиҳат яшашига кўмаклашган ва кўмаклашмоқда.
Бинобарин, дин одамларда ишонч ҳиссини мустаҳкамлаган. Уларни поклаб, юксалтирган. Ҳаёт синовлари, муаммо ва қийинчиликларни енгиб ўтишларида куч бағишлаган. Умуминсоний ва маънавий қадриятларни cақлаб қолиш ҳамда авлоддан авлодга етказишга ёрдам бериб келган. Баъзи вақтларда эса бунинг бирдан-бир чораси бўлган. Бундай хулосалар чиқаришга, ота-боболаримизнинг дини бўлмиш ислом дини мисолида айтиш учун ҳамма асосларга эгамиз. Шунинг учун ҳам дин инсоннинг ишончли ҳамрохи, одамзот ҳаётининг бир қисми бўлиб келмоқда.
Диннинг юксак ролини эътироф этиш билан бирга, диний дунёқараш тафаккурнинг, инсоннинг ўзини ўраб турган дунёга, ўзи каби одамларга муносабатининг ягона усули бўлмаганлигини ҳам таъкидлаш зарур. Дунёвий фикр, дунёвий турмуш тарзи ҳам у билан ёнма-ён ва у билан тенг яшаш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда ривожланиб келган.
Ҳаётнинг мазмунини тушунишга турлича ёндашишларнинг (афсуски, улар ҳамма вақт хам тинч ва осойишта кечавермаган) ёнма-ён мавжуд бўлиши, эҳтимол, инсоният дунёсининг, маънавий ҳаётининг бойлиги ва хилма-хиллигини таъминлаб берган ҳамда унинг ривожланишини рағбатлантириб тургандир. Зеро, фақат бир хил фикр юритувчи одамлардан таркиб топган жамият ўз ранг-баранглигини ва жозибасини йўқотган бўлур эди.
Иисоннинг, шахснинг қадр-қимматини, устувор қадрият сифатида эътироф этувчи ҳозирги дунёда, мазкур зиддият инсоннинг эркин фикрлаш, хоҳлаган динига эътикод қилиш эркига ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик эркига бўлган ҳуқуқини тан олишга айланди. Одам табиий омилларга кўра ўзи мансуб бўладиган ирқ ва элатни танлай олмайди. Ота-онани танлаб ололмайди. Лекин дунёқарашини, ахлоқи, маънавиятини ўзи, ҳеч кимнинг тазйиқисиз ва, айникса, зўравонлигисиз танлаб олиши мумкин ва лозим. Бинобарин, унинг хоҳиши хурмат қилиниши шарт.
Жамият ҳаётининг бир қисми бўлган дин ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари билан муқаррар равишда муносабатда бўлган. Уларга таъсир кўрсатган ва ўзи ҳам бошқа соҳаларнинг таъсирига дуч келган. Ҳозир мавжуд бўлиб турган диний тартибларнинг кўпчилиги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий бурилишлар, тангликлар даврида шаклланганлиги бежиз эмас. Шу тариқа дин инсоният тарихининг турли даврларида сиёсат билан озми-кўпми очиқ-ойдин муносабатга киришган. Кўпинча ундан сиёсий ва баъзан бир тарафлама, тор мақсадларда фойдаланиб келинган.
Афсуски, инсоният тарихида диний онгнинг ажралмас қисми бўлган одамлардаги эътиқоддан фақат бунёдкор куч сифатида эмас, балки вайрон қилувчи куч, ҳатто фанатизм (ўта кетган мутаассиблик) сифатида фойдаланилганлигини кўрсатувчи мисоллар кўп. Фанатизмнинг ўзига хос хусусияти ва кўринишлари авваламбор ўз динининг хақиқийлигига ўга қаттиқ ишониш, бошқа диний эътикодларга муросасиз муносабатда бўлишдан иборатдир.
Айнан фанатизм иллатига йўлиққан одамлар ёки уларнипг гуруҳлари жамиятда беқарорлик тўлқинини келтириб чиқаришга қодир бўладилар. Устига-устак, оммавийлик унсури муайян бир хатти-ҳаракатлар учун шахсий жавобгарлик ҳиссини йўқотиб юборади, ҳаракатга “омма, халк ҳаракати” тусини беради. Ўзининг шак-шубҳасиз ҳақлигига, ҳақиқатни фақат ўзи билишига ишонч ҳисси сўнгги чораларга — зўравонлик ҳаракатларига мойиллиги билан ажралиб турадиган диний экстремизмнинг пайдо бўлишига замин яратади. Бунда муайян шахс ҳам, бошқа динга мансуб ижтимоий гуруҳ ҳам ёки шу диннинг ўз вакиллари томонидан рад этилаётган мазҳабга мансуб вакиллар ҳам таъсир кўрсатиш объекти сифатида танлаб олиниши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |